Наманганда 63-Халқаро гуллар фестивали ғолиблари тақдирланди

    Давлатобод туманида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон боғи»да қад ростлаган янги ёзги амфитеатрда 63-Халқаро гуллар фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда бир қатор давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, дипломатик корпус вакиллари, вилоят фаоллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

    Жорий йил 19 майдан 23 июнга қадар давом этган фестивалга 60 га яқин давлатдан 200 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди, меҳмонларнинг умумий сони эса 6 миллион кишидан ошди.

    Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Афсоналар водийси тематик парки ҳамда Наманган шаҳри бўйлаб 45 миллион тупдан ортиқ гуллар экилди ва бетакрор композициялар яратилди.

    Ўзбекистон санъат усталари, таниқли хонандалар иштирокида ташкил этилган катта концерт дастури давомида 63-халқаро «Гуллар фестивали»ни юксак савияда ўтказишга муносиб ҳисса қўшган фаолларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра:

    «Энг яхши дизайн яратган гулчи» сифатида – Мубошер Қодиров эътироф этилди.

    Бошқарма ва ташкилотлар ўртасида «Энг яхши ландшафт дизайн» номинацияси – Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғига насиб этди.

    Ҳокимликлар ўртасида «Энг маънавиятга бой ландшафт дизайн» номинацияси бўйича Янги Наманган тумани ғолиб бўлди.

    Уларга замонавий автомашиналар тантанали равишда топширилди.

    Шунингдек, «Гуллар фестивали автопарадидаги фаол иштироки», «Энг яхши гул композицияси», «Миллий қадриятлар бўйича гулчилар сулоласи давомчиси», «Гуллар фестивалини ташкил этишдаги хизматлари учун» номинациялари бўйича ғолиблар ҳам пул мукофотлари билан тақдирландилар, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

    Наманган «Гуллар фестивали» туфайли Марказий Осиёда ягона бўлган табиий, илмий, адабий, маънавий–маърифий гўшанга, Самарқанд ва Бухоро сингари Ўзбекистоннинг туристик ташриф қоғозига айланди.