Унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг IT, энергетика, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тиббиёт ва фармацевтика ва бошқа йўналишлар соҳаларида фаолият юритувчи 200 га яқин йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсуке Козуки сўзга чиқди.
Лазиз Кудратов Ўзбекистоннинг иқтисодиёт ва савдо, саноат ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги асосий ютуқларига тўхталиб ўтди. Хусусан, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали қонунчилик нормалари жорий этилганлиги, муҳандислик коммуникациялари, инфратузилма, энергия ресурслари билан таъминланганлик даражаси яхшиланганлиги, иқтисодиётдаги давлат иштироки қисқартирилганлиги ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлаб юборилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, инвесторлар учун имтиёзлар ва преференсиялар яратилганлиги, МДҲ мамлакатлари, ва GSP+ ҳисобига Европа Иттифоқи бозорларига божсиз экспорт қилиш имконияти мавжудлиги, минтақалараро транспорт йўлаклари диверсификация қилинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, барча қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.
Қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида IT соҳаси, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олинди.
Форум доирасида «Энергетика трансформацияси истиқболлари» ва «Саноатни ривожлантиришда рақамли трансформация. Япония стартаплари Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш воситаси сифатида» мавзуларида панель мунозаралари ҳам бўлиб ўтди. Сессиялар давомида экспертлар, вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига япон инновациялари ва технологияларини жорий этиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
Бизнес-форум давомида «G2B» ва «B2B» учрашувлари ҳам ташкил этилиб, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Форум якунида таълим, IT технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзоланди. Алоҳида «Йўл харитаси» шакллантирилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.