Унда фракциялар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни изчиллик билан давом эттиришда ҳуқуқий пойдеворни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, кенг кўламли ўзгаришларни қатъий давом эттириш мақсадида конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш парламент олдида турган муҳим вазифа эканлиги айтиб ўтилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маънавий-маданий асослари яратилди.
Кундалик ҳаётимизда «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» каби фундаментал демократик тушунчалар ва қадриятлар реал воқеликка айланди. Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгаряпти.
2021 йилда эркин ва демократик, очиқ ва ошкора, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида бўлиб ўтган Президент сайлови том маънода мамлакатимиз ўзи танланган демократик тараққиёт йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини исботлаб берди.
Кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар зарурлиги таъкидланган эди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида ҳам Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айлангани ҳамда конституциявий ислоҳотларнинг йўналишлари кўрсатиб ўтилганди.
Қўшма йиғилишда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг фракцияси аъзолари Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сураётган таклифини тўлақонли қўллаб-қувватлашини билдириб, ушбу жараёнда парламент аъзолари, кенг жамоатчилик ва халқимиз бирлашган ҳолда ушбу ислоҳотларни рўёбга чиқаришда асосий драйвер бўлиши кераклигини қайд этди.
Шунингдек, фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштиришга қаратилган аниқ нормалар барча фуқаролар, жамоатчилик вакиллари ҳамда халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида шаклланиши, бунда очиқлик ва шаффофлик таъминланишини зарурлигини билдирди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг етакчи фракциялари ҳисобланиб, сиёсий тизимда алоҳида ўрин тутади. Ушбу фракцияларнинг аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сураётган ташаббуслари партияларнинг мақсад ва вазифалари ҳамда сайловолди дастурлари билан ҳамоҳанг келиши таъкидланди.
Қўшма йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш масаласини Олий Мажлис палаталари Кенгашларига киритишга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.