Педагогик таълим кластери — таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг амалий механизми

    Янгиликларни қабул қилиш ҳамма даврларда ҳам осон кечмаган. Айниқса, у таълим-тарбия, илм-фан билан боғлиқ бўлса, илмий жамоатчилик томонидан табиий саволларга тутилиши муқаррар.

    Жамоатчиликнинг мавжуд анъаналар қобиғидан чиқиб, янгиликларни қабул қилишида ҳафсаласизлик, юзаки қарашлар, стереотиплардан воз кеча олмаслик билан боғлиқ психологик жараёнлар ҳам мавжуд. Бундай вазиятларда тақдим этилаётган ғоя, таклиф ёки лойиҳалар шарҳ ва изоҳни талаб қилади.

    Чирчиқ давлат педагогика университетининг асосий стратегик илмий тадқиқот йўналишига айланган “Педагогик таълим инновацион кластери модели” узлуксиз таълимни ривожлантиришда ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш билан боғлиқ янгилик сифатида ушбу жараённи бошидан кечирмоқда. Шу муносабат билан педагогик таълимга кластер моделини татбиқ этиш ғояси муаллифи, Чирчиқ давлат педагогика университети ректори, Ўзбекстон Республикаси фан арбоби, профессор Ғофуржон Муҳамедов билан педагогик таълим кластери, унинг мазмун-моҳияти, илмий-назарий асослари ва амалга ошириш мехнизмлари борасида суҳбатлашдик.

    — Бугунги кунда мамлакатимизда йўлга қўйилган узлуксиз таълим тизими унинг бўғинлари ўртасида интеграцион жараёнларни ҳам мазмунан, ҳам шаклан таъминлашни талаб қилади. Бу борада шу пайтгача тизимда муайян ишлар амалга оширилган, албатта. Аммо таълим ижтимоий жараён сифатида ҳар доим жамият талабларига мувофиқ ўзгаришларни, янгиланишларни талаб қилади. Тизимдаги таълим бўғинлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга заруратни қандай изоҳлайсиз?

    — Мамлакатимизда таълим тизимининг мустақиллик йилларидаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, бу давр мобайнида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганининг гувоҳи бўламиз. Айтиш жоизки, таълим турлари ўртасидаги алоқа ва узвийликнинг таъминланишида мазмун ва шакл билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳам кузатилди. Бу эса, пировардида, мақсадни белгилашдаги тарқоқликка, таълим турлари ўртасидаги интеграциянинг сустлашувига ва таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлди. Ҳали-ҳануз таълим турлари ўртасидаги муносабат, ҳамкорлик механизмларини тўғри йўлга қўйишнинг оптимал модели таклиф қилинган эмас. Кадрлар тайёрлаш бўйича давлат сиёсатида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ўзига хослиги, эҳтиёжларнинг тўлиқ ҳисобга олинмаслиги, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифнинг чуқур ўрганилмаслиги натижасида кадрларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотида мувозанатнинг бузилиши ҳам кузатилмоқда. Бунинг натижасида айрим ҳудудларда педагог кадрларга бўлган эҳтиёж қондирилмасдан келмоқда.

    Давлатимиз раҳбари таълим борасида билдирган фикрларида соҳада узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини такомиллаштириш, таълимий ҳамкорлик муаммоларига инновацион ечимлар ишлаб чиқиш лозимлигини бир неча бор таъкидлаган. Айни шу муносабат билан Чирчиқ давлат педагогика университети педагогик таълимда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашнинг амалий механизми сифатида Педагогик таълим инновацион кластерини ўзининг стратегик илмий тадқиқот йўналиши сифатида белгилаган.

    Ўзбекистон шароитида узлуксиз таълим тизимида шундай янги механизм яратилиши ҳаётий заруратга айландики, унда таълим турлари ўртасида ўзаро назорат йўлга қўйилиши, соғлом рақобат таъминланиши, манфаатларнинг сифатли қондирилишига эришиш талаб этилади. Олий педагогик таълимнинг жамият барқарор ривожланишидаги юқори ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда замонавий талаблар, тизимдаги муаммолар ва уларни ҳал қилишда таълим, фан ва ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги тарқоқлик узлуксиз педагогик таълимни кластер ривожланиш моделига ўтказиш заруратини тақoзо этмоқда. Бу борада Чирчиқ давлат педагогика институтида педагогик таълимни кластерлаштиришнинг илмий-назарий асослари ва унинг амалий жиҳатлари тадқиқ қилинмоқда.

    — Демак, сиз раҳбарлик қилаётган Чирчиқ давлат педагогика университетида таълим турлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини кластер модели асосида такомиллаштириш университетнинг стратегик илмий тадқиқот йўналиши сифатида белгиланган. Тажрибадан маълумки, кластер модели иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш тармоқларида самарали ҳисобланади. Ушбу моделни таълим тизимига татбиқ қилиш, сизнингча, назарий жиҳатдан қанчалик тўғри ва асосли?

    — Дунё тажрибасида таълимни кластерлаштириш моделига ўтказиш билан боғлиқ тажрибалар мавжуд. АҚШнинг Массачусетс ва Гарвард университетларида иқтисодиёт тармоқларида мавжуд ишлаб чиқариш жараёни кетма-кетлиги таълим кластерларида инсон капиталининг бозор механизмларидаги эквиваленти сифатида моделлаштирилган. Дарҳақиқат, иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш тармоқларида қуйидаги универсал алгоритм (занжир) амал қилади: хом ашё – хом ашёга ишлов бериш – маҳсулот – бозор – харидор.

    Иқтисодиётдаги кластер модели ишлаб чиқариш занжиридаги мазкур ҳалқаларни ягона субъект остида бирлаштириш орқали маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва сифатини яхшилашни, пировардида, ишлаб чиқариш субъектининг рақобатбардошлигини оширишни назарда тутади.

    Ишлаб чиқаришнинг универсал алгоритми кадрлар тайёрлаш ва таълим хизматлари кўрсатувчи соҳа – узлуксиз таълим тизимида ҳам мавжуд. Зеро, узлуксиз таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимининг хом ашёси ҳам, маҳсулоти ҳам инсондир. Таълим тизимда ишлаб чиқаришнинг универсал алгоритми мана бундай кўринишда бўлади: тарбияланувчи (МТТ)-ўқувчи (УМ)-талаба (ОТМ)-ўқитувчи-таълим муассасаси-истеъмолчи

    Педагогик таълим инновацион кластери мазкур таълим босқичларини ягона умумий мақсад атрофида бирлаштириш, улар ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини хусусий манфаат тамойилига мувофиқ такомиллаштириш, таълимга билвосита алоқадор субъектлар: маҳалла, маҳаллий ҳокимликлар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг имкониятларини таълим сифатини оширишга йўналтиришни назарда тутади.

    Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш тармоқларидаги универсал алгоритмни таълим тизимига татбиқ этиш мумкинлиги педагогик таълимни кластер ривожланиш моделига ўтказиш ғоясининг назарий жиҳатдан тўғрилигини тасдиқлайди.

    — Суҳбатимиз кенг газетхонлар жамоасига тушунарли бўлиши учун сиз таклиф қилаётган педагогик таълим кластери моделининг мазмунини қисқача шарҳлаб берсангиз.

    — Педагогик таълим кластери муайян ижтимоий-географик ҳудуднинг рақобатбардош педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини сифатли қондириш мақсадида бир-бири билан ўзаро манфаатли алоқадаги тенг ҳуқуқли алоҳида субъектлар, технологиялар ва ишчи кучларининг интеграциялашувини таъминловчи механизм ҳисобланади. Соддароқ қилиб айтсак, педагогик таълим кластери модели таълим турлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни манфаатлар хусусийлиги тамойилига мувофиқ такомиллаштиришни, педагогик таълимга тарғибот ишларини ворисийлик тамойилига мувофиқ ривожлантиришни, таълим муассасаларида ўзаро назоратга асосланган ҳамкорлик шаклини қарор топтиришни назарда тутади.

    Биласиз, фанда “тизим” тушунчаси бор. Кластер мазмун-моҳияти билан ўзаро ҳамкорликка асосланган тизим тушунчасига яқин келади. Аммо кластернинг оддий тизимдан фарқли жиҳатлари мавжуд. Бу махсус, ўзига хос тизим бўлиб, элементларни қўшиш билан унинг иши яхшиланади, аммо олиб ташлаш билан ҳалокатли оқибатлар кузатилмайди.

    Биз тадқиқотларимиз натижасида бугунги кунда кластернинг тизимдан фарқли жиҳатларини аниқлаштирдик. Улар қуйидагилардан иборат:

    Биринчидан, тизим элементларининг ҳар бири алоҳида вазифани бажарса-да, аммо улар муҳимлик даражасига кўра бир-биридан фарқ қилади. Кластер таркибидаги элементлар эса тенг ҳуқуқли компонентлардан ташкил топади.

