Ўзбекистон халқига байрам табриги

    Ҳукумат 29 июл 2022 8162

    Азиз ватандошлар!

    Қадрли дўстлар!

    Аввало, Сизларни, бутун Ўзбекистон халқини 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

    Кўп миллатли халқимизнинг мустақиллик йилларида эришган энг катта бойликларидан бири – “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган шиор остида мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва аҳилликни сақлай олганимиз ҳисобланади, десак, адашмаган бўламиз.

    Бизнинг барча ютуқларимиз – у хоҳ ташқи ёки ички сиёсатда бўладими, хоҳ иқтисодий ёки маданий-гуманитар соҳаларда бўладими – қўлга киритаётган муваффақиятларимиз замирида жамиятимиздаги осойишталик ва тотувлик ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Халқимизда “Тинч элнинг боғи гуллар”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Мана шу тинчлик бор экан – тараққиёт мавжуд. Мана шу тотувлик бор экан – келажагимиз ҳам, албатта, ёруғ бўлади.

    Барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, ҳозирги глобаллашув даврида жаҳонда муросасиз рақобат, қуролли тўқнашувлар, мафкуравий низолар, аҳоли, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун курашлар, терроризм, экстремизм, сепаратизм, одам савдоси каби таҳдидлар аёвсиз тус олмоқда.

    Иқтисодий инқироз, айниқса, коронавирус пандемияси натижасида турли хавф-хатарлар тобора кучайиб, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат каби муқаддас қадриятларга раҳна солаётгани, табиийки, барчамизни ташвишга солади.

    Мана шундай мураккаб замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, бебаҳо бойлигимиз бўлмиш барқарорликни сақлаш, жамиятимизда кўп миллатли катта ягона оила туйғусини кучайтириш қанчалик муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бораётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

    Шу маънода, бу йил жонажон Ўзбекистонимизда иккинчи бор нишонланаётган Халқлар дўстлиги куни яхши анъанага айланиб, эл-юртимиз ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро тотувликни таъминлаш ва дўстлик алоқаларини ривожлантиришда беқиёс ўрин тутади, деб ишонамиз.

    Муҳтарам юртдошлар!

    Бугунги кунда саховатли заминимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда, таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда. Эътиборли жиҳати, қардош тилли мактабларда ўқиётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланмоқда.

    Инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимиз, хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш вазифаси устувор мақсад сифатида белгиланган.

    Барча ҳудудларимизда “Дўстлик уйлари” ташкил этилиб, уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ушбу хайрли режалар учун зарур маблағларни йўналтирмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда.

    Миллий маданий марказларнинг моддий-техник базаси яхшиланиб, уларга давлат томонидан замонавий техник ускуналар, мебель жиҳозлари, миллий либослар тақдим этилмоқда.

    Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар қайта тикланиб, азалий ришталарнинг мустаҳкамланиши халқимизнинг хоҳиш-истаклари, орзуларини ўзида ифода этмоқда.

    Биз ягона Ватан туйғусини асраб-авайлаш, ёш авлодни мана шу руҳда камол топтириш борасида самарали фаолият олиб бораётган Нодира Джанибекова, Нургул Базарбаева, Қалдибек Сейданов, Феруза Халдарова, Гулдана Авездурдиева, Фирдоуси Гусейнов, Сергей Миронов, Зиновий Новицкий, Умар Салманов, Галина Шин, Тамара Акилова, Минсилу Кулиева, Леким Ибрагимов, Вера Бабицкая ва бошқа турли миллат вакиллари номларини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз.

    Бу йил ҳам юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ватандошларимиз юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар.

    Фурсатдан фойдаланиб, мукофотланган юртдошларимизни ўз номимдан, бутун халқимиз номидан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, оилавий бахт ва саодат тилайман.

    Азиз дўстлар!

    Бу йилги байрамда ҳам сизларни қизиқарли кўргазмалар, мулоқотлар, ижодий фестиваллар, концертлар, форумлар, анжуманлар, дўстлар дийдори кутмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда асрлар давомида шаклланган миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик, ўзаро меҳр-оқибат, тинчлик ва барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман.

    Барчамиз учун Ватан битта. Биз – Ўзбекистон деган жаннатмакон юртнинг фарзандларимиз. Бизнинг – шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир миллат вакилларининг ўтмишимиз ҳам, бугунги тақдиримиз ва келажагимиз ҳам бир. Бизни улуғ ва муштарак мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир.

    Мана шу эзгу ният йўлида ҳалол меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимиз Ўзбекистонда ўзининг бахту саодатини албатта топади. Бунинг учун давлатимиз, жамиятимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

    Сизларни Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор самимий табриклайман.

    Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

    Шавкат МИРЗИЁЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates