Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига кўра, муаллиф асардан ҳар қандай шакилда ва ҳар қандай усулда фойдланишда мутлоқ ҳуқуқларга эга. Юридик ва жисмоний шахслар, қонунда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Қонуннинг 61-моддасига мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.
Афсуски, ушбу қонунчилик талаблари самарқанддаги айрим таълим муассасалари томонидан қўпол равишда бузилмоқда. Йўқса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг меросхўри, яъни ўғли Ф.Ҳошимов Самарқанд вилоят адлия бошқармасига бузилган ҳуқуқлари юзасидан мурожаат қилмаган бўларди.
Мурожаатда қайд қилинишича, САМИСИ масъул ходими И.Н. томонидан институтнинг интернет тармоғидаги расмий сайтига Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” номли китобининг нусхаси ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз жойлаштирилган.
Мурожаатни кўриб чиқиш давомида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур олийгоҳ масъуллари “Икки эшик ораси” номли китобдан улар ўртасида ҳеч қандай келишув амалга оширилмасдан ноқонуний фойдаланилганлиги ўз тасдиғини топган. Маълум бўлишича, институт сайтидан ушбу китобнинг электрон нусхаси сайт фойдаланувчилари томонидан 10 449 маротаба юклаб олинган.
Фуқаро мазкур ҳаракатлари билан муаллифлик ҳуқуқларини бузган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177 (1), 280-моддаларини қўллаб, интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этгани учун фуқаро И.Н. маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Хошимов қаламига мансуб ушбу китоб институт сайтидан олиб ташланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги ПФ–89-сон фармони билан Адлия вазирлигига интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.