Тадбир Иқтисодиёт факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Комилжон Хурсандов, Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари, 1-курс талабалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни кафедра мудири педагогика фанлари номзоди М.Камалова очиб берди. Малика Камалова Ўзбекистонда барча миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, миллий қадриятларини ўрганиши, ривожлантириши, келгуси авлодларга етказиши учун барча шароит яратилгани миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларда барча учун ягона Ватан бўлган Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси маънавий-маърифий бўлими бошлиғи Абдурахим Нурмуродовга сўз берилди. А.Нурмуродов қўмитада олиб борилаётган ишлар ва режалар ҳақида гапириб, мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Комилжон Хурсандов ушбу нуфузли қўмитанинг фаолияти навқирон авлодни миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат, миллий-маънавий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Тадбирда 1-курс талабаларидан Махматкулова Мадина, Досмухамедов Нусрат, Ибрахимов Аброрбек фаол иштирок этди. Ушбу учрашув талабаларнинг эркин баҳс-мунозаралари билан давом эттирилди.
Юлдуз Эшматова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси.