Бу тарихий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 20 октябрда қабул қилинган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6084 сонли Фармони ва ушбу фармон доирасида тасдиқланган «2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси» ҳамда «2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури» эди. Ҳа, бу барчамиз бирдек кутган, ҳатто бир неча ўн йиллардан бери орзу қилиб келаётган ҳужжат эди.
Юқоридаги Президент Фармонининг бу қадар аҳамиятли эканлигини исботловчи бир қанча омиллар мавжуд. Қуйида ушбу омиллар ва уларни бартараф қилишга қаратилган, фармонда кўзда тутилган чора-тадбирлардан бир қанчасини келтириб ўтамиз:
Биринчидан, давлатимизнинг ҳеч бир фуқаросига сир эмаски, катта кўпчилик Республика даражасидаги идораларда ҳужжат ишлари ҳали ҳамон, собиқ иттифоқ таъсири ўлароқ рус тилида олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат ушбу идораларга мурожаат қилган оддий фуқароларга анча-мунча қийинчилик туғдириши турган гап. Мазкур муаммонинг ечими фармоннинг тўртинчи банди биринчи хатбошисида ўз аксини топган “2021 йил
1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади”;
Иккинчидан, давлат идоралари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ичида шундайлари мавжудки, уларнинг ҳатто ўзбек тилидаги нусхаси мавжуд эмас. Бу эса мазкур қабул қилинган ҳужжатнинг тартибга солиш доирасини торайтиради. Тўғрида, рус тилини билмаган киши қандай қилиб рус тилидаги ҳужжатни амалиётда қўлласин? Бундан ташқари, мазкур ҳолат юристлар учун ҳам қийинчилик туғдиради. Келтирилган ушбу муаммонинг ечими сифатида фармоннинг биринчи банди, «а» кичик банди биринчи хатбошисини келтиришимиз мумкин: мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш. Умид қиламизки, қонунчилик жараёни ҳам мазкур соҳалардан четда қолмайди;
Учинчидан, мустақилликка эришганимиздан то бугунги кунга қадар кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан тўлиғича воз кечиб лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш борасида жуда кўплаб баҳс-мунозаралар бўлганлигига қарамасдан, ҳанузгача бу хусусда якдил хулосага келинмаган эди. Бу муаммонинг ечимига ҳам фармонда алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, фармонниг учинчи банди қуйидагича баён қилинган: “Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилсин ва аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин”;
Тўртинчидан, кадрлар масаласи бўлиб, бу омил ҳам муҳимлик даражасида юқорида санаб ўтилганлардан ортда қолмайди. Чунки давлат идораларидан тортиб, хусусий ташкилотларгача рус тилига устунлик мавқейининг берилиши ўз она тилимиз бўлмиш – ўзбек тилига бўлган ҳурматсизликнинг яққол мисоли эди. Чунончи, ишга кириш учун мурожаат қилувчи номзодларга дастлабки бериладиган саволлардан бири рус тилини қай даражада билиши хусусидалиги фикримиз далилидир. Бундан ташқари, давлат идоралари ёки бошқа ташкилотларга ташриф буюрган кишининг дилини хуфтон қилувчи ҳолатлардан бири бу – ушбу идорада шаклланган «Европейская атмосфера»дир. Яъни, ўзбек миллатига мансуб бўлишига қарамасдан, ўз она тилини билмайдиган ва ўзаро рус тилида мулоқот қилувчи ходимлар ҳаддан ташқари кўпчиликни ташкил қилади. Мазкур муаммонинг ечими ҳам қайсидир маънода фармоннинг тўртинчи банди биринчи хатбошисида ўз аксини топган.
Юқорида санаб ўтилган муаммолар, ўйлаймизки, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 20 октябрда қабул қилинган фармонда кўзда тутилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ бартараф қилинади. Янада аниқроқ гапирадиган бўлсак, масала давлат раҳбари даражасида ҳал қилинди, энди масъул ижрочи ва бошқа мутасаддиларда.
Тан олишимиз керакки, бугунги кундаги тилга бўлган муносабатимиз ачинарли ҳолатда. Чунончи, шаҳар марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг кўпчилик қисми фарзандларини рус тилига ихтисослашган болалар боғчаларига тарбиялаш учун бермоқдалар ва худди шундай мактабларда ўқитмоқдалар. Бунинг сабаби оддий, юқорида келтириб ўтганимиздек, ота-оналар фарзандларини истиқболли ва яхши маош тўлайдиган ташкилотларда ишлашларини хоҳлашади. Қайсидир маънода бунга эришмоқдалар ҳам. Лекин танганинг икки томони бўлгани каби, бу масаланинг ҳам бошқа томони мавжуддир. Натижада иккинчи авлоднинг аксарият қисми ўзбек тилида эркин мулоқот қилиш кўникмасисиз улғайишмоқда. Бундан ташқари, чекка-чекка туман ва қишлоқларда таълим олаётган ёшлар масаласи. Нима, ушбу ҳудудларда рус тилига ихтисослаштирилган болалар боғчалари ва мактабларнинг мавжуд эмаслиги уларнинг айбларими? Ёки уларнинг чекка туман ва қишлоқларда дунёга келганлиги тақдир ҳазилими? Хуллас, ўз тилимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак, бошқалардан бу нарсани талаб қилишга ҳатто ҳаққимиз ҳам йўқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб қуйидагича хулоса қиламиз, ўз она тилини ҳурмат қилиш бу – ватанпарварликнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шундай экан ҳар биримиз она тилимиз бўлмиш – ўзбек тилини билишимиз ҳаётий заруратдир. Аввало, ислоҳ қилишни ўзимиздан бошлашимиз ва фарзандларимизни ҳам ватанпарварлик ва она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашимиз лозим.
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали
Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси
У.И.Шоназаров