Учрашувда асосий эътибор “LOT Polish Airlines ” авиакомпаниясини мамлакатимиз бозорига жалб этиш ва авиакомпания иштирокида Ўзбекистон шаҳарлари орқали дунёнинг турли нуқталарига парвозларни амалга оширишга қаратилди. Музокаралар жараёнида мамлакатимизда туризм соҳасида фаолият олиб бораётган етакчи тадбиркорлик субъектлари ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида хорижий томонга Ўзбекистон ҳудудида амалдаги барча имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида “Очиқ осмон” режими жорий этилганлиги ва эндиликда хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъий назар авиақатновларни амалга ошира олиши ҳақида хабардор этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар ва келгуси режалари, шунингдек, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Ўз навбатида “LOT Polish Airlines ”авиакомпанияси вакиллари ҳам Ўзбекистон улар учун устувор йўналишлардан бири эканлигини ва 2024 йил март ойида “Варшава – Тошкент – Варшава” йўналишида ҳафтасига 3 марта тўғридан-тўғри парвозлар очилиши ҳамда 2-босқичда Самарқандга авиақатновларни йўлга қўйилиши режалаштирилганлигини маълум қилди.
Музокаралар якунига кўра, Маданият ва туризм вазирлиги ва “LOT Polish Airlines ” авиакомпанияси ўртасида мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, авиакомпания ҳаво кемаларида ва веб-ресурсларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этиш ва тарғибот материалларини биргаликда тайёрлаш ҳамда истиқболли авиайўналишларни ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олинди, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.