Ўзбек олимининг кашфиёти — дунё эътирофида

    Дунёда интеллектуал салоҳият маҳсули бўлган ғоя ва кашфиётлар алоҳида қадрланади. Чунки ҳар қандай йўналишдаги ихтиро ёки фан янгилиги, аввало, муайян соҳа ривожига, қолаверса, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, инсон ҳаётини янада яхшилаш, бахтли ва фаровон ҳаётини таъминлашга асос бўлади.

    Ўзбекистон — иқтидорлилар мамлакати. Буни биз эмас, жаҳон айтяпти. Ўзбекистонлик ёш олимларнинг ижодий, интеллектуал, инновацион ғоя, лойиҳа ва технологиялари бугун дунё аҳлининг эътирофига сабаб бўлмоқда. Жумладан, яқинда Янги Ўзбекистон университети проректори Элёржон Жумаевнинг нанотехнологиялар йўналишида никель асосли суперқотишма ихтироси учун халқаро патент берилгани оламшумул воқеа бўлди. Ёш олим билан суҳбатимиз ихтиронинг аҳамияти ва патентлаштириш жараёни ҳақида кечди.

    — Янгиликнинг аҳамияти шундаки, у асосан нанотехнологиялар, машинасозлик, аэрокосмик кемалар, умуман, учувчи жисмларни ясашда қўлланадиган ўта мустаҳкам, енгил, шу билан бирга, юқори ҳароратга чидамли суперқотишма ҳисобланади. Бу илмий кашфиёт устида тўрт йилга яқин ишладим. Изланишларим бесамар кетмади. Ихтиро дунёнинг етакчи олимлари эътиборидан четда қолмади ва куни кеча халқаро патент берилгани ҳақида хабар келди. Бу жуда ҳам ноёб материал хорижда олиб борган изланишларимга бевосита боғлиқ. АҚШда ишлаганимда ушбу материалнинг хусусияти, хоссалари ўрганилган ва бошқа мураккаб кимёвий текширув жараёни ўтказилган эди. Ушбу суперқотишмага нанотехнологияларда кенг фойдаланиладиган, мустаҳкамлиги жуда юқори, мукаммал материал сифатида қаралади. Қотишма металл оиласига мансуб материаллардан кўра 30-35 фоиз мустаҳкамлиги, юқори эгилувчанлиги билан фарқ қилади.

    Патентлаштириш жараёни анча вақт давом этди. Жанубий Корея патент агентлиги томонидан текширувлар олиб борилди. Кимёвий реакциялар ва ишлаб чиқариш жараёни ўрганилди. Лабораториялар фаолияти, вакуумда ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ ўрганиб чиқилди, буни патентлаштириш агентлиги вакилларига ҳам кўрсатиб бердик. Шундан кейин АҚШдаги халқаро патентлаштириш агентлигида худди шундай, аммо бироз мураккаб текширув жараёни ўтказилди. Халқаро патент агентлигида текширув ишлари анча юқори савияда ташкил этилди. Янгиликнинг энг кичик жиҳатларига, ички тузилишига алоҳида эътибор қаратилди.

    Бу кимёвий материал ҳозир ички ёнув двигателлари ва аэрокосмик кемаларда жуда самарали ҳисобланади. Айни пайтда янгиликни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш бўйича кўплаб таклифлар оляпман. Ҳар хил турдаги нано материалларнинг кўпи оксидланиш даражаси юқорилиги ёки коррозияга учраши сабаб турли ноқулайликка олиб келиши мумкин. Никель асосли қотишмалар емирилишга бардошли ва мустаҳкамлиги юқори бўлгани учун айнан ички ёнув двигателлари, умумий автомобилсозлик, кемасозлик ва аэрокосмос соҳаларида қўллаш учун тайёр.

    — Илмий янгиликдан қандай натижа кутиляпти ва бу мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига қанчалик хизмат қилади?

    — Ишлаб чиқаришга кенгроқ жорий қилсак, бу янгилик катта самара беради, деб бемалол айта оламиз. Чунки қотишма ҳар хил муҳитда синаб кўрилган. Агар уни бошқа давлатларга экспорт қилишга эришсак, натижаси юқори бўлади. Лекин ишлаб чиқаришга келсак, бу бироз мураккаб жараён. Сабаби, ишлаб чиқариш асносида баъзи нозик жиҳатлар бор. Бир-икки дақиқалик янглишиш ҳам материалнинг хусусиятига таъсир қилиб, кутилган натижани бермаслиги мумкин. Агар мамлакатимизда ишлаб чиқаришга жорий қиладиган бўлсак, лаборатория ёки завод кўринишидаги корхона керак.

