Томонлар жорий йил октябрь ойидан бошлаб ҳафтасига уч марта амалга оширилиши мўлжалланган Куала-Лумпур — Тошкент — Куала-Лумпур йўналиши бўйича мунтазам парвозларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ҳамкорликни кенгайтириш ва учинчи мамлакатларга боғловчи парвозларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув қатнашчилари Малайзиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хусусан «Умра+» дастури доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Муҳокамада Ўзбекистон туроператорлари вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Малайзия томони таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўзининг тарихий мероси ва диний анъаналари туфайли малайзиялик сайёҳлар орасида тобора кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган Малайзия Ўзбекистонни нафақат маданий йўналиш, балки зиёрат маршрутларининг муҳим қисми сифатида ҳам кўрмоқда.









