Польша фармацевтика компанияси юрак-ўпка реанимацияси учун ўқув фантомлари мажмуасини тақдим этади

    Ўзбекистон элчихонасида Польшанинг «Adamed Group» компанияси директори Катарина Дубно билан учрашув бўлиб ўтди.

    Унда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва компаниянинг Ўзбекистон фармацевтика бозорига янада фаол кириши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

    1986 йилда ташкил этилган «Adamed Group» Польшадаги иккинчи йирик фармацевтика ва биотехнология компанияси ҳисобланади. У Испания, Россия, Чехия, Вьетнам, Италия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Словакия ва Украинада ўз ваколатхоналарига эга.

    Жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ҳам ушбу компаниянинг тўлақонли ваколатхонаси очилди. Ҳозирги пайтда унда 30 нафар ходим ишга қабул қилинмоқда. Офис фаолияти мутахассислар тайёрлаш, Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларини махсус жиҳозлар билан таъминлаш, фармацевтика саноатида технологик инновацияларни қўллаш, фармацевтика ва тиббий хизматлар интеграциясини рағбатлантириш, шунингдек, Польшада мутахассислар тайёрлаш учун грантлар ажратиш билан боғлиқ лойиҳаларни илгари суришга йўналтирилади.

    «Adamed Group», шунингдек, Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари савдосини оширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, ўзбек бозори таҳлили асосида Ўзбекистонда дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарни очиш масаласи ҳам кун тартибида турибди.

    Учрашув чоғида Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Тошкент тиббиёт академияси (ТТА) билан аввал эришилган келишувларни амалга ошириш борасидаги муваффақиятлардан мамнуният билдирди. Хусусан, «Adamed Group» компанияси ТМА негизида талабалар учун дори воситалари ишлаб чиқариш, биотехнология ва фармацевтика соҳасида инновация тадқиқотлари, ноу-хауни жорий этиш бўйича симуляция ўқув лабораториясини қуришга киришди. Бундан ташқари, 2022 йилда ТТАнинг энг яхши талабалари учун 440 минг доллар миқдорида 8 та грант ажратилди.

    Ўз навбатида, Катарина Дубно Ўзбекистонда соғлиқни сақлашнинг асосий вазифаларидан бири бўлажак тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш эканини қайд этгани баробарида Польша компанияси бу жараёнда кўмак бериш ниятида эканлигини тасдиқлади.

    Яқин келажакда компания Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар учун (экспериментал синфлар) «ADAMED SmartUP Academy» пилот дастурини амалга ошириш, инновацион ечимларни топиш ёки бозорда мавжуд дори воситаларини такомиллаштириш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликни ривожлантириш, юрак-ўпка реанимацияси учун ўқув фантомлари мажмуасини тақдим этишни мўлжалламоқда.

    Ушбу лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш мақсадида «Adamed Group» вакиллари 21-24 ноябрь кунлари амалий сафар билан Ўзбекистонга боришни режалаштирмоқда.