Педагоглар ҳар беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака оширади

    Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилади.

    Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий ривожлантиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади, жумладан:

    мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий эҳтиёжлари ва малака тоифасидан келиб чиқиб табақалашган таълим дастурлари асосида узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими (вазирлик – малака ошириш муассасаси – таълим ташкилоти) йўлга қўйилади;

    мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун 5 йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинади.

    2025 йил 1 январдан педагог ва мутахассис кадрлар касбий ривожланишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида барча умумий ўрта таълим муассасаларида малака оширишнинг “Касбий ривожланиш соати”, таянч умумий ўрта таълим муассасаларида эса, шунингдек, “Касбий ривожланиш куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилади.

    2024 йил 1 июлдан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларининг хорижда малака ошириш курсларида ўқиганлиги ёки стажировкадан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатлари (диплом, сертификат, гувоҳнома ва бошқалар) миллий узлуксиз касбий ривожлантириш тизимида малака оширганлик тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.

    2025 йил 1 январгача Институт ва Ҳудудий марказларга камида бир нафардан нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларини битирган чет эллик мутахассислар жалб қилинади.