баннер
24 апр 2025
01:58

    Покистонда ўтказилган Made in Uzbekistan кўргазмасида 181 та шартнома имзоланди

    Шартномаларнинг 263 миллион АҚШ доллари экспорт савдо, 236 миллион АҚШ доллари эса импорт шартномаларини ташкил этади.

    "Lahore Expo Center" марказида ташкил этилган ушбу тадбирда уч кун давомида юртимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, мебель ва ёғочсозлик, кимё, фармацевтика саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилди.

    Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини илгари суришни мақсад қилган ушбу муҳим тадбирда иштирок этиш учун республика Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда турли соҳаларда фаолият юритувчи 150 дан ортиқ тадбиркорлардан иборат нуфузли делегация Лаҳор шаҳрида ташриф билан бўлди.

    Кўргазманинг очилиш маросимида Покистоннинг федерал ва маҳаллий ҳукуматлари расмийлари, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, 500 дан ортиқ покистонлик бизнес доира вакиллари иштирок этди.

    Уч кун давомида 80 мингдан ортиқ ташриф буюрувчилар миллий саноат маҳсулотлари ва ҳамкорлик имкониятлари билан танишди. Тадбир доирасида Ўзбекистон тадбиркорларининг 500 дан ортиқ "B2B" учрашувлари ташкил этилди. Уларда янги савдо шартномаларини тузиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

    Делегация аъзолари, шунингдек, Панжоб вилоятининг йирик саноат марказлари – Файсалобод, Сиалкот, Гужранвала, Гужрат, Баҳавалпур, Мўлтон ва Шейхпура шаҳарларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги ихтисослашган корхоналар ва уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишди. Аниқ истиқболли лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришиб, қисқа фурсатларда ўзаро ташрифларни уюштириш ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича музокараларни батафсил давом эттириш томонларнинг иш режаларига киритилди.

    Кўргазма давомида умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг 181 та шартнома имзоланди. Шундан 263 миллион АҚШ доллари экспорт савдо шартномалари, 236 миллион АҚШ доллари эса импорт шартномаларини ташкил этади.

    Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги бош ижрочи директори Файз Аҳмад билан ўтказилган учрашувда мамлакатларимиз ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимга киритилган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини Покистонга экспорт қилиш учун фитосанитар рухсатномалар олишни тезлаштириш ҳамда икки мамлакат электрон савдо платформаларида маҳсулотларни жойлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳни шакллантириш юзасидан келишувга эришилди.

    Шунингдек, маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда Покистон ҳудудларида Ўзбекистон савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакатда паритет асосида тижорат ярмаркаларини ташкил этиш, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт-логистика, қурилиш материаллари, терини қайта ишлаш ва чарм маҳсулотлар, чинни буюмлар, мебелсозлик йўналишларида икки томонлама музокаралар ўтказилиб, ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилди.

    Тадбир иштирокчилари бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши бизнес доиралари ҳамда кенг жамоатчиликнинг икки давлат саноат маҳсулотлари тўғрисидаги ўзаро хабардорлигини оширишини, ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида аниқ режаларни шакллантиришини қайд этишди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштириш, йил давомида қўшма тадбирларни яна ташкиллаштириш бўйича келишиб олинди.

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech