Мутахассислар 2023 йилда атмосферага рекорд даражада карбонат ангидрид чиқиндилари чиқарилишини башорат қилишди

    2023 йилда глобал миқёсида атмосферага рекорд даражада карбонат ангидрид чиқиндилари чиқарилади. Бу ҳақда экспертлар маълум қилди.

    Глобал миқёсда уларни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, чиқиндилар миқдори ортиб бормоқда.

    Глобал исишни тўхтатиш билан боғлиқ мақсадларга эришиш учун 2023 йилда чиқиндиларни 5 фоизга қисқартириш керак. Бироқ Норвегиядаги CICERO институтининг дастлабки тадқиқоти шуни кўрсатдики, улар нафақат камаймади, балки 0,5-1,5 фоизга ошиши мумкин.

    Йил учун якуний “Глобал углерод бюджети” ҳисоботи декабрь ойида эълон қилинади. У барча манбалардан CО2 эмиссиясини ўзида намоён этади.

    Олимлар 2015 йилда эмиссиянинг энг юқори чўққисига чиқиб, кейин пасайишни бошлашига умид қилишган эди, аммо бу башорат амалга ошмади. 2019 йилда янги бурилиш юз бериши кутилган эди. Бироқ статистик маълумотларга кўра, СО2 миқдори ўсишда давом этмоқда ва ҳар йили янги рекорд ўрнатилмоқда.

    Халқаро энергетика агентлиги нефть, газ ва кўмирга глобал талаб ўн йил ичида тоза энергия технологиялари ва электр транспорт воситаларининг ўсиши натижасида қисқариши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди. Бироқ тоза энергия ҳали қазиб олинадиган ёқилғига бўлган талабнинг ўрнини боса олмаяпти, деб хабар беради mir24.tv.