Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар хронологияси қандай бўлган эди?

    Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг комендатураси Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар хронологияси ҳақида маълумот берди. Ўша кунги воқеалар акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

    Азиз ўқувчи, сиз ижтимоий тармоқлар, телевидение ва газеталар орқали ҳодиса тафсилотлари билан танишсиз. Шундай бўлсада, охирги ва ишончли маълумотларга асосланиб айтишимиз мумкинки, оммавий тартибсизлик 1 июль куни соат 14:00 да “Қум овул” МФЙда жойлашган “Салмен ота” масжидида жума намозини ўқиб чиқаётган фуқароларга ўзини Даулетмурат Тажимуратов, деб таништирган фуқаронинг мурожаати билан бошланган. У тинч аҳолини 5 июль куни соат 17:00 да митингга чақиради. Бу чақириқ ёзилган видео ўша заҳотиёқ Даулетмуратнинг тарафдорлари томонидан интернет тармоғига жойланади ва кенг тарқатилади.

    Шаҳар бедарвоза эмас. Ноқонуний хатти-ҳаракатлар, айниқса у жамоат хавфсизлиги ва жамият тинчлиги билан боғлиқ бўлса, дарҳол чора кўрилади. Шу боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган масъул ходимлари Даулетмурат Тажимуратовни аҳолини митингга чақиришдан кўзланган мақсадни билиш ва митинг ўтказиш тартибини тушунтириш мақсадида Нукус шаҳар ички ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олиб келади.

    Шундан сўнг, 20-25 фуқаро “Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди”, деган нотўғри талқин билан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 2-сон тергов ҳибсхонаси олдига йиғилади ва “Мир” кўчаси бўйлаб Т.Қайпбергенов кўчаси орқали шаҳар марказий деҳқон бозори олдига қараб норозилик юришини амалга оширади.

    Йўл-йўлакай улар бошқа фуқароларни ҳам ўзлари билан бирга юришга чақиради ва намойишчилар сони ортиб борверади. Шу фурсатда фуқароларни тинчлантириш учун тегишли чоралар кўрилиб, воқеа жойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Камалов, Қорақалпоғистон ички ишлар вазири А.Оринбаев ва бошқа раҳбарлар етиб келади. Улар ноқонуний намойишчилар билан суҳбатлашиб, талабларини эшитади.

    Тартибсизликлар иштирокчилари фуқаро Д.Тажимуратовни шу ерга олиб келиш талабини қўяди. Бу талаб бажарилади. Намойишчилар оломондан фойдаланиб Жўқорғи Кенгес Раисининг хизмат автомашинаси том қисмига Д.Тажимуратовни чиқаради ва унга тўн кийдириб, янги раҳбар, дея эълон қилмоқчи бўлади.

    Оммавий тартибсизлар ташкилотчилари билан музокаралар олиб борилишига қарамасдан, улар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, ҳокимиятни бевосита босиб олиш, қонуний тайинланган ҳокимият вакилини четлатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси биноси томон ҳаракатланади. Улар ҳаракат давомида ўзлари билан ёғоч таёқ, тош, темир жисмлар кўтариб ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатади. Шунингдек, тартиббузарлар ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, махсус воситаларини тортиб олишга урунади.

    Тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида оммавий тартибсизликлар иштирокчилари тарқатиб юборилади. Аммо бу пайтда Қорақалпоғистоннинг бошқа туманларида ҳам фуқаролар тўпланиб, Нукус шаҳри томон ҳаракатланиш бошлаган эди. Намойишчиларнинг бир қисми тушунтириш ишларидан сўнг тарқалади, лекин қолган жиноий унсурлар томонидан даъват қилинганлари Нукус шаҳри томон ҳаракатдан тўхтамайди.

    Ўзбекистон тинчликпарвар ва ўз халқини, фуқароларини ҳар қандай вазиятда, улар хоҳ чет давлатда бўлсин, ҳимоя қилишга қодир мамлакат.

    Қорақалпоғистоннинг айрим туманларида бир вақтнинг ўзида бошланган оммавий тартибсизликлар ва давлат бошқаруви якдиллигини бузишга урунишлар тезда, ноқонуний куч ишлатилмасдан бартараф этилгани ҳам фикримиз далилидир.

    Шу ўринда бу оммавий тартибсизликларга жиддий тайёргарлик кўрилганмиди ёки уни бошқарувчи кучлар кимлар эди, деган савол туғилиши табиий. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг комендатураси масъул ходимлари маълум қилишича, ҳозирда оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари сифатида гумонланганлар қўлга олинган ва тергов-суриштирув ишлари бошланган. Тез орада барча тафсилотлар ойдинлашиши ва жиноятчи гуруҳ, айбдорлар тегишли жазосини олишига ишонамиз. Бунга шубҳа йўқ. Чунки бизда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates