Тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мақсад — Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатидаги фуқаролик жамияти институтлари ва ННТларнинг ҳозирги ҳолатини тушунишга, улар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, минтақадаги энг фаол ННТлар фаолиятини таҳлил қилишга, келгуси ҳамкорлик учун механизмлар ва таклифлар ишлаб чиқишга ҳамда муаммоларини муҳокама қилишга минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлашнинг ижобий тенденцияси ҳосил бўляпти. Умуман, вазият 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирганда анча яхшиланган. Бу – барчамизнинг катта ютуғимиз, бу – барча мамлакатларнинг қўшган ҳиссаси. Экспертлар ҳамжамияти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши эълон қилингани трансформациялар учун намуна бўлганини, шу жумладан бу минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар жадаллашишига, товар айирбошлаш ҳажми, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ошишига хизмат қилганини эътироф этяпти.
Шу билан бирга, экспертлар муаммоларнинг фақат биринчи сирт қатламини ҳал қилишга эришилганини қайд этди. Бир неча долзарб масалалар ҳали ҳам ўз ечимини кутяпти. Олдинда кўплаб вазифалар турибди. Умумий вазифа эса минтақа мамлакатлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг юзага келаётган тенденцияларини ортга қайтмайдиган қилишдир. Иштирокчиларнинг фикрича, ҳозирда ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини янада кенгроқ жалб этиш мақсадга мувофиқ. Чунки улар минтақалараро ҳамкорликнинг эришилган натижаларини мустаҳкамлаш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва муҳим ижтимоий муаммоларни биргаликда ҳал этишга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида ўн минглаб жамоат (нодавлат) ташкилотлари фаолият олиб боради, улар ўз тармоқларида юз минглаб фаолларни, волонтёрларни, жамоатчилик фикри етакчиларини бирлаштиради. Фуқаролик жамияти даражасидаги ўзаро ҳамкорлик минтақа мамлакатларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун асос яратади, тизимли ўзаро ёрдамни таъминлайди ва учинчи секторда умумий сиёсатни мувофиқлаштириш учун шароит яратади.
Қайд этилдики, ушбу жараёнларда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан кўрсатиладиган кўмак Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини оширишда, йирик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда янги имкониятлар эшигини очади.
Фуқаролик жамияти институтларининг мулоқотини ташкил этиш, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига ташрифидан сўнг, икки мамлакатнинг юқори даражадаги ҳамкорлигининг мантиқий давомидир. Бугун Ўзбекистон ва Корея стратегик ҳамкорлигига 15 йил бўлди, дипломатик алоқалар ўрнатилганига эса 29 йил. Эндиликда фуқаролик жамияти соҳасида ҳам ташаббусларнинг амалга оширилиши билан ўзаро алоқаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсади кўзланган.
Экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг сиёсий қиёфаси янгиланиши билан бирга, одамларнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам дунёқараши ўзгармоқда. Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтлари салмоқли салоҳиятга эга, лекин улардан тўлақонли фойдаланилмаяпти.
Мулоқот чоғида минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ва институционал жиҳатлари, шу жумладан молиявий, ННТларнинг барқарор ривожланиш омиллари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ҳамкорлик учун мавжуд платформаларни кўриб чиқди.
Ассоциациялар, жамғармалар, ривожланиш марказлари ва Марказий Осиёнинг жамоат тузилмалари вакиллари ҳамда экспертлари ННТларнинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашди. Асосий эътибор минтақада фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик имкониятларини топишга қаратилди. Бунда уларнинг фаолиятида ягона стандартларни, тенденцияларни аниқлаш ва илгари суриш, минтақавий муаммолар бўйича умумий ечимлар, тавсияларни биргаликда ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг барқарор ва инклюзив шаклларини қўллаш учун альянс тарзидаги якдил овозини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.