«Ўзбекистон ҳукумати кимё ва ўғит ишлаб чиқариш соҳаларини трансформация қилишга қаратилган ислоҳотларни бошлади. Ислоҳотларнинг мақсади кимёвий маҳсулотларни ва ўғитларни ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи эскирган тизимини модернизация қилиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва рақобатбардош саноатни яратиш. Бу ўз навбатида янги юқори малакали иш ўринларини яратишга ва Ўзбекистон саноатининг углерод изини камайтиришга хизмат қилади», - деди Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов.
Ўзбекистоннинг афзаллиги шундаки, у ўзининг хом ашёсидан фойдаланиб, турли хил ўғитлар, саноат ва истеъмол товарларини ишлаб чиқара оладиган давлатдир. Аммо, давлат назоратида бўлган соҳалар, асосан, сармоялар етишмаслигидан азият чекяпти, самарасиз бўлиб қоляпти ва ортиқча ресурслар истеъмол қилиняпти. Мазкур лойиҳа эса зарур бозор ислоҳотлари орқали соҳадаги самарасизликларни бартараф этиш, давлат иштирокини камайтириш ва хусусий инвесторлар учун тенг шароит яратишга қаратилган.
«Ўзининг бой табиий ресурсларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон кимёвий маҳсулотлар ва ўғитларнинг асосий экспортчисига айланиши мумкин. Прогрессив ислоҳотлар, замонавий кўникмалар ва технологияларга сармоя киритиш орқали, кимё саноати мамлакат иқтисодий ривожланишида катализатор ролини ўйнаши мумкин», — деди ХМКнинг Европа, Марказий Осиё, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи бўйича витсе-президенти Жоржина Бейкер. «Ушбу ҳамкорлик орқали биз Ўзбекистон ҳукуматини ушбу соҳани модернизация қилишда, халқаро компаниялар инвестицияларини жалб қилишда ва мамлакатда барқарор кимё саноатини яратиш учун зарур бўлган энг янги ечимлар ва илғор тажрибаларни татбиқ этишда қўллаб-қувватламоқчимиз».
Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда мисли кўрилмаган иқтисодий ўзгаришлар юз беряпти. 2021 йил 1 май ҳолатига кўра ХМКнинг Ўзбекистондаги инвестиция портфели 160 миллион долларни ташкил этди. ХМКнинг маслаҳат дастурлари Ўзбекистон ҳукуматига давлат банкларини хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш, молия бозорини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, пахтачилик секторини трансформация қилиш, кимё саноатини ривожлантириш ва энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) алоқаларини синовдан ўтказишда ёрдам беришга қаратилган.
Маълумот учун: Жаҳон банки гуруҳининг бир бўлаги бўлган ХМК ривожланаётган бозорларда хусусий секторга эътиборни қаратган энг йирик глобал ривожланиш агентлиги. ХМК ривожланаётган мамлакатларда бозорлар ва имкониятлар яратиш учун ўз капитали, тажрибаси ва таъсиридан фойдаланган ҳолда 100 дан ортиқ мамлакатда ишлайди. Хусусий секторни самарали жиҳатларини инобатга олган ҳолда, камбағалликни қисқартириш ва умумий фаровонликни ривожлантириш мақсадида, 2020 йилда ХМК ривожланаётган мамлакатларнинг хусусий компанияларига ва молия институтларига 22 миллиард доллар миқдорида сармоя киритган, деб хабар беради Молия вазирлиги матбуот хизмати.