Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинлиги устуворлиги пойдевори

    Мамлакатимизда саноқли кунлардан кейин Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллиги нишонланади. Асосий Қонунимизда ифодаланган қоидалар энг аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишга қаратилган.

    Конституцияда шахс манфаатларининг давлат манфаатидан устун, энг олий қадрият сифатида мус­таҳкамлаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Конс­титуция давлатнинг ижтимоий ва давлат тузуми, сайлов тизими, давлат органларининг ташкил этилиши ва фаолиятини белгилаб берувчи Асосий Қонун эканлигидан ­ташқари, у бугун инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигининг ғоявий пойдеворидир.

    Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

    Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида қўйилган устувор вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган бўлиб, шу билан бирга суд тизимига боғлиқ бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, моддий ва процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига кўра мамлакатимиз тарихида илк бор суд ҳокимияти мустақиллиги конституциявий принципини таъминлашга кўмаклашувчи Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, унга конституциявий мақом берилди.

    Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Олий суд ташкил этилди. Ҳарбий судлар Қуролли Кучлар таркибидан Олий суд тизимига ўтказилди. Хўжалик судлари иқтисодий судларга ўзгартирилиб, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди. Қуйи суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьяси учун 70 ёшгача белгиланиши судьялар мустақиллигини кафолатлаш билан бирга профессионал судьялар корпусини шакллантиришга замин яратди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия тузилди. Унинг асосий вазифалари этиб суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кабилар белгиланди

    Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда мустақил суд ҳокимиятининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини тизимли ва мантиқий изчилликда тадқиқ этиш асосида чиқарилган хулосалар Конституциямизда ва Тараққиёт стратегиясида соҳага оид аниқ ва асослантирилган мақсад ва вазифаларни белгилаш ҳамда уларни ижтимоий ҳаётга татбиқ этишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

    Дилбар Суюнова,

    юридик фанлар доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates