Шу сабабли 2022 йил 17 майда имзоланган “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида бошқа ҳудудлардан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ҳар ойлик лавозим маошига 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча устама тўловлари тўлаб бериш белгиланган.
— Мўйноқда 6 та даволаш-профиликтика муассасаси ва 2 та маҳалла тиббиёт пункти фаолият кўрсатади, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Жамила Давлетова. — Уларда ишлайдиган соҳа ходимлари сони 511 нафар бўлиб, 59 нафари шифокорлардир. Ана шу мутахассислар орасида Президент фармони асосида бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган врачлар 12 нафарни ташкил қилмоқда.
Мўйноқда республикага қўшни Хоразм вилоятидан тортиб, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятларидан келиб ишлаётган шифокорлар ҳам бор.
— Бу ерга келганимга 3 ойдан ошди, — дейди хоразмлик Зулҳумор Раҳимова. — Туман тез тиббий ёрдам бўлими қабулхонасида терапевт-врач сифатида ишлаяпман. Бир кунда ўртача 15-20 нафар бемор мурожаат қилади. Уларнинг кўпчилиги юқори қон босими, ошқозон-ичак ва буйрак хасталиклари билан мурожаат қилади. Беморларни белгиланган стандартлар асосида соғломлаштириш чораларини кўряпмиз.
Бошқа ҳудуддан келиб ишлаётганлар орасида педиатр, анестезиолог-реаниматолог, отоларинголог, хирург, уролог ва терапевт каби мутахассисликларга эга шифокорлар бўлиб, улар мўйноқликларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда маҳаллий шифокорларга кўмак бермоқда.