    — Айни пайтда қалбингизда қандай кечинмалар кечяпти?

    — Патент олганимни эшитганимдан кейин АҚШдаги патент агентлиги ва аввал ўзим фаолият юритган компания раҳбарлари алоҳида қўнғироқ қилиб, табриклаганида меҳнатларим ўз мевасини берганини ҳис қилдим. Ихтиром жамиятга фойдаси тегишидан қувондим. Ҳолатимни сўз билан тасвирлаб беришим қийин. Бу рағбат бундан ҳам яхшироқ кашфиётларга ундайди. Кашфиётим халқимизнинг ҳам ютуғи. Чунки мен Ўзбекистон фарзандиман. Ихтиром ҳам Ўзбекистонда халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Мен бундан фахрланаман.

    — Дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари, илмий лабораториялари ва компанияларида, хусусан, НАСА лабораторияларида илмий изланишлар қилгансиз. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Янги Ўзбекистон университетига ишга таклиф этилганингизда ҳеч иккиланмай, юртимизда ишлаш истагини билдирдингиз. Нима сабабдан фаолиятингизни чет элда эмас, Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилдингиз?

    — Янги Ўзбекистон университетига таклиф этилганимда жуда хурсанд бўлдим. Чунки дунёнинг қайси нуқтасида фаолият юритмай, Ўзбекистон фарзанди бўлиб қолавераман. Мамлакатимизнинг ҳар бир ютуғи ва юксалишидан кўксим тоғдек ўсади. Президентимизнинг ёшларга, илм-фан аҳлига катта эътибор қаратаётганидан хабарим бор эди. Шу боис, Янги Ўзбекистон университетида ишлаб, ёшларни юртга керакли, салоҳиятли кадрлар этиб етиштиришга ҳисса қўшишим мумкинлигини англадим. Университетнинг дунёда юқори ўринда турувчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги, ўқув дастурларининг биргаликда тузилгани, ўқув жараёни бевосита амалиёт билан боғлиқлиги хориждаги етакчи олий ўқув юртлари профессор олимларининг эътиборини торта олади. Шу сабаб бу таклиф мени бефарқ қолдирмади. Бошқа давлатларда олиб борган илмий ишларим ва кашфиётларимни Ўзбекистонда, ўз юртимизда ёшлар билан бирга амалга оширишни ният қилдим. Ҳозирги талабаларнинг кўзида ёниб турган илмфанга ташналик ва янгиликка интилувчанлик, ўйлайманки, қарорим нотўғри эмаслигини исботлади.

    — Бугун университетда қайси хорижий олий ўқув юртларининг илғор методикалари қўлланмоқда?

    — Янги Ўзбекистон университети ўз йўналишида “Дунёнинг энг яхши 1000 университети” рейтингида 1-ўринда турадиган Массачусетс технология институти ва Германиянинг Мюнхен техника университети билан ҳамкор. Университетга маҳаллий мутахассислар билан бирга хорижий педагоглар ҳам жалб этилган. Олийгоҳдаги барча фундаментал фанлар бўйича илмий дастурларни ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига татбиқ қилиш учун TUM International ва MIT J-Well билан ҳамкорлик қилинди.

    Янги Ўзбекистон университетида ўқув дастури халқаро стандартларга мос тарзда тузилган. Барча фаннинг асоси малакали кадрларни етиштиришга қаратилган. Шунингдек, Европа ва AҚШ тажрибаси асосида платформа ишлаб чиқилиб, талабаларга тақдим этилмоқда.

    Бир-бирига мутаносиб, фундаментал фанлар билан бирга амалий жараёнлар талабаларга 1-курсдан бошлаб ўргатилмоқда. Етакчи профессор-ўқитувчилар амалий ва назарий билимларни уйғунлаштирган ҳолда фаолият юритмоқда. Асосан, фундаментал билимларни шакллантиришда анимация ва презентацияларга таяниб, талабаларга фанни ҳаётий мисоллар орқали тушунтиришга ҳаракат қилишади. Бошқача айтганда, таълим олувчиларнинг замонавий фанларни 3D шаклда тушунишига замин яратмоқдамиз. Бундан ташқари, талабаларни мунтазам равишда фандаги кашфиёт ва янгиликлардан хабардор қилиб борамиз. Келгусида бу ўзининг самарасини беради.

