“Илмнинг асл мақсади одамларга наф беришдир”

    Биз, олимлар бирор янги ишланма устида изланар эканмиз, аввало, унинг одамларга етадиган нафи ва узоқ йиллар келажакка нечоғлиқ фойдаси тегиши ҳақида ўйлаймиз.

    Тошкент тиббиёт академияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида тан олинади. Бир асрдан зиёд вақт мобайнида катта илмий салоҳиятни ўзида шакллантира олган академия бугун тиббиётнинг кўплаб соҳасига оид фундаментал тадқиқотлар билан илм-фан интеграциясини кучайтиришда фаол иштирок этяпти. Янги давр тиббиёт кадрларини тайёрлашда сифат босқичини янги поғоналарга олиб чиқмоқда.

    Бу йўлда чорак асрдан зиёд вақтини сарфлаган олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Турдиқул Бобомуродовнинг фаолияти диққатга сазовор. Эл орасида малакали педиатр шифокор сифатида танилган педагогнинг билими, бой тажрибаси, мисқоллаб йиққан катта ҳаётий сабоқлари ва чуқур анатомик илмининг асл моҳиятини қисқа суҳбатда очиб беришга ҳаракат қилдик.

    — Кузатишларим асосида бир савол бермоқчиман. Айтинг-чи, илм-фан ва технологиялар кун сайин тараққий этаётган даврда илм учун яратиладиган шароит қанчалик муҳим? Умуман, жамият ҳаётига татбиқ этилаётган янги ишланмалар аслида кимнинг ютуғи: олимларнингми ёки одамларнинг?

    — Илмий ишлар ва одамлар ҳаётининг умумий боғлиқлиги ҳақида гапирдингиз. Аслида илмнинг, янги кашфиётнинг, яратувчанликнинг асл моҳияти, мақсади одамларга наф беришга қаратилган. Ҳар бир янгилик, энг аввало, инсон ҳаётига оз бўлса-да ўзгариш, енгиллик олиб кириши керак. Тиббиёт илми қўшилган илмий ишланмалар, шубҳасиз, икки карра кўп масъулият талаб этади. Биз, олимлар бирор янги ишланма устида изланар эканмиз, аввало, унинг одамларга етадиган нафи ва узоқ йиллар келажакка нечоғлиқ фойдаси тегиши ҳақида ўйлаймиз. Шу маънода илмий ишланмаларим ва узоқ йиллик тадқиқотларимни бир неча йўналишга бўлиб чиққанман.

    Биринчи йўналишда илмий изланишларни, энг аввало, нафас органларининг ўткир касалликлари, яъни ўткир зотилжам ва ўткир бронхит касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, унга мойиллик туғдирувчи омиллар, касалликларнинг ривожланиш механизмлари, кечиши, асорати ва уларнинг олдини олиш, даволашни такомиллаштириш, самарали усулларни ишлаб чиқишга қаратдик.

    Ўткир певмония касаллигида ҳужайра мембранасининг структур ҳамда функционал ҳолати, липидлар алмашинуви, унинг энг муҳим таркибий қисми фосфолипидлар, тўйинган ва тўйинмаган ёғ кислоталари, уларнинг қон ивиш тизими билан боғлиқлигининг клиник ҳамда патогенетик аҳамияти ўрганиб, ушбу касалликни даволашда самарадор усулларни яратдик.

    Ушбу соҳадаги изланишларнинг иккинчи қисми сифатида ўткир бронх-ўпка касаллигини даволаш самарадорлигини оширишда янги технологиялар қўлланди. Инсон организмидаги биокимёвий жараёнлар, фотокимёвий реакцияларни бошқарадиган тор спектрли инфрақизил нурлар ҳамда энг самарадор усуллардан бири бўлган регионал лимфатик терапия афзалликлари, клиник ва иқтисодий самарадорлиги, беморларга юбориладиган антибиотик ва бошқа дорилар миқдори, иньекциялар сонини 3-5 мартага камайтириш орқали беморларга дориларнинг токсик ва салбий оқибатини камайтириб, шифохонада бўлиш вақтини 5-6 кунга қисқартиришга эришдик. Илмий ишлар натижасида ўткир бронх-ўпка касаллигини даволаш усули бўйича ихтиро учун патент олдик.

    Иккинчи йўналиш доирасида сурункали носпецифик бронх-ўпка касалликларида болалар жисмоний ва жинсий ривожланишининг клиник патогенетик аҳамияти ўрганилди. Ушбу касалликларда ўпкадан ташқари экстрапулмонал асоратларга шифокорлар етарли аҳамият бермаётгани, бемор болалар ногирон бўлиб қолиши, тез-тез хуруж қилиши, касаллик асоратланиши, сурункали гипоксия натижасида остеопеник синдром, остеопороз ривожланиши, ўсмирларнинг тенгдошига нисбатан жисмоний ва жинсий жиҳатдан орқада қолиши, иммунитет ва гемостаз тизимлари, қалқонсимон ва буйрак усти бези фаолияти бузилиши аниқланди. Уни самарадор даволаш ва иккиламчи профилактика усуллари ишлаб чиқилди, беморнинг касалликдан эртароқ тузалиши, хуружларнинг камайиши, болаларнинг жисмоний ривожланиши тезлашувига эришилган.

    Учинчи йўналиш — оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда микронутриентлар танқислигини инобатга олган ҳолда коррекция ва профилактиканинг янги тиббий-ижтимоий усулларини ишлаб чиқиш. Бир ёшдан катта болаларга нутрицион кўмак бериш ҳамда рационал овқатланишини, улар орасида микроэлементлар танқислигини баҳолаш мақсадида она ва боланинг нутрицион кўмак жадвали ишлаб чиқилди.

    Тўртинчи йўналиш коронавирус инфекцияси ва унинг оқибатларига қаратилди. Пандемия катталар орасида кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқарди, аммо болаларда коронавирус инфекциясининг ўткир даврда ва кейинги узоқ муддатли оқибатлари, турли асоратлари ўрганилмаган эди. Шуни ҳисобга олиб, эътиборимизни шу муаммога қаратдик ва илмий тадқиқот олиб бордик. Ҳозир короновирус инфекциясини оғир ўтказган бемор болаларнинг тузалиш даврида юрак қон томир, гемостаз тизими, қалқонсимон ва буйрак усти бези, микроэлементлар ҳолатининг бузилиши ва реабилитация чораларини такомиллаштириш учун 4 та диссертация иши бажарилди.

    Бешинчи йўналиш. Болаларда нефротик синдромда ошқозон-ичак тракти ўзгаришларининг хусусияти ўрганилиб, илк бор нефротик синдром билан хасталанган болаларда стероидга сезгирликнинг мавжудлиги, тез-тез қайталанувчи шакли ва стероид гормонларга қарамлик даражасини инобатга олган ҳолатда ошқозон ичак тракти шиллиқ қавати ўзгаришларининг кечиш динамикасининг ўзига хослиги, касалликнинг кечиши, давомийлиги, оғирлик даражаси, глюкокортикостероидлар билан даволаниш давомийлиги ва бошқа ҳолатлар аниқланган.

    Болаларда нефротик синдромда ошқозон-ичак шиллиқ қаватидаги ўзгаришларни каминвазив усуллар ёрдамида эрта ташхислаш такомиллаштирилган.

    Олтинчи йўналишда болалар саломатлиги йўлида ҳеч қачон долзарблиги йўқолмайдиган, муҳимлиги кундан кунга ошиб бораётган масала — она сутининг аҳамияти ва парваришлашга эътибор қаратдик. Илмий тадқиқотимиз доирасида парваришлаш тамойиллари ва озиқлантириш турларини комплекс баҳоловчи, узоқ муддатли тадқиқот асосида болалар саломатлиги шаклланишини прогнозлаш тартиби ишлаб чиқилди. Бу соҳада педиатрия ихтисослиги бўйича докторлик диссертацияси ёқланди.

    Еттинчи йўналиш. Оролбўйи ҳудудидаги экологик ўзгаришлар кўп жиҳатдан ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётир. Бу нафас олиш аъзолари касалланиш даражасининг юқорилиги олиб келяпти ва улар орасида ЎРК, бронхит ва зотилжам касалликлари биринчи ўринни эгалламоқда. Ноқулай экологик шароитда яшовчи кичик ёшли болаларда фон касалликларининг 3 баробар кўп учраши ва ўткир зотилжам касаллигининг оғир кечишига таъсир қилиши аниқланган.

    Экологик муҳитнинг салбий таъсири натижасида гемостаз тизимида мувозанатнинг бузилиши, юқори тромботик тайёргарлик мавжудлиги ҳамда ўткир зотилжамнинг клиник шакли, оғирлик даражаси, асоратига боғлиқ равишда ўзгариши кабиларни аниқлаш орқали болаларда цитокин статусидаги ўзгаришларнинг гемостаз тизими ўзгариши билан боғлиқлиги исботланган. Ўткир зотилжамнинг оғир кечишини эрта ташхислаш ва асоратлар ривожланишининг олдини олиш учун алгоритм ишлаб чиқилган.

    Тошкент тиббиёт академиясининг бош ўқув корпуси ишга туширилиши, Биотехнологик тадқиқотлар маркази ташкил қилиниши, 44 турдаги замонавий илмий тадқиқот ускуналари билан жиҳозланиши нафақат ОТМ олимлари ва илмий изланувчилар учун, балки мамлакат миқёсида илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун янги босқич ҳисобланади. Бугунги кунда илмий тадқиқотларимиз молекуляр генетика, клиник иммунология, ҳужайра технологиялари ва фармако-токсикологик, гематологик, экология каби 10 дан ортиқ лабораторияда амалга оширилмоқда.

    Тошкент тиббиёт академияси

    ахборот хизмати раҳбари

    Гулчеҳра МИРЗАЕВА ёзиб олди.

    9 октябр 2024,

    Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси ёхуд ёруғ келажак пойдевори қандай қўйилмоқда?

    Мамлакатлар тараққиётида маънавият, маданият бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозиргидек глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, ягона халқ бўлиб олға интилишда санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Юртимизда эзгулик, инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси кенг тарғиб этилмоқда. Бу жамиятимизда соғлом дунёқарашни ривожлантириб, бунёдкорлик ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қиляпти. Халқимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умидни тобора кучайтирмоқда. Мазкур ислоҳотлар жараёнида маданият ва санъатга, унинг тараққий топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates