Қамров ҳам, имконият ҳам кенг

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 15 сентябрь сонида Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари Севара Маҳмудованинг “Қамров ҳам, имконият ҳам кенг” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи юртимизда ҳали ҳам давом этмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас. Мустақиллик бизга ўзлигимизни англаш, миллий давлатчилигимиз ва қадриятларимизни тиклаш, ўз тараққиёт йўлимизни танлаш, ҳақ-ҳуқуқимизни таниш, дунёга юз очиш имконини берди.

    Президентимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида халқимиз иродаси билан эришилган улкан ютуқлар ва олдимизда турган устувор вазифалар хусусида тўхталди. Тантанали йиғилишда демократик ислоҳотлар энди ортга қайтмас жараёнга айлангани яна бир бор таъкидланди.

    Зеро, бусиз бугунги кунда тараққиётга эришиш, дунёга юз очиш, эзгу орзу­мақсадимиз бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш асло мумкин эмас. Ана шундай улуғвор мақсадларга эришишда халқимизга фақат ёшлар суянч ва таянч бўла олади. Шу боис, ёшларга эътибор, уларга кенг шароит ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

    Бу сиёсат самараси йигит-­қизларимизнинг спорт ва таълим йўналишида дунё миқёсидаги юксак натижаларида акс этмоқда. Хусусан, шахмат бўйича эришган ютуқлари ёшларимизнинг нималарга қодирлиги, қандай имконият ва салоҳиятга эга эканини яна бир бор яққол намойиш этди. Бундан ташқари, ёшларимиз фанлар бўйича халқаро мусобақа, танлов ва олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

    Бугун мамлакатимизда таълим-­тарбия соҳасида туб ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Унинг самараларини тизимга дахлдор барча тармоқларда яққол кўриш мумкин. Хусусан, “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўғил-­қизларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилувчи тўгараклар фаолиятини тубдан яхшилашга туртки берди.

    2021 йил 13 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятига яна бир бор эътибор қаратилди. Ўғил­-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга эътиборни янада кучайтириш, бу борада мамлакатимиздаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари имкониятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш кераклиги таъкидланди.

    “Баркамол авлод” болалар мактаблари бор-­йўғи 175 минг нафар (3 фоиз) ёшни қамраб олгани айтилиб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўн кун муддатда “Баркамол авлод” мактабларида замонавий тўгараклар очиш ва ҳар бир мактабда уларнинг тармоқ филиалларини ташкил этиш орқали қамровни камида 3–5 бараварга ошириш, мамлакат бўйича камида 500 минг ўғил-­қизни қамраб олиш бўйича топшириқлар берилди.

    Ҳозир халқ таълими тизимида 218 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатяпти. Улардаги 9 минг 33 та тўгаракка 260 минг нафардан зиёд ўқувчи жалб қилинган. Ўтган вақт давомида “Баркамол авлод” республика болалар мактаби томонидан ўқувчилар қамровини ошириш, мактаблар фаолиятини ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар бажарилди.

    Жумладан, мактабларда ўқувчилар қамровини ошириш, қўшимча мотивация бериш ҳамда уларни муайян соҳага йўналтириш учун Тошкент халқаро таълим университети ҳамда Акфа университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган ўқувчиларга ушбу таълим даргоҳларига имтиҳонсиз кириш имконияти яратилди.

    Саъй-­ҳаракатлар натижасида мактабларда ўтган йилларга нисбатан тўгараклар сони 22,8 фоиз, ўқувчилар қамрови 25,5 фоиз кўпайди. Бюджетдан ташқари топилган маблағ миқдори 494,9 миллиондан 3,3 миллиард сўмга ошди. Бу йил ёз мавсумида “Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқувчилар қамровини ошириш мақсадида мактабдан ташқари қўшимча таълим бериш жараёнида инновацион методлардан фойдаланилди, 7 йўналишдаги тўгараклар учун 78 соатлик ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.

    Тўгарак машғулотлари самарадорлигини ошириш ва мавзу бўйича қўшимча маълумотлар бериш учун онлайн семинар­тренинглар ўтказилди. Ҳар қандай ишда ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш, биргаликда фаолият кўрсатиш яхши самара бериши шубҳасиз. Айни шу мақсадда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда Ўзбекистон Киноарбоблар ижодий уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

    Бундай ҳамкорлик, айниқса, “Баркамол авлод” болалар мактаблари учун ҳар жиҳатдан фойдали. Бунинг натижасида ўзаро ҳамкорликда жойлардаги мактабларнинг маданият ва санъат йўналишидаги тўгаракларига, форум, давра суҳбати, семинар ҳамда маҳорат дарсларига ижодий уюшманинг таниқли, эл суйган актёр ва актрисаларини жалб этиш назарда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, тўгараклар сони ва сифатини ошириш, уларда ўқувчилар қамровини янада кенгайтириш ва иқтидорли болаларни кашф этиш ҳамда рағбатлантиришга хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиз олдида турган 5 та асосий вазифани белгилаб берди. Унинг биринчиси таълим йўналишига қаратилгани ҳам биз педагоглар учун қувонарли ҳолдир. Таъкидланганидек, замонавий билим олиш ва кўникмаларга эришиш учун қулай шароит ва имконият яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

    Бундан ташқари, мактаблардаги дарсликлар, ўқув дастури ва ўқитиш услуби тубдан қайта кўриб чиқилади. Энг муҳими, бу жараёнга илғор хорижий тажриба ва мутахассислар жалб қилинади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, қишлоқ жойларда мактаблар қуриш ва уларни малакали кадрлар билан таъминлаш асосий вазифалардан бири бўлиб қолади. Буларнинг бари, табиийки, педагог кадрларнинг моддий таъминотига боғлиқ.

    Шу боис, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини рағбатлантириш янги босқичга кўтарилади. Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълимни ҳар томонлама ривожлантириш асосий масалалардан бири сифатида белгиланмоқда. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар ва улуғвор вазифалардан кўзланган пировард мақсад Янги Ўзбекистондаги мактаб битирувчиларини замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, энг муҳими, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс қилиб тарбиялашдан иборат.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates