Ўзбекистонда таълимга янгича қараш: янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида таълим масалалари

    Фикр 6 декабр 2023 324

    Йиллар давомида ривожланган давлатлар рўйхатида энг юқори ўринларда турувчи мамлакатлар тарақиёти замирида, энг аввало, таълим ва унга нисбатан жамият ва давлатнинг муносабати ётиши кўп бора таъкидлаб келинди.

    Ушбу акциома бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги, аксинча янада долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган аҳамият касб этаётганлигини чуқур англанган ҳолда мамлакатимизда ҳам ўзига хос ислоҳотлар йўлга қўйилди. Уларни ҳаётга самарали тадбиқ этиш борасида олға ва дадил қадамлар ташланмоқда.

    Таълим олиш ҳуқуқининг Конституция даражасида қайд этилиши юксак аҳамият ҳамда улкан маъно-мазмун касб этади. Зеро, бугунги кундаги энг қиммат ресурс ҳисобланмиш инсон капиталиининг яратилишида таълим тизимининг ўрни беқиёс ҳисобланади. “Қутадғу билиг” (“Саодатга бошловчи билим”) асарининг муаллифи Юсуф Хос Ҳожибнинг табири билан айтганда “Ҳамма эзгуликлар билим туфайлидир. Билим туфайли гўё кўкка йўл топилади”. Дарҳақиқат, таълим жараёнинг натижаси, албатта, билимли ёшларни тарбиялаш, Ўзбекистон Республикасининг илм-фан соҳасидаги муваффақият чўққиларини эгаллаш ҳисобланади.

    Жумладан, Президентлик лавозимига киришгандан дастлабки кунлариданоқ Ш.Мирзиёев таълим, ўқитувчи ва унинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасида давомли фикрларни илгари суриб келди. Жумладан, 2022 йилда Президент Ш.Мирзиёевнинг мамлакат парламентига йўллаган мурожаатномасида энг кўп ишлатилган сўз “таълим” бўлганлиги, шунингдек 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилганлиги Янги Ўзбекистонда таълимга эътибор давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигидан гувоҳлик беради.

    Шубҳасиз, олиб борилаётган ҳар бир ислоҳотнинг самарали натижалар келтиришида унинг ҳуқуқий асослари қай даражада пухта, тизимли ва мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлигига боғлиқ. Шу мақсадда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида бошқа муҳим масалалар қаторида таълим муносабатлари ҳам янгича руҳ ва янгича ёндашув асосида ўз инъикосини топди. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 50-моддасида белгиланган “ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга” мазмунидаги норма таълим соҳасининг ҳуқуқий асослари учун муҳим принцип бўлиб янграган бўлса, мазкур модданинг “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди” тарзида давом эттирилиши давлатимизнинг замонавий таълимга нисбатан конституциявий даражада ифодаланган ёндашуви сифатида барчада ёрқин таасурот уйғотди. Сабаби таълимнинг турлари билан бирга “ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (кундузги)”; “ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий)”; “дуал таълим”; “оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш”; “катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш”; “инклюзив таълим”; “экстернат тартибидаги таълим” каби таълим шаклларининг давлат томонидан эътироф этилиши ва уларнинг тенг ривожланиши учун шароит яратиб берилиши миллий таълим тизими ривожидаги улкан ютуқлардан бири сифатида тарихда қолади.

    Давлат томонидан нафақат давлат таълим ташкилотларини ривожлантириш учун, шу билан бирга нодавлат ёки хусусусий таълим ташкилотлари ёхуд давлат хусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотларини ривожлантириш учун шароит яратиши, яъни муҳим қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, субсидиялар ёки имтиёзли кредитлар бериши каби йўллар билан ёрдам кўрсатиши белгилаб қўйилмоқда. Натижада бугунги кунга келиб мамалкатимиздаги жами 210 та олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 80 таси нодавлат ва хорижий олий ўқув юртлари ҳисобига тўғри келмоқда.

    Таълим олиш ҳуқуқининг Конституция даражасида қайд этилиши юксак аҳамият ҳамда улкан маъно-мазмун касб этади. Зеро, бугунги кундаги энг қиммат ресурс ҳисобланмиш инсон капиталининг яратилишида таълим тизимининг ўрни беқиёс ҳисобланади.

    Таълимнинг бир тури сифатида Бош қомусимизда олий таълим масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги Янги таҳрирдаги Конституциянинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири ҳисобланади. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда замонавий касб ва кўникмаларга эга, рақобатбардош кадрларни етказиб бериш, шунингдек фан-техника ривожининг локомотиви ва том маънодаги ядроси даражасига кўтарилиш учун олий таълим муассасаларига замонавий ёндашувни талаб этарди. Бу чақириққа жавоб сифатида янги таҳрирдаги Конституциямизда Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилди. Академик соҳада, бошқарув, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек ўқитиш борасидаги эркинлик олий ўқув юртларига бир қатор имкониятлар эшигини очиб беради. Жумладан:

    қотиб қолган қолиплардан халос бўлган ҳолда замон талабларига мос ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида сифатли таълим бериш;

    талабаларга ўзлари ўқийдиган фанларни танлаш имкониятини бериш орқали олий таълимнинг жозибадорлигини ошириш;

    халқаро нуфузли олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

    талабаларни илм-фаннинг энг сўнги ютуқлари билан таништириш ҳамда уларда кенг дунёқарашни шакллантириш мақсадида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш;

    “Universitet 3.0” модели асосида фан-таълим натижаларини тижоратлаштириш.

    Бош қомусимизнинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий давлат сифатида эълон қилиниши таълим соҳасида ҳам ўз аксини топди. Хусусан, “Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди”. Шунингдек, “Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади” мазмунидаги конституциявий нормаларни давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги улкан ғамхўрлиги сифатида қабул қилиш мумкин. Зеро, имкониятларидан қатъи назар ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши ва у орқали ўзини, дунёни, қўйингки, бутун борлиқни англашига ёрдамлашиш ва энг муҳими бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишни таъминланиши таълим соҳасида Асосий қонунимиз яратган энг катта имкониятлардан бири саналади. Конституцияда илк маротаба инклюзив таълим учун шароит яратишга оид алоҳида норманинг белгиланиши алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ва тарбия уларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши, таълим олиш жараёнида уларни бирор-бир шаклда камситишга йўл қўйилмаслиги, барча болаларнинг тенглиги таъминланишига хизмат қилади.

    Бугунги кунда имконияти чекланган 21 231 нафар болалар учун республикамизда 90 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, енгил даражадаги ногиронлиги бўлган 18 000 нафарга яқин ўқувчилар мактабларда соғлом болалар билан биргаликда ўқишмоқда.

    Қолаверса, асосий қонунимизда “Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир” мазмунидаги норманинг мавжудлиги давлатнинг таълим ва тарбия соҳасидаги асосий мажбуриятларини ҳам белгилаб беради. Конституциямизда мазкур норманинг белгиланиши ва давлат раҳбарининг олиб бораётган бу борадаги сиёсати натижасида таълим бўйича бир нечта халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрни юқорилаб бормоқда. Жумалдан, жорий йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 72 фоизга, МТТлар сони 5211 тадан 29 мингдан зиёдга етказилди. 2022 йилда “Finance inquirer” нашри болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича энг яхши динамикага эга бўлган дунёдаги энг пешқадам 10 та давлатни эълон қилди. Унда Ўзбекистон жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

    Сўзсиз, таълим ҳақида гап кетганда, аввало, кўз ўнгимизда ўқитувчи-педагог гавдаланади. Ушбу шахснинг ҳуқуқий мақоми, унга яратиб бериладиган шарт-шароитларни ҳал қилмасдан туриб, сифатли замонавий таълим ҳақида ўйлаш мумкин эмас, аслида. Ушбу ҳақиқатни чуқур ҳис қилган ҳолда ишлаб чиқилган Конституциямизнинг 52-моддаси қуйидагича кўриниш олди: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”. Мазкур Конституциявий норманинг моҳиятини теран англайдиган бўлсак, ниҳоятда кенг қамровли маъно касб этишини тушуниб етамиз. Сабаби Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш, муносиб авлодни шакллантириш, шу билан бирга халқимизнинг маънавий ва маданий салоҳиятини янада бойитишнинг асоси сифатида ўқитувчининг меҳнати кўрилмоқда.

    Албатта, ўқитувчи шахсига берилган бундай эътиборнинг мантиқий давоми бўлиши ҳам табиий ҳол эди. Шу сабабли Конституциямизнинг кейинги ўрнида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши таъкидланди. Ушбу конституциявий нормаларни ҳаётга тўлақонли тадбиқ этиш мақсадида қатор қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, кенг муҳокамалар асосида лойиҳаси тайёрланаётган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини келтириб ўтиш мумкин.

    Мухтасар қилиб айтганда, таълимга бўлган эътибор Бош Қомусимизда алоҳида қайд этилиши ва бу борадаги давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўлмали ислоҳотлар келажакда Ўзбекистоннинг илм-фан соҳасидаги муваффақият чўққиларини эгаллашига хизмат қилади.

    И.Р.Рустамбеков

    Тошкент давлат юридик

    университети ректори в.в.б.,

    ю.ф.д., профессор

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates