Маданий марказ ҳудудида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев «Дўстлик рамзи» дарахтини ўтқазди.
Маросимда Карачи шаҳрининг йирик тадбиркорлари, экспорт-импорт корхона раҳбарлари, бизнес доира ва туристик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан «Diners Group» компанияси раҳбари Соҳаил Мотен мазкур савдо уйи ва маданий марказ икки мамлакат ўртасидаги минтақавий боғлиқликни қайта тиклаш, ўзаро савдо ҳажмларини янада ошириш, инвесторлар учун зарур маълумотларни тақдим қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон элчиси ўз нутқида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий алоқалардаги жорий суръатни сақлаб қолиш ва уни янада яхшилаш, маданий ришталарни жонлантириш борасида мамлакатимиз раҳбарияти ва ҳукумати томонидан кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди.
«Савдо муносабатларимиз номенклатурасини янги бирликлар билан бойитиш, товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш борасида олий даражада эришилган келишувларни самарали ижро этишимизга замин яратади», - деди Алишер Тўхтаев.
Шунингдек, тадбирда савдо уйи ва маданий марказ Покистон ва Ўзбекистон, Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишда истиқболли лойиҳалар ва замонавий ечимларни ишлаб чиқиш, икки миллат ўртасида узилиб қолган ришталарни қайта тиклаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши таъкилдланди.
Савдо уйида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари – тўқимачилик соҳаси намуналари, ип-калава, жун ва тери, пластик гранулалар, қуруқ мевалар жойлаштирилган. Ҳозирда маҳсулотлар сони ва турини кўпайтириш борасида ишлар олиб бориляпти.
Бинога ўрнатилган катта экранда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларининг сайёҳлик масканлари, мамлакатимизнинг саноат ва инвестицион имкониятларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.