Тадқиқот Proceedings of the National Academy of Sciences (PNAS) илмий журналида эълон қилинди.
Мутахассислар сўнгги 65 йил давомидаги иссиқлик тўлқинларини кўриб чиқиб, ўртача мавсумий ҳароратга нисбатан иссиқлик даражаси кучлироқ бўлган ҳудудларни аниқлашди.
Ушбу иссиқлик тўлқинлари асосан сўнгги беш йил ичида кузатилган, баъзилари 2000 йилларнинг бошларида ёки ундан олдин содир бўлган.
Иқлимдан энг кўп зарар кўрган минтақаларга марказий Хитой, Япония, Корея, Арабистон ярим ороли, Шарқий Австралия, Жанубий Америка ва Арктиканинг бир қисми киради.
Бироқ энг кучли ва изчил тўлқин шимоли-ғарбий Европадан келади, у ерда бир қатор иссиқлик тўлқинлари 2022 йилда тахминан 60 000 кишининг, 2023 йилда 47 000 кишининг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди.
Иқлим офатлари Германия, Франция, Буюк Британия ва Нидерландияда ва бошқа мамлакатларда содир бўлди. Шу йилнинг сентябрь ойида Австрия, Франция, Венгрия, Словения, Норвегия ва Швецияда янги максимал ҳарорат рекордлари ўрнатилди. АҚШнинг жануби-ғарбий қисми ва Калифорниянинг кўплаб ҳудудларида ҳам октябрь ойигача рекорд ҳарорат кузатилди.
Бу ҳудудларда экстремал ҳарорат ёзнинг ўртача ҳароратидан тезроқ кўтарилмоқда, бу эса сўнгги бир неча ўн йилликлар ичида энг илғор иқлим моделлари томонидан башорат қилинганидан анча юқори.
Бироқ бу ҳодиса ҳамма жойда содир бўлмаяпти. Тадқиқот шуни кўрсатдики, бошқа кўплаб ҳудудларда ҳарорат кўтарилиши башорат қилинган моделлардан пастроқ. Буларга АҚШнинг шимолий ва жанубий Канаданинг катта ҳудудлари, Жанубий Американинг ички ҳудудлари, Сибирнинг катта қисми, Шимолий Африка ва Шимолий Австралия киради.
Тадқиқот тарихан тез ортиб бораётган хавфга дуч келган ҳудудларни аниқлаш орқали ҳаддан ташқари ва мисли кўрилмаган иссиқлик туфайли ортиб бораётган хавфни бартараф этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди, деб хабар беради gazeta.ru.