Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил 25 январь куни ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва Хитой раҳбарларининг онлайн-саммитида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш йўллари ҳар томонлама кўриб чиқилди.
Вазирлар сиёсий мулоқот, барқарор ривожланиш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, илмий-техникавий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, ахборот технологиялари, экология, маданий-гуманитар ва яшил энергия манбалари соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш истагини тасдиқладилар.
Минтақани хавфсизлик, ўзаро манфаатли, барқарор ва инклюзив шериклик маконига айлантириш мақсадида Марказий Осиё ва Хитой давлатларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Томонлар Афғонистонни тинч йўл билан тиклашга кўмаклашиш, бунда, жумладан, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Афғонистонда фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришишга кўмаклашиш, гуманитар инқирозни имкон қадар тезроқ енгиб ўтиш ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, уни жаҳон иқтисодий муносабатларига жалб этишдан барча томонлар бирдай манфаатдор эканлиги билдирилди.
Ҳаво алоқаларини қайта йўлга қўйиш, фуқаролар қатнови учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, йўловчи ташувчи рейсларни босқичма-босқич тиклаш, юклар ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, «тезкор» ва «яшил» йўлакларни ҳамда мультимодал товарлар ташувини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
В.Норов Ўзбекистон Республикаси Президентининг узлуксиз юк ташишни таъминлаш, трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш ҳамда транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Транспорт алоқаларини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё ва Хитой давлатларининг мувофиқлаштирувчи кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашга чорлади.
Тадбир якунлари бўйича Қўшма баёнот, 2022-2025 йилларда Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси», Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро боғлиқлик соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ташаббуси, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида маълумотлар хавфсизлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик бўйича ташаббус қабул қилинди.