    Иккинчидан, тизим таркибидаги элементлардан бирининг ишламаслиги бутун тизимнинг нуқсонли ишлашига ёки ишламаслигига сабаб бўлади. Кластер таркибидаги элементлардан бирининг ишламаслиги самарадорликни пасайтириши мумкин, бироқ қолган элементларнинг фаолиятини тўхтатиб қўймайди.

    Учинчидан, тизимни механик алоқадорлик асосида ҳам ташкил қилиш мумкин, аммо кластер таркибидаги элементлар онгли, табиий ва мақсадли алоқадорликка асосланади.

    Тўртинчидан, тизимни ташкил қилувчи элементларда ҳар доим ҳам хусусий манфаатдорлик талаб қилинмайди, аммо кластерда хусусий манфаатдорликсиз субъектлар ишламайди.

    Бешинчидан, тизимда ягона мақсад мавжуд ва ҳар бир элемент ўша мақсадга бўйсундирилган бўлади. Кластерда эса ягона мақсаддан (умумий мақсаддан) ташқари ҳар бир элементнинг хусусий мақсади ҳам бўлади. Субъектларнинг хусусий мақсадлари умумий мақсаддан кам аҳамиятга эга эмас.

    Олтинчидан, тизимни алоҳида қисмлардан иборат бутунлик, кластерни эса алоҳида бутунликлардан иборат бутунлик, дейиш мумкин.

    Таълим кластери ўзида нафақат таълим турлари ўртасидаги, балки фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциялашув жараёнларини, шунингдек, таълимни бошқариш, таълим воситалари ва шакллари билан боғлиқ соҳаларни ҳам жамлайди. Кластер ёндашуви таълим бериш, ўқув адабиётларини яратиш, педагог кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, таълим ва тарбия узвийлиги билан боғлиқ умумий йўналишларда фаолият олиб боради. Бу эса муаммонинг умумий методологик характерга эга эканини кўрсатади. Айни пайтда бу умумий йўналишлар таълимни бошқариш ва ташкиллаштириш, таълим турлари ва йўналишлари, узвийлик ва интеграцияни таъминлаш, ўқитиш методлари ва воситалари каби йўналишларда хусусий методологик характер касб этади. Бу эса муаммонинг ечимига нисбатан дедуктив (умумийликдан хусусийликка келиш) усулда ёндашиш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатади.

    — Сиз айтаётган ҳамкорлик механизмлари бугунги кунда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш шаклида амалиётда мавжуд. Шунга қарамасдан, кластер ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишга қандай зарурат бор эди?

    — Жуда ўринли савол бердингиз. Бу сизнинг педагогик таълим кластери моделининг моҳияти борасида мен айтаётган фикрларни англаётганингизни билдиради.

    Мамлакатимизда содир бўлаётган фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси тадрижини кузатиш бизга унинг мазмунини замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш заруратини пайдо қилмоқда. Бу учала соҳанинг ўзаро интеграциясини таъминлаш ва у орқали таълимнинг фанга, фаннинг ишлаб чиқаришга “хизмат қилиши”га эришиш, дарҳақиқат, муҳим. Аммо йиллар давомида мазкур учликни ўзаро узвий боғлайдиган, уларнинг ҳамкорлигини таъминлайдиган ва интеграциясини қарор топтирадиган самарали механизм ишлаб чиқилмади. Бизнингча, бунинг сабаби, бу учликнинг ҳар бири алоҳида тизим сифатида ўзида бир қанча субъектларни бирлаштиришида кўзга ташланади. Биргина таълим тизимини олиб қарайдиган бўлсак, унда таълим босқичлари ўртасидаги ҳамкорлик, муносабат масалалари, таълим мазмунига қўйилаётган талаблар, воситаларни замонавийлаштириш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш билан боғлиқ жуда кўплаб масалалар мавжудки, уларни йўлга қўймасдан туриб учлик интеграциясини таъминлаш қийин. Таълимдаги вертикал интеграцияларни таъминламасдан таълим, фан ва ишлаб чиқаришга асосланган горизонтал интеграцияни қарор топтириш мумкин эмас. Демак, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси бу учликнинг ҳар бирида мавжуд бўшлиқларни тўлдиришни талаб қилади. Биргина мисол, олий таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактаблари, умумий ўрта таълим мактаблари ва маҳалла, таълим муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган.

    Педагогик таълим кластери мазкур бўшлиқларни тўлдиришга, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга ёрдам берувчи модел сифатида таклиф қилинмоқда.

    — Кластер моделида ҳамкор субъектлар масаласи муҳим ҳисобланади. Педагогик таълим кластерида қандай ижтимоий институтлар ҳамкор субъектлар сифатида қаралади?

    — Педагогик таълим кластери субъектлари сифатида муассасаларнинг таълимий, илмий, услубий фаолиятининг сифатини оширишга хизмат қиладиган барча давлат ва нодавлат ташкилотларини тушуниш мумкин. Кластер модели ҳар бири алоҳида фаолият олиб бораётган субъектларни умумий мақсад атрофида бирлаштиради ва айни пайтда, ҳар бир субъект умумий мақсаддан келиб чиққан ҳолда хусусий манфаатдорликда иш юритади. Кластер модели субъектлари бир-бирини қўллаб-қувватлайди ва назорат қилади, ҳар бири алоҳида кластернинг маънавий ва интеллектуал майдонини яратади, ўзаро ижтимоий таъсири ҳамда аҳамиятини кенгайтиради.

    Педагогик таълим кластери субъектлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: барча турдаги мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, олий таълим муассасалари ва педагогик кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасалари, педагогик фаолиятга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлган ва унинг ривожланиш тамойилларини белгилайдиган илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи илмий ва илмий-методик тузилмалар, марказлар, илмий тадқиқот институтлари, педагогик ҳамжамиятлар, ташаббускор жамоалар, жамоат бирлашмалари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хорижий олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари, оила, маҳалла ва маҳаллий ҳокимликлар.

    Педагогик таълим кластери субъектлари, асосан, алоқадорлик нуқтаи назаридан вертикал, фаолият шакли нуқтаи назаридан горизонтал стратегияга асосланади. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим босқич нуқтаи назаридан қуйидан юқорига қараб вертикал жойлашади. Аммо бу уларнинг даражасини ва мавқейини белгиламайди. Уларнинг ҳар бири тенг мақомга эга бўлиб, горизонтал стратегия бўйича фаолият олиб боради. Демак, педагогик таълим кластери субъектлари ўз манфаатидан келиб чиққан ҳолда ихтиёрий шаклда кластер субъекти сифатида қайд қилиниши ёки қайд қилинмаслиги ҳам мумкин.

    Субъектларнинг бир пайтнинг ўзида бир нечта стратегик фаолият олиб бориши ва унинг фокусини кластернинг ҳам умумий, ҳам хусусий мақсадларига тўғрилаш анча мураккаб жараён ҳисобланади. Бу мураккабликни илмий ва амалий нуқтаи назардан ҳал қилиш кластерлаштириш жараёнининг асосий шарти ҳисобланади. Худди шу нуқтада педагогик таълим кластери илмий тадқиқ қилишга ва ҳаётий амалий ечимларга зарурат сезади.

    Субъектларнинг ўзаро алоқалари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асоси сифатида таълим тизимини шакллантириш доирасида ҳамда олий таълим муассасаларининг тегишли факультетлари ва кафедралари билан яқин алоқада амалга оширилади. Педагогик таълим кластери субъектлари ўртасида олий таълим муассасалари марказий бўғинни эгаллайди. Бу вертикал стратегия бўйича қуйи ва юқори бўғинлар ўртасида ўзаро салоҳият, ахборот, технология ва инновацияларни узатиш, созлаш, мувофиқлаштириш жараёнида кўзга ташланади.

    – Тушунишимизча, педагогик таълим кластери ўзининг илмий-назарий асосларига, тадқиқот йўналишларига ва уни амалиётга татбиқ этиш механизмларига эга модел сифатида илмий жамоатчиликка тақдим қилинмоқда экан. Чирчиқ давлат педагогика университетининг ушбу стратегик илмий тадқиқот лойиҳаси қандай таълимий тамойилларга асосланади?

    – Педагогик таълим кластерининг аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаш, фаолият чегараларини олдиндан кўра билиш учун унинг қандай тамойилларга асосланиши ҳақида аниқ хулосаларга келиб олиш лозим.

    Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим сиёсатининг тамойиллари ва мавжуд шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда педагогик таълим кластерининг тамойиллари такомиллаштирилди. Уларнинг айримлари таълим тизимида ёндашув, шакл ёки мазмун ҳодисаси сифатида мавжуд. Чунки педагогик таълим инновацион кластери мамлакатимизда амалда бўлган таълим тизимига муқобил янги таълим модели эмас. Ушбу моделни мавжуд тизимни такомиллаштиришга қаратилган янгича ёндашув сифатида тушуниш мақсадга мувофиқ бўлади ва бу биз таклиф қилаётган тамойилларни тушунишга, амалда қўллашга ёрдам беради.

    Педагогик таълим кластерининг тамойиллари қуйидагилардан иборат:

    Табиий алоқадорлик тамойили: кластер субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик, алоқадорлик масаласининг табиийлиги, яъни боғлиқлик масаласининг ҳудудий, соҳавий ёки вазифавий жиҳатдан объективлигидир.

    Узвийлик ва узлуксизлик тамойили: кластер субъектларининг ўзаро боғлиқликда занжир ҳосил қилиши, занжирни ҳосил қилувчи ҳар бир бўғин ўзининг аниқ вазифаларига эга эканлиги, узлуксизлик занжирида бўшлиқларга йўл қўйилмаслигидир.

    Изчиллик тамойили: кластер субъектларининг вертикал ягона чизиқ бўйлаб жойлашуви, бунда қуйидан юқорига, оддийдан мураккабга қараб босқичма-босқич ҳаракатланиш тенденциясига амал қилинишидир.

    Ворисийлик тамойили: кластернинг авлодлар алмашинувидаги роли, тьюторлик фаолияти, педагогик таълимни кластерлаштириш натижасида субъектларнинг малакали педагог ходимларга бўлган эҳтиёжининг мунтазам қондирилишига эришишдир.

    Йўналтирилганлик тамойили: кластер доирасида амалга оширилаётган ҳар бир фаолият турининг аниқ мақсадга йўналтирилгани, кутилаётган натижаларнинг олдиндан чамалаш ва баҳолаш имкониятининг мавжудлигидир.

    Замонавийлик тамойили: соҳага оид замонавий илм-фан ютуқларини тизимга жорий қилиш, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириш, ахборот-коммуникация ва рақамли технологиялардан оқилона фойдаланиш.

    Мақсаднинг умумийлиги тамойили: кластер субъектларининг хусусий мақсадларидан ташқари глобал аспектдаги ягона мақсад атрофида бирлашуви.

    Манфаатларнинг хусусийлиги тамойили: педагогик таълим кластери моделида ҳар бир субъектнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан манфаатдор бўлиши.

    Ўзаро назорат тамойили: кластер модели доирасида бирлашган таълим субъектларининг ўзаро ягона тизимни ҳосил қилиши ва бу тизимнинг нуқсонсиз ишлашидан ҳар бир субъектнинг манфаатдор эканлиги, маълум субъектда йўл қўйилган хато ёки камчилик бошқа субъектларнинг фаолият самарадорлигига таъсир кўрсатиши, субъектлар фаолиятини ўзаро баҳолаш тизимининг йўлга қўйилишидан иборат.

    Ушбу тамойиллардан келиб чиққан ҳолда педагогик таълим кластерини яратишда бир нечта муҳим йўналишларни белгилаб олиш мумкин бўлади. Улар қуйидагилардан иборат: биринчидан, кластер субъектлари ўртасида умумий мақсаднинг мавжудлиги; иккинчидан, субъектларнинг биргаликдаги фаолиятининг ҳуқуқий асосга эгалиги; учинчидан, кластер доирасида бирлашган субъектлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар тизими; тўртинчидан, бошқарув меxанизмининг мувофиқлаштирилганлиги, бешинчидан, субъектлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг умумий мақсаддан чекинилмаслиги; олтинчидан, субъектлар ўртасида ўзаро назорат тамойилига амал қилиш.

    Устоз, педагогик таълим кластери қандай афзалликлари билан соҳани ривожлантиришга хизмат қилади, деб ўйлайсиз?

    – Педагогик таълим кластери модели компонентларига берилган шарҳ ва изоҳлардан келиб чиқиб, у қуйидаги афзалликларни таъминлайди, деган хулосага келиш мумкин:

    биринчидан, қўйилган вазифани ечишда, таълим муассасалари фаолиятини ташкил қилишда таълим кластери субъектларининг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда умумий бошқарувни ташкил қилиш;

    иккинчидан, таълим кластерида умумий бошқарувни ташкил қилиш орқали ўзаро назорат тамойилининг ишга тушиши натижасида кластер субъектларидаги муаммоли жиҳатлар ва заиф бўғинларни аниқлаш, муаммоларни ташкилий жиҳатдан биргаликда ҳал этиш имкониятига эга бўлиш;

    учинчидан, таълимда кластер ёндашуви ўзаро интеграцияга имкон беради, яъни ҳар бир таълим муассасаси кластер субъекти сифатида ўз фаолиятини умумкластер манфаатларига, айни пайтда ўзининг манфаатларига мослаб ташкил қилади, бу билан тизимнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Таълим тизимига нисбатан бу каби янгича ёндашувларни татбиқ қилиш илгари педагогика соҳасида ўрганилмаган ёки етарли даражада ўрганилмаган янги ҳодисаларни, шунингдек, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва тарқатишга тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлаш имконини беради.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates