Жорий йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигида ИССВ ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгаш йиғилишини ўтказишдан асосий мақсад – маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳимоя қилиш ҳамда республикада юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга қаратилган таклифларни кўриб чиқишдир.
Йиғилиш кун тартибида Кенгаш аъзолари томонидан электротехника, қишлоқ хўжалиги техникаси, металлургия, кимё, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти учун божхона тўловлари ставкаларини ички бозорнинг барча иштирокчиларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда оптималлаштириш имкониятларини ҳар томонлама кўриб чиқилди.
Маҳаллий саноат корхоналарини жадал ривожлантириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун шарт-шароит яратиш мақсадида уларни зарур бутловчи қисмлар, хомашё ва материаллар билан таъминлаш жараёнида савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди.
Экспорт ва ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар олиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Кенгаш йиғилиши якунлари бўйича кун тартибига мувофиқ муҳокама қилинган масалалар доирасида амалий таклифлар ишлаб чиқиш ва зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.