Газета бош муҳаррири Али ал-Ҳасаний томонидан ёзилган мазкур мақолада Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, давлатчилик соҳасида қўлга киритган муваффақиятлари атрофлича қаламга олинган.
Мақолада таъкидланганидек, Бобур 1483 йил 14 февралда Aндижонда туғилган ва Темурийлар салоласининг тўртинчи авлоди ҳисобланади. «Ёшлигидан тахт тепасига келган Бобур кейинчалик шимолий Ҳиндистонни эгаллаган ва у ерда ўз салтанатини барпо этди. Унинг келиб чиқиши Марказий Осиё, Фарғонадан. Ота тарафдан Соҳибқирон Амир Темурга бориб тақалади», деб ёзади муаллиф.
Мақолада Бобур ўзининг батафсил таржимаи ҳолини «Бобурнома» мемуарида ёзиб қолдиргани қайд этилган.
«Бобур «Бобурнома» асарининг биринчи бобида, қуйидагиларни таъкидлайди: «Мен ҳижрий 899 йилнинг Рамазон ойида ва ўн икки ёшимда салтанатнинг бешинчи минтақаси бўлган Фарғонага подшоҳ бўлдим. Шарқдан Қашқар, Ғарбдан Самарқанд, Жанубдан Табракшон тоғлари билан чегарадош бўлган йирик ҳудуднинг ҳукумдори бўлдим», дейилади манбада.
Муаллиф ёзганидек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсини ўрганиш ва унинг мероси бўйича изланишлар олиб бориш мақсадга мувофиқдир. «У тарихда нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки ҳар томонлама буюк шахслардан бири сифатида ўз ўрнига эга, дея таъкидлайди Али ал-Ҳасаний. Бобур кучли ҳарбий саркарда бўлиши билан бир қаторда тарихчилар уни етук олим сифатида ҳам тавсифлайдилар. У турли фанларга оид бир қанча китоблар ҳамда туркий ва форс тилларида шеърлар ёзган».
Мақола интиҳосида «Бобур — кўплаб мамлакатлар, подшоҳликлар, цивилизациялар ва мусулмонлар ўртасидаги тўқнашув хавфини бартараф қилган шахс, мақсадга эришиш йўлида сабр-тоқатли бўлиш ва масъулиятни ҳис этиш муваффақиятга элтишини теран англаган фазилатлар соҳиби бўлган», деб ёзади «Asdaa Oman» газетаси.