Нукус сафари: кўнглимизга таскин кирди

    Қорақалпоғистон Республикаси, хусусан, Нукус шаҳрида 1-2 июль кунлари содир этилган оммавий тартибсизликлар барча юртдошларимизни чуқур ташвишга солди. Кутилмаган бу ҳодиса қалбимизни ўртади, Ватанимизнинг бўлинмас мустақиллигини асраб-авайлаш, тинчлик-осойишталик, бугунги фаровон кунларимизнинг қадрига етиш масъулияти чандон ошди.

    Куни кеча бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан Нукус шаҳрида бўлиб қайтдик. Нукусга, дейишса доим шошилиб борганман. Боиси, бу шаҳарда қорақалпоқ дўстларим кўп, меҳмондўст, бағрикенг ва танти халқ. Яна Оролнинг вазмин овозини эшитишга иштиёқманд. Ижтимоий-сиёсий сабаб ҳам борки, бу — Қорақалпоғистонда бўлаётган катта ўзгаришларни ўз кўзимиз билан кўриш ҳаваси.

    Булутлар бағрида шулар ҳақида хаёл суриб кетар эканман, бу сафар кўнглим бироз хижил эди. Бугун Нукус, нукусликлар, қорақалпоғистонлик юртдошларимиз кайфияти қандай экан, уларнинг кўнглидан нелар ўтмоқда, ташвиши, қайғуси чекиндимикан? Саволлар кўп. Афсуски, самолёт бортида бу саволларга жавоб топишнинг имкони йўқ.

    Соат 10:40. Нукус халқаро аэропортига қўндик. Ташқарида бизни нукуслик ҳамкасбларимиз замонавий русумдаги машиналарда илиқ кайфиятда кутиб турган экан. Асли қорақалпоғистонлик таниқли тележурналист Назира Мамбетшарипова билан қўл сиқишиб кўришдик. У бизни кўриб жилмаяр, лекин кўзларида қандайдир мунг борга ўхшар, бўлиб ўтган воқеалар дилини қаттиқ оғритгани шундоқ сезилиб турарди. Қисқа танишув ва суҳбатдан сўнг биринчи манзил сари йўл бошланди.

    Кўнглимизга таскин кирди. Одамлар одатдаги турмуш юмушлари билан банд, кимдир ишга, кимдир ўқишга, яна кимдир бозорга шошади. Ҳаммаёқ осойишта, тинч. Агар билмаганимизда, кимдир бизга бу кўчаларда бир неча кун олдин айрим ғаламис кимсалар қутқусига учган минглаб одамлар, асосан ёшлар оммавий тартибсизлик уюштирган, тинч аҳоли ҳаловатини бузиб, мамлакат хавфсизлигига, амалдаги давлат тузумига қарши ҳаракатлар содир этган, деса ишониш қийин эди.

    Бу ердаги осойишта, саришта муҳит хаёлимизни яна ўтган йилларга боғлайди. 2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни ўнглаш, одамлар турмуш шароитини яхшилаш мақсадида жуда катта, ниҳоятда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Маълумотларга кўра, ўтган беш йилда Қорақалпоғистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга жами 17 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу жумладан, бюджетдан 4 триллион сўм, халқаро молия ташкилотларидан 444 миллион доллар ҳамда 10 триллион сўм банк кредитлари ажратилди.

    Албатта, бу рақамлар тилга кирмагунча, унинг аҳамиятини тушуниш мушкул. Бунинг учун кўп гапириш керак. Биз фақат бир жиҳатга тўхталмоқчимиз. Ўтган даврда Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига даромад 2,7 баробарга ўсди, мамлакатимизда энг охирги ўриндан, бугунги кунда 9-ўринга кўтарилди. Жами 83 мингта янги доимий иш ўрни яратилиб, ўртача иш ҳақи 2,8 баробарга ошди ва 2,7 миллион сўмга етди.

    Реал ялпи ҳудудий маҳсулотлар ҳажми 132 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 133 фоизга, қурилиш ишлари 2 баробарга, қишлоқ хўжалиги 120 фоизга ва хизматлар ҳажми 175 фоизга ўсди.

    Бу улуғвор ишлар бошида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи турди. Нукусга тез-тез борди. Бўлаётган ишларни ўз назоратига олди. Айтдики: Тошкентда бўлаётган ҳар қандай янгиланиш ва ўзгариш дарҳол Нукусда, бутун Қорақалпоғистонда ҳам бўлиши керак.

    Шундай бўлди ҳам. Бугун Қорақалпоғистонни бундан беш-олти йил олдинги ҳаётга нисбатан мутлақо солиштириб бўлмайди. Қурулиш ишлари авжида, энг олис овулларда ҳам янги инфратузилма пайдо бўлганини кўрасиз. Овул овул бўлиб, одамлар юз йиллардан буён яшаб кўрмаган ишлар бўлди: ичимлик сув етиб келди, болалар боғчалари қурилди, янги мактаблар, тиббиёт ва бошқа ижтимоий объектлар иш бошлади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates