Қаллибек Камалов: Бирликнинг меваси тинчликда, мустаҳкам ҳамжиҳатликда

    Замонамизнинг таниқли адиби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг шундай ажойиб сатрлари бор:

    Бугун Аму бўлиб оққим келади,

    Арғимоқ от бўлиб чопгим келади,

    Бугун ўнгрига ўзбек оғамнинг

    Кўнглимдан гул узиб таққим келади…

    Қадимдан овули аралаш, қўйи қўралаш, бир-бири билан қиз олиб, қиз бериб, тинч-тотув яшаб келаётган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг дўстлик, қардошлик алоқаларини куйловчи бу мисраларни эслаганимда юрагим ҳапқириб кетади.

    Жаҳон ҳамжамияти сафидаги ўрнини тобора мустаҳкамлаётган Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳамжиҳатликда хизмат қилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида: “Барчамиз учун Ватан ягона. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса давлатимизнинг тинчлиги, Ватанимизнинг ривожи, халқимизнинг фаровонлигидир. Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни, албатта, бирга қурамиз”, деганди.

    Шу ўринда ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг урф-одатлари, ўлмас қадриятлари, адабиёт ва санъати уйғун, азалий ҳамнафас эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Икки миллатга ҳам бирдек тегишли “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонлари болалигимиздан қалбимизга қўйилган абадий қўшиқ ҳисобланади.

    Ибройим Юсупов:

    Томиримизда туғишганлик қонимиз бор қотишган,

    Ота-бобо бир нон топса, бирга бўлиб тотишган...

    – деб ёзган бўлса, Абдулла Орипов:

    Мен ўзбек, сен эса қорақалпоқсан,

    Турклар дунёсида сен ҳам тупроқсан,

    Ўзбекга азалий туғишган иним,

    деб қардошлигимизнинг илдизлари нақадар чуқур эканлигини куйлаган.

    Юрт байроғини самога ҳилпиратган ўзбек ва қорақалпоқнинг мард йигитлари икки дарё оралиғидаги жонажон диёримизда бирдек азиз ҳисобланади.

    Кейинги йилларда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий, моддий ва инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Айниқса, экологик ҳалокат марказида жойлашган Мўйноқ туманида олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари барчани ҳайратга солмоқда.

    Тарихдан маълумки, ўзбек халқи илм, таълим, қурилиш, адабиёт ва санъат, маданият, ҳунармандчилик соҳалари бўйича Шарқ халқлари орасида етакчилар сафида бўлган, таниқли намоёндалари жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган. Шу билан бирга ислом таълимотининг ривожидаги ўрни ниҳоятда катта эканидан доим фахрланиб келамиз.

    Бир ҳақиқат бор, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг тили, дини, маданияти бир. Айниқса, қорақалпоқ халқининг улуғ шоири Бердақ бобомизнинг “Навоийдан савод очдим” деган мисралари ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг адабиёти, маданияти узоқ йиллар ҳамоҳанг ривожланганини яна бир бор исботлайди.

    Қирғиз халқининг буюк адиби Чингиз Айтматов ўзбек халқи тўғрисида кўп бора ажойиб фикрлар билдирган. Хусусан, ўзбек халқининг маданияти, Марказий Осиё халқларига кўрсатган улкан таъсири Византиянинг рус халқига кўрсатган таъсири билан баробар, ўзбек халқи илгари ҳам, бугун ҳам бизнинг сўйлар сўзимиз, Шарқдаги савлотимиз, дея таъкидлаган эди.

    Тарихга назар солсак, ўзбек халқи раҳбарлари мамлакат ривожи йўлида кўп тарихий ишларга раҳбарлик қилган. Масалан, Усмон Юсупов Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган 1943 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Фанлар Академиясини ташкил этди. Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарлардан йирик олимларни чақириб, ўзбекистонлик ёшларнинг илмий-тадқиқот ишларини олиб боришига йўл очиб берди. Шунингдек, уруш йилларида йирик корхоналарни олиб келиб, Ўзбекистонни саноат марказига айлантирди. Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда 20 га яқин олий таълим муассасаларини ташкил қилиб, ёшларимизнинг илм ва касб-ҳунар эгаллашига замин яратди. 1947 йилда Чоржов – Қўнғирот темир йўлининг қурилиши эса ўлка ривожланишини жадаллаштиришда жуда катта аҳамият касб этди.

    Мамлакатимизга 25 йил давомида раҳбарлик қилган Шароф Рашидов ҳам жуда самарали фаолият олиб борди. У Қорақалпоғистонга катта ҳурмат билан муносабатда бўлиб, ҳамма вақт амалий ёрдам беришга ҳаракат қилди. Республикамизни комплекс ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Тахиатош ГРЭСи, Тахиатош плотинаси, темир йўл тармоқлари ва асфальт йўлларини тез суръатда қуриш, Элликқалъа, Ёмбошқалъа массивларини ўзлаштириш, адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш бўйича кўплаб саъй-ҳаракатлар ташаббускори бўлди.

    Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан кейин унинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлиги даврида ҳам Ўзбекистонимизда кўплаб кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Энг катта воқеалардан бири – малакатимиз дон мустақиллигига эришди. Қизилқумнинг ўртасидан Хоразм ва Қорақалпоғистонга, Қамчиқ довонидан Фарғона водийсига темир йўл ўтди.

    Бугун эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ривожи, халқ фаровонлиги йўлидаги улкан бунёдкорлик ишлари бутундунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётгани бутун халқимиз кўнгилини қувонтирмоқда.

    Президентимиз 2016 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловолди учрашувини Қорақалпоғистондан бошлади. Аниқроғи, Шуманай туманида сайловчилар билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувда мен сўзга чиқиб узоқ йиллардан бери давлат бошқарувида чуқур билими, ташаббускорлиги, халқларимизга бўлган садоқати билан ҳурмат қозонган Шавкат Миромоновичга овоз беришга даъват этдим. Халқимиз ўзи ишонган фидоий инсонни юрт раҳбари этиб сайлади. Мамлакатимиздаги бугунги беқиёс ўзгаришлар, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси Президентимиз сиёсатининг оқилона, ўта халқчил эканлигини ифодалаб турибди.

    2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши бежиз эмас. Зотан, халқ манфаатини барча нарсадан устун қўйиш – бу юрт етакчисининг энг эзгу мақсади. Шу мақсадни амалга ошириш учун Тошкентда, Қорақалпоғистонда, вилоятларда Президент томонидан Халқ қабулхоналари ташкил қилинди. Қабулхоналарга мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоларинига қулоқ солиб, уларни ижобий ҳал этиш йўлга қўйилди. Халқ ва ҳукумат елкадош бўлди. Бу тадбирлар мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун хизмат қилишини кўрсатди.

    Президентимиз келажакни чуқур ўйлаб, халқ хўжалигининг, жамиятимизнинг барча соҳалари бўйича ҳозирги замонга хос вазифаларни аниқлаб, муҳим фармонлар, қарорлар қабул қилди.

    Шу ўринда Шавкат Миромоновичнинг Қорақалпоғистонга алоҳида диққат-эътиборини, меҳрини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. У Президент бўлиб сайланганидан кейин ўзининг дастлабки хизмат сафарини Қорақалпоғистондан бошлаб, барча муҳим вазифаларни чуқур кўриб чиқди, тегишли ечимларни қабул қилди. У ўз сўзида “Мен ўзбек ва қорақалпоқ халқининг фарзандиман” деб таъкидлаши халқимизда катта фахр ва ҳурмат туйғусини янада оширди.

    Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонни ривожланган юртга айлантириш бўйича жуда муҳим дастурлар ишлаб чиқилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурларининг қабул қилиниши ҳеч бир мамлакатда кузатилмаган. У аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган эзгу ишлар ҳисобланади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

    Барчамиз кейинги йилларда мамлакатимизда рўй берган ва жадал давом этаётган, тарихда бўлмаган беқиёс ўзгаришлар гувоҳи, иштирокчиси бўлиб турибмиз. Мамлакатимизнинг ривожланиш йўлини бугун бутун дунё эътироф этмоқда. Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратилиб, барча соҳаларда жадаллик билан олиб борилаётган амалий ишлар, кўнгилни қувонтирадиган бунёдкорлик ишлари бўй кўрсатди. Бугун Нукус шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгарди. Илгари шаҳарда битта олий ўқув юрти фаолият юритган бўлса, ҳозир улар сони ўндан ошиб кетди. Президентимиз таклифи, қўллаб-қувватлаши билан Нукус шаҳрида консерваториянинг ташкил топиши, унда минглаб иқтидорли ёшлар таълим олаётгани ҳам қорақалпоқ маданияти ва санъатига бўлган юксак ҳурмат ва эътибор ифодаси.

    Юртимизда инсон қадри том маънода улуғланмоқда. 2020 йилда дунё мамлакатларини ларзага солган коронавирус пандемияси шароитида давлатимиз раҳбари халқимизни асраб қолиш учун бор имкониятни ишга солди. Янги шифохоналар қуриб, чет элдан замонавий тиббий асбоб-ускуналар, дори воситалари олиб келинди, энг асосийси, бу ишга хорижлик ва маҳаллий малакали шифокорлар жалб этилди.

    Пандемия туфайли АҚШдек ривожланган мамлакатда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоиз, Германияда 3 фоиз камайган пайтда Ўзбекистонда аҳоли учун қанча маблағлар ажратилмасин, ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 0,6 фоиз ўсди. Бу узоқни кўзлаб олиб борилган ниҳоятда оқилона сиёсат самарасидир.

    Айнан мамлакатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати, ташаббуслари натижасида Қорақалпоғистон ҳам ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди, деб айтишга тўла асос бор. Масалан, 2017–2021-йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети 2,5 баробар ортиб, 13 триллион 400 миллиард сўмни ташкил қилди. Шубҳасиз, бу кўрсаткич республикамизнинг бундан буён ҳам ривожланишига, янгиланишига хизмат қилади.

    Илгари Қорақалпоғистон аҳолисининг фақат 50 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, давлатимиз раҳбари ўтган йилда Бўзатов туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида келгуси беш йилликда бу кўрсаткични 95 фоизга етказиш масаласини илгари сурди. Президентимизнинг махсус қарори асосида 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 13 триллион сўмликдан зиёд ишлар олиб борилмоқда.

    Эслаб ўтадиган бўлсак, Орол денгизи, Мўйноқ – бизнинг энг оғир, муаммоли дардларимиздан эди. Ҳозир Мўйноқ бутунлай янгидан қурилиб, аҳолининг яшаш шароити яхшиланди, чиройли шаҳарга айланди. Қўнғиротдан Мўйноққа 101 километрлик сув тармоғи тортилди.

    Оролнинг қуришини жаҳон ҳамжамияти аллақачон глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этган. Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Орол муаммосига яна бир бор қаратди. Бугунги кунда ушбу экологик ҳалокатнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири қилиб белгиланди.

    Президентимизнинг Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларига қаратилган қарори туманда ичимлик сув муаммосига ечим топишга, газ, электр таъминотини яхшилашга, ижтимоий соҳадаги барча масалаларнинг ҳал этилишига хизмат қилмоқда. Айниқса, Оролбўйи ҳудудига экотуризмнинг олиб кирилиши бу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг яққол кўринишидир. Президентимизнинг бу минтақада юзага келган экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини шу муаммога қаратиш, қорақалпоқ халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошираётган ишларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

    Қайтадан ташкил этилган Бўзатов тумани ҳам тубдан янги қиёфага эга бўлмоқда. Туманда чорвачиликни ривожлантириш янги босқичга кўтариляпти. Бундай катта ўзгаришлар ҳамда янгиланишларни Нукус шаҳри, Тахтакўпир, Қонликўл, Элликқалъа ва бошқа туманлар мисолида ҳам кўплаб учратиш мумкин.

    Президентимизнинг ташаббуси билан 2017–2021-йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида улкан ўзгаришлар рўй берди. Республика бюджети 2,5 маротаба ўсиб, 3 триллион 400 миллиард сўмни ташкил қилди. Ялпи ички маҳсулот етиштириш 2016 йилга таққослаганда 31,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари 2,4 марта кўпайди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 30,4 фоиз ортди. Кичик бизнес субъектлари сони 2,1 маротаба кўпайди.

    2022–2026-йилларда Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун махсус дастурлар тузилмоқда. Бунинг натижасида ялпи ички маҳсулот 1,5, экспорт 4 карра ўсиши кутиляпти. Бюджетга тушим эса 1,4 баробар кўпаяди.

    Мен фақат айрим кўрсаткичларга тўхталдим, холос. Аҳолининг ижтимоий ҳаётини яхшилаш, ичимлик сув, коммунал хизматлар, янги турар-жойлар, мактаб, болалар боғчаларининг қурилишини оммалаштириш каби кўплаб йўналишларда эришаётган ютуқларимиз ҳам бундан кам эмас.

    Мана, ўтган қисқа вақт ичида мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, олий таълим, кўпгина ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди. Бу албатта, халқимиз турмушида, юртимиз истиқболида муҳим ўрин эгаллайди.

    Устюртда нефть, Орол денгизи акваториясида газ конлари бор. Қоратовда эса рангли металл, гранит, мармар, цемент ишлаб чиқариш учун табиий захиралар кўп. Шунингдек, Қорақалпоғистон заминида тиббиётда фойдаланиладиган 230 га яқин доривор ўсимликлар ўсади. Буларнинг барчасидан халқимиз манфаати йўлида фойдаланиш ўз ечимини кутаётган долзарб масалалардан ҳисобланади.

    Президентимизнинг топшириғига асосан туманларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари Қорақалпоғистон туманларига маъсул қилиб бириктирилди. Бу тажриба ўзининг ижобий натижасини беради, албатта. Бугун вилоятлар вакиллари алоҳида дастурлар асосида Қорақалпоғистонни ривожлантириш режаларини ҳаётга татбиқ этяпти.

    Ибройим Юсуповнинг дўстлик ва тотувликка бағишланган “Кўнгил-кўнгилдан сув ичар” деган сатри бор. Президентимиз 2019 йилда Қорақалпоғистонга сафари чоғида Мўйноқ туманида фаоллар билан учрашувда шоирнинг ушбу сатрига алоҳида тўхталиб ўтганди. 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган Ўзбекистонимизда халқлар дўстлиги, айниқса, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг мангу дўстлиги улкан натижалар беришини англатади.

    * * *

    Мен бу йил 97 ёшга қадам қўйдим. Умрим давомида кўп воқеаларни бошимдан кечирдим, кўп инсонлар билан ишладим, ҳамфикр, маслакдош бўлдим. Ёши улуғ оқсоқоллар насиҳатини тингладим, аччиқниям, ширинниям тотдим. Ёмондан қочиб, яхшидан ибрат олишга интилдим. Кўп эътиборли ишларда фаолият юритдим, обрў-эътиборга, шон-шуҳратга эришдим. Юрт бошқариб юрган кунларимда халқимиз билан ёндош бўлишга интилдим. Кўп қийинчиликлар, булутли кунларниям бошимдан ўтказдим. Иш фаолиятим даврида ғалабалар ҳам, хато-камчиликлар ҳам бўлди.

    “Кўп яшаган билмайди, кўпни кўрган билади” деганидек, кўп даврлар, воқеаларни бошдан ўтказганим тўғри хулосалар чиқаришимга асос бўлди деб айтсам бўлади. Бу гапларни ҳижжалаб айтишдан мақсадим – бошдан ўтган шу тажрибага таяниб, юртимга, халқимга, айниқса, ёшларга яхши тилаклар тилаб, насиҳатлар айтгим келади. Мен улуғ бўлай, кичик бўлай, хизматда бўлай – ҳамма вақт халқимни, юртимнинг бирлигини, фаровонлигини, бой дастурхонини, оиласининг омонлигини, соғ-саломатлигини ўйладим.

    Бизлар Амударё бўйларида кўп йиллардан буён бирга яшаб келаётган қардош ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман халқлари илдизимиз ва тилимиз яқин, динимиз бир, яхши мулоқотда яшаб, қиз олиб, қиз бериб, қуда-анда бўлиб, қонимиз қўшилиб кетган. Бизларнинг барчамиз ягона мақсад – Ўзбекистоннинг, Қорақалпоғистоннинг ривожланиши, халқи яйраб-яшнаши учун ҳалол хизмат қиляпмиз.

    Менинг истагим, аввало, барчамиз бир одамнинг туғишган боласидек дўст, қардош бўлиб, метиндек бирликда, ҳамжиҳатликда яшашимиз лозим. Ҳар биримиз халқларимиз ўртасидаги дўстликка садоқатли бўлиши керак. Бу қони-қардошлик, дўстликни кўзнинг қорачиғидек асраб-авайлашимиз, юрак тўрида сақлашимиз керак. Дўстлик кучни жипслаштиради, одамларни олдидаги қийин вазифаларни самарали ҳал қилишга ундайди. Бизлар ишлаган даврда бу одатга айланганди. У қозоқ, бу туркман ёки ўзбек деган гаплар йўқ эди. Ҳозир ҳам ушбу яхши анъана, қадрият сақланиб келмоқда.

    Дўстлик мавзуси ҳеч қачон ўчмайдиган, ҳеч қачон эскирмайдиган, ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмайдиган абадий мавзу. Шундай юксак тушунча ва эзгу истак билан яшаб, олға илгарилашимиз зарур деб ўйлайман.

    Ёшлар – фарзандларимиз юрт келажаги, таянчи. Мамлакатнинг гуллаб-яшнаши кўп жиҳатдан уларга боғлиқ. Юртда бирлик бўлишига, халқлар дўстлигини мустаҳкам сақлашга ёшлар доим эътиборли бўлиши лозим. Ҳар бир халқнинг анъаналари, миллий хусусиятлари, тили ва бошқа алоҳида фазилатларини ҳурмат қилиш, уни қўллаб-қувватлаш лозим.

    Доно халқмизнинг шундай ривояти бор: “Ризқисқи-насибадан, тўқчиликдан “қаерга борасан?” деб сўраса, у: “бирликли юртга бораман” деб жавоб берибди. “Кенгашли эл озмас, кенг кийим тўзмас” деган нақл ҳам бор. Дўстликни, бирликни асраган юрт урушдан, жанжалдан йироқ бўлади. Жанжал бирликни тўзитади, бирлик йўқ жойда эса барака бўлмайди. Улкан шоиримиз Ибройим Юсупов яна бир шеърида “ушлашса полвонлар ёқа ушлашсин, ташлашса кўчқорлар калла ташлашсин, уришса хўрозларгина уришсин, одам уришган ер вайрона бўлар” деган мазмунда катта фикр айтган.

    Дўстликнинг, бирликнинг меваси тинчликда, мустаҳкам ҳамжиҳатликда. Инсоният пайдо бўлгандан буён бу ҳамжиҳатлик, тотувлик, халқлар орасидаги ўзаро ҳурмат-иззат энг азиз, қимматли қадриятга айланиб бўлган. Уни асраб авайласак, Ватанимизга, халқимизга бўлган ҳурматимизни ифодалаган бўламиз. Бу ҳамжиҳатлик ва дўстликни мамлакатимиз тараққиёти, халқларимизнинг фаровон турмушини барпо этишда биргаликда намоён қилайлик.

    Қаллибек КАМАЛОВ,

    меҳнат фахрийси, Эл-юрт ҳурмати ордени соҳиби

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates