Навоий шаҳрида клубнинг очилиш маросимида давлат органлари, раҳбарлик лавозимларига ёш кадрларни босқичма-босқич тайёрлашдаги клуб олдида турган вазифалар алоҳида таъкидланди.
Низомда белгиланган талаб асосида тўрт босқичда синовдан ўтказилган 510 нафар номзодлар орасидан энг муносиб 50 нафар лидер ёшлар клуб аъзолигига қабул қилинди. Уларнинг 12 нафари олий таълим муассасалари талабалари бўлса, 38 нафари ёш давлат фуқаролик хизматчиларидан иборат.
— Жамиятда ечимини кутаётган муаммолар талайгина, — дейди клуб аъзоси, Навоий давлат педагогика институти ёшлари етакчиси Нодиржон Умаров. — Муаммолар оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг миқёсда танқидий, таҳлилий чиқишлар орқали кўтарилмоқда. Биз, клуб аъзоларининг вазифаси муаммони кўтариш эмас, балки унинг ечимини топиш, деб биламан. Бугунги кунда муаммоли масалаларнинг кўпайиб бораётганлиги раҳбар кадрларнинг бошқарув бўйича етарли билим ва малакага эмасликларида деб ўйлайман. Биз бугундан ана шундай муаммолар билан ишлаб, уларнинг ечимини ўз вақтида топишни ўргансак ва амалиётда буни исботласак, албатта, келажакнинг лидерлари бўлиб шаклланамиз.
Тадбир якунида ёш лидерларга махсус кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалар топширилди, деб хабар беради Навоий вилоят ҳокимилиги матбуот хизмати.