Муротжон Азимовнинг таъкидлашича, вилоят тиббиёт муассасаларини сақлаш харажатлари учун 2 трлн. сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баравар кўп маблағ ажратилди (қурилиш-таъмирлашдан ташқари). Кўп йиллардан бери қурилиши тўхтаб қолган Косон ва Нишон тиббиёт бирлашмалари замонавий кўринишга келтирилиб, фойдаланишга топширилди.
- Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда, - дейди вилоят раҳбари. - Айниқса, “Она ва бола маркази” биноси барпо этилганини вилоятимиз аҳли учун муносиб совға бўлди, десак адашмаймиз. Лекин, фаолиятимизни танқидий-таҳлилий кўриб чиқмасак, ажратилган маблағлар, яратилган шарт-шароитлар амалда ўзини тўлиқ оқламоқдами, вилоятимиз халқи тиббиёт тизимидан ҳақиқатда розими, деган саволларга жавоб топа олмаймиз.
Учрашув давомида масъулларнинг ҳисоботлари, шифокорларнинг таклифлари тингланди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар бўйича бир қатор масъуллар вазифасидан озод этилди. Ишга киритиб қўйиш ёки давлатимиз томонидан ажратилган маблағларни талон-тарож бўйича аниқланган коррупцион ҳолатларга тегишли органлар томонидан суриштирувлар олиб борилаётгани таъкидланди.