Ўзбекистон Президенти билан АҚШда учрашган сурхондарёлик йигит таассуротлари билан ўртоқлашди

    Президентимиз АҚШга ташрифи доирасида шу ерда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди.

    Ёши мендан катта танишларим, ака-опаларим билан суҳбатлардан хулоса чиқараманки, биз билим олиш, иқтидоримизни намоён қилиш, салоҳиятимизни кўрсатиш учун катта имкон берилган, шароит яратилган бир даврда яшаяпмиз. Бунинг исботини, мана, ўз ҳаётимда кўриб, сезиб турибман. Бундан 15 ёки 20 йил илгари кўча чангитиб юрган, орзу-умидлари Сурхон кенгликларидек бепоён ва муҳташам бир болакайнинг вақти келиб, АҚШда таҳсил олишини, уммон ортида Ўзбекистон Президенти билан учрашишини ким ўйлабди дейсиз?!

    Дунёда икки касб — тиббиёт ва ҳуқуқ инсонлар ҳаётини ҳал қилиш билан боғлиқ. Шу соҳа орқали мен элу юртимга, мамлакатимга қайсидир маънода ижобий ўзгариш олиб киришни орзу қилардим. Халқимизнинг ҳуқуқий масала ва муаммоларини адолатли ҳал қилиш, шу орқали жамиятга нафим тегишини ўйлаганман. Ҳозир ҳам шундай. Ана шу қизиқиш туфайли 2016 йили Тошкент давлат юридик университети юриспруденция факультетига ҳужжат топширдим. Нега бу йўналишга? Айнан ҳуқуқ жамиятда, умуман, ҳар қандай давлатда одамлар ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб киришга қодир йўналишлардан бири.

    Мақсадларимни амалга ошириш учун кўп ўқишим, халқаро тажрибалар билан танишишим зарур эди. Шу йўлда “Эл-юрт умиди” жамғармаси менга энг ишончли кўприк бўлди. Бу кўприк орқали уммон ортига йўл солдим. 2022-2023 йилларда жамғарма стипендиясини олиш учун танловларда иштирок этиб, стипендиатлар сафидан жой олдим. Айни пайтда АҚШдаги Бостон университети халқаро ҳуқуқ факультети магистратура босқичида таҳсил оляпман. Университетимиз кучли ўттизталикка кирган, халқаро ҳуқуқ бўйича дунёнинг энг етакчи олий таълим муассасаларидан бири.

    Тўғри, бу ерда таҳсил олиш машаққатли. Профессор-ўқитувчилар билимли. Бирор саволингиз очиқ қолмайди. Шу ерни танлаганимдан афсусланмайман. Бир кунда 10-12 соат ўқишга тўғри келади. Дарсларда, асосан, бугунги глобал масалалар, ечимини кутаётган кейсларни таҳлил қиламиз, жавоб излаймиз. Ҳуқуқ нимага муҳтожлигини, ҳуқуқий низоларни ҳал этиш бўйича баҳслар, тортишувлар бўлади. Талабалар ҳуқуқни шундай ўрганади. Яна бир муҳим маълумот: халқаро савдо ҳуқуқи бўйича дунёдаги энг кучли учлик ҳам мазкур университетдан етишиб чиққан.

    Илгари Президентимиз билан учрашган, ҳамсуҳбат бўлган юртдошларимизга, айниқса, ёшларга жуда ҳавасим келарди. Не бахтки, мен ҳам бугун улар қаторидаман. Давлатимиз раҳбарининг АҚШга келишини интиқлик билан кутдик. Чунки икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик биз учун жуда муҳим. Президентимизнинг АҚШдаги ватандошлар ва биз билан учрашишини айтишганида, рости, жуда қувониб кетдим. Таассуротларим, тасаввурларим катта бўлди. Учрашув мен кутгандан-да аъло ўтди. Давлатимиз раҳбарига елкадошмиз, деган масъулият ҳамиша бизни ўз устимизда ишлашга, ўқишга, ҳаракат қилишга рағбатлантиради.

    Президентимиз давлат бошқарувида ҳам бизга кўпроқ суянишини айтди. Айниқса, хорижда таҳсил олаётган, малака ва маҳоратини ошираётган ёшларга ишончи баландлигини таъкидлади.

    Учрашув давомида ўзимни ҳар кунгидан-да масъулиятли ҳис қилдим. Давлатимиз раҳбари билан залнинг чор атрофида содда ва самимий халқимиз тургандек эди. Улар бизни кутяпти, билимимиздан, тажрибамиздан умиди катта. Учрашувда қайд этилганидек, бу йўл машаққатли, қийинчилик бор, бироқ мамлакатимиз келажаги бизга мунтазир. Шу билан бирга, ўз устимизда ишлашимиз кераклиги, ҳар бир стипендиат таҳсил олаётган йўналиши бўйича асосий етакчи кадрга айланиши лозимлиги, шу орқали тенгдошларимиз, биздан кейинги авлодга билим, кўникма ва тажрибаларни қолдиришимиз кераклиги таъкидланди.

    Ўзбекистон яқин келажакда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши кутилмоқда. Демак, халқаро савдо ҳуқуқи мутахассисларига талаб ошади. Мен таҳсил олаётган йўналиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади ва келажакда юртимизга нафим тегишига интиламан. Қувонарлиси, она юртимизга қайтсак, биз учун яна шароитлар яратилиши айтилди. Бундай самимий учрашувдан, суҳбатдан руҳланмай бўладими?!

    Бундан сўнг ҳам жаҳон тажрибасини астойдил ўрганишда давом этамиз, солиштирамиз ва мамлакатимизга ўз хулосаларимиз — тажриба ва маҳорат билан қайтамиз.

    Йўлчи БЎРИЕВ,

    Бостон университети магистранти

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates