Жорий йил 17 куни Куала-Лумпур шаҳрида Малайзия туризм компаниялари ва туроператорлари ассоциацияси (MATTA) томонидан Туризм, санъат ва маданият вазирлиги кўмагида ташкил этилган “МАТТА Fair” сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади.
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, ушбу кўргазмада Ўзбекистон стенди билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда “Uzbekistan Airways” АЖ вакилларидан иборат делегация иштирок этди.
Кўргазманинг катта саҳнасида Ўзбекистоннинг туризм ва инвестиция салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Тадбир давомида республикада турли жабҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнлари, шу жумладан, конституциявий ислоҳотлар бўйича атрофлича маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Бунда мамлакатимиз иқтисодиётида туризм улушини юксалтириш, замонавий сайёҳлик инфратузилмасини жадал ривожлантириш, соҳа хизматларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш йўналишида Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишлари, Самарқанд халқаро аэропорти ва “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида сайёҳлар учун яратилган имкониятларга урғу берилди. Охирги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 93 та хорижий давлат, жумладан, Малайзия фуқаролари учун республикага визасиз кириш тартиби амал қилаётгани, яна 56 та давлат фуқаролари учун электрон кириш визаларини бериш тизими ва 47 та давлат учун беш кунлик транзит визасиз кириш тартиби жорий қилингани таъкидланди.
Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида 2022 йил ноябрь ойидан эътиборан “Uzbekistan Airways” компаниясининг тўғридан-тўғри авиақатнови тиклангани қайд этилди.
Кўргазма саҳнаси ва Ўзбекистон бўлмасида Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли мақомчилари, Ўзбекистон халқ артистлари Фурқатбек Аширалиев ва Элмурод Аҳмедов ҳамда Ўзбекистон Давлат филармониясининг “Шодлик” ашула ва рақс ансамбли жамоаси вакилларининг чиқишларидан иборат ранг-баранг маданий намойиши тадбирга алоҳида кўтаринкилик бағишлади. Ўзбек миллий рақс ва мумтоз мусиқа ва ашулалари, хусусан ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган “Катта ашула”, Лазги рақси ҳамда миллий урф-одатлар ҳамда ўзбек миллий либослари намойиши тадбир қатнашчиларида унутилмас таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида Малайзиянинг ихтисослашган туроператорлари билан учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Хориж томонидан Ўзбекистон сайёҳлик йўналишларини, “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази”, “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” каби брендларни биргаликда тарғиб қилиш юзасидан жиддий қизиқиш билдирилди. Шу ўринда, малайзияликлар орасида “маданий туризм”, “зиёрат туризми”, “Умра+”, “этнотуризм”, “гастротуризм”, “астротуризм”, “ишбилармонлик туризми” (MICE) каби турпакетларга катта қизиқиш уйғотиши таъкидланди.
Ўтказилган музокаралар натижасида Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги кўмагида мамлакат делегациясининг Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштироки, “Andalusia Travel & Tours”, “Golden Destinations”, “Sedunia Travel”, “D Asia Travels”, “Triways Travel Network”, “Star Travel”, “Raha Legacy Holidays”, “Felda Travel” каби йирик туркомпаниялари билан Ўзбекистонга сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш юзасидан келишувларга эришилди.
Малайзия туризм компаниялари ва туроператорлари ассоциацияси (MATTA) 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, 3 мингдан ортиқ сайёҳлик компанияларини ўз атрофида бирлаштиради. МАТТА бутун мамлакат бўйлаб ўз ваколатхоналарига эга. У мунтазам равишда Малайзиянинг барча штатларида “МАТТА Fair” сайёҳлик кўргазмаларини ўтказади.
Ушбу тадбир бугун ўз ишини якунлайди.