    — Ўзбекистонда кимё муҳандислиги соҳаси истиқболини қандай тасаввур қиласиз?

    — Бугун кўплаб истиқболли кашфиётлар айнан кимё муҳандислиги соҳасида қилинмоқда. Кимё муҳандислиги муҳандисликнинг кимё заводлари ишлаши ва конструкцияси, шунингдек, ишлаб чиқаришни такомиллаштириш усулларини ўрганадиган тури саналади. Кимё муҳандислари хомашёни фойдали маҳсулотга айлантириш учун иқтисодий-тижорий жараённи ишлаб чиқади. Шунингдек, энергия ва материаллардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш, лойиҳалаш, ташиш ва ўзгартириш учун кимё, физика, математика, биология ва иқтисодиёт тамойилларидан фойдаланади. Мазкур соҳа муҳандислари фаолияти лабораторияда нанотехнология ва наноматериалларни ишлатишдан тортиб, кимёвий, хомашё, тирик ҳужайра, микроорганизм ва энергияни фойдали шакл ҳамда маҳсулотларга айлантирадиган йирик саноат жараёнига қадар қаратилиши мумкин.

    Кимё жуда кенг соҳа. Мамлакатимиз табиий ресурсларга бой. Юртимизда барча турдаги ноёб табиий бойликлар етарли. Ахир, маҳсулот ёки табиий бойликларни фақат қазиб олиш ва экспорт қилиш эмас, балки уни қайта ишлаб, фойдалилик даражасини ошириш мумкин. Шунинг учун бу жараёнда янги кашфиёт, янги илмий ишланмалар муҳим роль ўйнайди. Ҳозир кимё муҳандислигига ихтисослашган кўплаб саноат корхоналари ёки заводлар табиий бойликни хомашёлигича сотиш ёки экспорт қилишга кўпроқ эътибор беряпти. Агар у қайта ишланиб ёки бойитилган ҳолда экспорт қилинса, нархи тўрт-беш баробаргача ошади.

    Яқинда фойдаланишга топширилган “GTL-Uzbekistan” заводи дунёдаги энг катта ва ноёб беш лойиҳадан биридир. Бундай саноат корхонаси дунё бўйича тўртта эди, бешинчиси Ўзбекистонда барпо этилди. Ўйлайманки, бу корхона юртимиз ривожига ўзгача ҳисса қўшади. Биз талабаларни етук кадр сифатида шу каби гигант корхоналарга кимё муҳандислиги бўйича тайёрлаб беришни ният қилганмиз. Ўқиш даврида талабаларнинг шундай корхоналарда амалиётини ташкил қилиш орқали ишлаб чиқаришга мослаштириб, малакали кадр сифатида етказиб берамиз.

    — Кимё муҳандислиги қанчалик жозибадор бўлмасин, ўзига яраша мураккабликлари ҳам бор. Бу соҳада ўқишни истаган ёшларни айни шу мураккабликлар бироз чўчитиши мумкин. Уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

    — Кимё соҳаси ҳар хил элемент, моддаларни ўзида жамлаган. Радиоактив ёки ҳар хил хавфли элементлар билан ишлаш зарурати борлиги учун кўпчилик бу соҳани мураккаб деб ўйлайди. Аслида осон ишнинг ўзи йўқ. Бу борада инсон ўзига хос йўлни босиб ўтади. Кимё муҳандислиги ҳам жуда қизиқарли, ҳам ўта масъулият талаб этадиган соҳадир. У кенг тармоқли бўлгани учун соҳага тегишли олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлаган талабалар йирик компанияларда ишлаши табиий.

    Мамлакатимизда кимё муҳандислиги соҳасида кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ва компаниялар фаолият юритмоқда. Табиийки, нуфузли компаниялар етук кадрларни ишга олишни мақсад қилади. Янги Ўзбекистон университети ҳам халқаро андозаларга таянган ҳолда етук кадрлар тайёрлашни мақсад қилган. Менимча, кимё фанининг тўлиқ имкониятлари ва унда эришиладиган ютуқлар аниқтиниқ тушунтирилса, ёшларнинг бу фанга қизиқиши ортади. Бу, ўз ўрнида, бир қанча илмий муаммоларнинг ечимига хизмат қилиши баробарида дунё тан олган кашфиётлар, ихтироларга сабаб бўлади.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates