Бу нуфузли тадбирда давлат органлари вакиллари, жаҳон сармоядорлари ва соҳа етакчилари қатнашди. Қатнашчилар орасида машҳур француз нефть-газ қазиб олувчи XP Group компанияси (илгари — Expert Petroleum) ҳам бор эди. Биз XP Group бош директори ва ҳаммуассиси Жаноб Дэвид МАРТИНОН билан ушбу компаниянинг фаолияти ва Ўзбекистондаги лойиҳалари ҳақида суҳбатлашдик.
— Жаноб Дэвид, биламизки, жорий йил XP Group ўзининг 20 йиллик юбилейини нишонлайди. Сиз бошқараётган компания фаолияти ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтсангиз.
- XP Group — бу Франциянинг нефть-газ соҳасидаги компанияси бўлиб, у асосан етарлича қазиб чиқарилган, аммо салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган конларни самарадорликни ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали реабилитация қилишга ихтисослашган. Биз ушбу активларга сармоя киритамиз, қазиб чиқариш ва захираларни кўпайтириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш ва унинг атроф-муҳитга таъсирини кескин камайтиришни мақсад қилганмиз.
Биз бу мақсадларга илғор технологияларни жорий қилиш, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш орқали уларнинг салоҳиятини юксалтириш ва рақамли трансформацияни татбиқ этиш орқали эришамиз.
Охирги йигирма йил давомида биз Руминия, Украина, Венгрия, Ливия, Яман, Ироқ, Иордания ва Туркманистонда фаолият олиб бордик. Бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ ходимга эга бўлган 28 та нефть-газ объектида бошқарув ва инвестицияни амалга оширяпмиз. Сўнгги лойиҳаларимиз доирасида 250 миллион доллардан ортиқ сармоя киритдик, 4250 дан ортиқ қудуқ ичидаги техник ишлар, 700 га яқин капитал таъмирлаш, 31 та янги қудуқ қазиш ва 50 га яқин ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш ишларини амалга оширдик. Бу ташаббуслар натижасида биз қазиб олаётган конларда қўшимча равишда 21 миллион баррель нефть ва газ ишлаб чиқарилди.
- Ўзбекистонда “Энергетика ҳафталиги“ ҳамда IV Тошкент халқаро инвестиция форуми каби кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. XP Group юртимизда қандай лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда?
- Биз француз компанияси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парижга қилган сўнгги ташрифи давомида мустаҳкамланган стратегик ҳамкорликдан жуда илҳомландик. Давлат раҳбарининг энергетика соҳасини диверсификация қилиш ва модернизациялашга оид қарашлари XP Group учун ушбу соҳани узоқ муддатли ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиш имконини яратади.
Айни пайтда биз “Ўзбекнефтгаз“ АЖ билан биргаликда етилган, яъни етарлича ўзлаштирилган газ конларига инвестиция киритиш масаласида музокаралар олиб боряпмиз. Бош мақсадимиз — Ўзбекистоннинг ички газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, захираларни кўпайтириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини янгилаш, жараёнларни декарбонизация қилиш ва маҳаллий мутахассислар учун малакали иш ўринлари яратишдан иборат. Бунинг учун эса XP Group амалиётида синаб кўрилган халқаро технологияларни жорий этамиз, улар самарадорликни ҳам, барқарорликни ҳам таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
- Бундай ҳамкорлик Ўзбекистонга қандай стратегик наф келтиради, деб ҳисоблайсиз?
- Ўзбекистоннинг нефть-газ саноатидаги узоқ йиллик тарихи шуни кўрсатадики, бу соҳадаги кўплаб активлар аллақачон етилган. Бизнинг жаҳон миқёсида бундай конларни оптималлаштириш бўйича тўплаган тажрибамиз ушбу активлардан самарали ва барқарор фойдаланиш муддатини узайтиришга ёрдам бера олади.
Асосий ютуқлар қаторида, қазиб чиқариш бошланган илк йилданоқ ички газ ишлаб чиқаришнинг аниқ ўсиши, углеводородларни ўзлаштириш даражасининг яхшиланиши ҳамда конларни жаҳон андозаларига мос ривожлантиришни кўрсатиш мумкин. Энг муҳими, бу натижалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро сертификатланган ютуқлар билан уйғунлашади ва лойиҳаларнинг узоқ муддатли барқарорлигини кафолатлайди.
Бундан ташқари, бизнинг бизнес моделимиздаги яна бир муҳим жиҳат — бу “100 фоиз маҳаллий мазмун” тамойилидир. Яъни биз ҳар бир мамлакатда маҳаллий мутахассисларни ишга оламиз, уларни ўқитамиз ва уларнинг салоҳиятини оширишга ёрдам берамиз. Шу билан бирга, 2025 йил сентябрида Тошкентда фаолияти бошланадиган Ўзбек-француз университетини ташкил этиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлашга интиляпмиз. Компаниямизнинг XP Upgreen номли барқарор ривожланишга ихтисослашган бўлинмаси орқали биз янги авлодни илҳомлантиришни, углеводородларни қидириш ва қазиб олиш жараёнлари ҳам масъулиятли ёндашув воситасида нисбатан экологикроқ бўлиши мумкинлигини намойиш этмоқчимиз.
Бундан ташқари, маҳаллий хизмат кўрсатувчи корхоналарни ривожлантириш ва халқаро технологияларни манфаатдор маҳаллий томонларга ўтказиш борасида ҳам фаол иш олиб бораяпмиз.
- XP Group Ўзбекистонга декарбонизация соҳасида қандай ечимлар таклиф эта олади?
— Бизнинг қарашларимиз фақат қазиб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланмайди. XP Group сифатида биз нефть-газ операцияларининг атроф-муҳитга бўлган таъсирини камайтиришга қатъий содиқмиз. Бизнинг мақсадимиз — самарадорлик ва барқарорлик ўртасида мувозанатни топиш, шу орқали операторларга ишлаб чиқариш самарадорлигини сақлаган ҳолда, чиқиндиларни қисқартиришга ёрдам беришдир.
Биз 20 йиллик тажрибага таяниб, углеводородларни қидириш ва қазиб олиш операциялари учун махсус ишлаб чиқилган индивидуал декарбонизация ечимларини таклиф этамиз. Энергия самарадорлигини ошириш ва чиқиндиларни камайтириш ҳар доим бизнинг ёндашувимизнинг асосий қисми бўлиб келган. Бу фақат тўғри қарор бўлгани учун эмас, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам маъқул ечим ҳисобланади.
Одатда, биз беш йил давомида етилган конга сармоя киритгандан сўнг, чиқиндиларни 60 фоизгача қисқартирамиз, энергия самарадорлигини 50 фоизгача оширамиз, ичимлик сувидан фойдаланишни эса 80 фоизгача камайтиришга эришамиз. Бундай натижалар бизга амалий ва иқтисодий жиҳатдан мақбул декарбонизация стратегияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда ўзимизни кўрсатиш имконини берди.
2023 йилда Европа Иттифоқининг энергия соҳасида метан чиқиндиларини қисқартириш бўйича регламенти кучга киргач, биз ўз хизматлар портфелимизни кенгайтирдик ва энди норматив талабларга риоя этилишини таъминлаш бўйича хизматлар ҳам таклиф қиляпмиз. Бизнинг фикримизча, нефть-газ операциялари имкон қадар барқарор бўлиши шарт. Шу сабабли биз Ўзбекистонда ҳам ушбу трансформациянинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаяпмиз.
- Бугунги кунда рақамли технологиялар энергетика соҳасини сезиларли даражада ўзгартирмоқда, самарадорлиги ва ишончлилигини оширмоқда. XP Group фаолиятида рақамлаштириш қандай ўрин тутади?
— XP Group — катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишловчи компания бўлиб, унинг фаолияти асосида рақамли трансформация ётади. Ўзбекистондаги етилган конлар, уларнинг кўп йиллик эксплуатация маълумотлари рақамли таҳлил учун улкан имконият яратади.
Фаолиятимизнинг асосий қисмларидан бири тарихий маълумотларни рақамлаштиришдан иборат бўлиб, бунда босим журналлари, сейсмик ва бурғилаш маълумотлари, фавқулодда ҳодисалар бўйича ҳисоботлар, реал вақтда мониторинг ва кенгайтирилган таҳлиллар асосида тез ва оқилона қарорлар қабул қилиш таъминланади.
Айни пайтда биз сунъий интеллектни ўз иш жараёнларимизга жорий қилмоқдамиз. Масалан, қазиб чиқариш суръатининг пасайиш эгри чизиғини таҳлил қилишда бу технология бизга резервуар ҳажмининг келажакдаги самарадорлигини яхшироқ башорат қилиш имконини бермоқда. Натижада рақамли ечимларимиз углеводородларни ўзлаштириш даражасини оширишга, активлар қийматини кўпайтиришга хизмат қилади, чунки қудуқ ичидаги техник ишларни ҳам айнан рақамли маълумотларга таянган ҳолда аниқроқ ва самарали тарзда режалаштириш мумкин бўлади.
Юлия Резникова суҳбатлашди.
Ҳамкорлик материали