Томонлар инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Габор Еней Ўзбекистон билан ҳамкорликни юқори баҳолади. «Сўнгги икки йил давомида 5 та бизнес-форум ўтказилди. Бу қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлигидан далолатдир», — деди у.
Томонлар, шунингдек, IT, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик каби соҳаларда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга эътибор қаратдилар.
Бундан ташқари, мамлакатнинг сармоявий ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлари муҳокама этлди. Ўзбекистонда пилот лойиҳаларини амалга ошириш учун бир нечта нуфузли Венгрия компанияларини танлаш, икки давлат салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон ва Венгрия бизнес вакилларининг халқаро кўргазмалар ва савдо миссияларидаги иштирокини ташкил этиш таклиф этилди.
Агентлик Ўзбекистон томони ташаббуси билан Венгрияда бир қатор иқтисодий тадбирларни ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув якунида Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича нуфузли компаниялар рўйхатини аниқлаш, қўшма тадбирларни ташкил этиш, ҳамкорликда бизнес-форумлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.