“Қизил олтин”ни қайта ишлаш янада кўпаяди

    Жорий йилнинг 8 октябрь куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон плантациясини кенгайтириш, қуритиш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасининг очилиш маросими ҳамда заъфарон туганак пиёзбошларини намунавий экиш тадбири ўтказилди.

    Заъфарон инсон саломатлиги учун тенгсиз хусусиятга эга ўсимлик. Қадимдан ушбу гиёҳ зираворлар султони ёки “қизил олтин” дея эътироф этилиб, қиймати юқори баҳоланиб келинади.

    Мамлакатимизда ташкил этилган заъфарон плантациялари жаҳон миқёсида яхлит ҳудудда жойлашган плантацияларнинг энг йириги ҳисобланади.

    Президентимизнинг шу йил 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида заъфарон плантацияларининг умумий майдонини 2 минг гектарга етказиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан, Бахмал, Ғаллаорол ва Зомин туманларида қўшимча 1,6 минг гектарда заъфарон плантацияларини ташкил этиш белгиланди.

    “BMB HOLDING” томонидан Италиянинг “FIN.OPERA SRL” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион еврога тенгдир. Бунинг учун 70 миллион евро миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция, 37 миллион евро ташаббускор маблағи ҳамда 13 миллион евро ҳажмида “Ўзсаноатқурилишбанк” кредит жалб қилинди.

    Ўтган давр мобайнида мазкур лойиҳа доирасида 60,8 миллион евро инвестиция ўзлаштирилиб, қарийб 120 та доимий ва 25 мингта мавсумий иш ўрни яратилди.

    Шу билан бирга, лойиҳа ташаббускори томонидан қўшимча равишда киритилган 5 миллиард сўмлик сармоя ҳисобига 2,5 километрга яқин йўлга бетон ётқизилиб, 25-30 км узунликда электр тармоғи тортилди. Натижада ҳудуд аҳолиси учун ҳам равон йўллар ва электр энергиясидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди.

    Лойиҳанинг очилиш маросимида иштирокчилар холдинг тизимидаги корхоналар фаолияти, у ерда яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишишди.

    Жорий йилнинг апрель ойида Президентимизнинг корхонамизга ташрифи, билдирган илиқ фикрлари, қўллаб-қувватлови миллий заъфарончиликни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларимизга катта куч-ғайрат улашди, улкан мақсадлар сари ундади, – дейди “BMB Holding” кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов. – Хусусан, шу йил сўнггига қадар заъфарон майдонларини 700 гектарга, келгуси йилларда 2 минг гектарга етказиш ва шу орқали экспорт ҳажмини 20 тоннага ошириш режалаштирилган.

    Бугунги кунда холдингга қарашли корхоналар томонидан йигирмага яқин турдаги заъфаронли маҳсулот ишлаб чиқарилиб, “BMB zaʼfaron” бренди остида дунёнинг кўпгина давлатларига экспорт қилинмоқда.

    Бунинг учун маҳсулотлар Италия, Франция, Нидерландия ҳамда Жанубий Кореядаги лабораторияларда икки босқичли чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилди, ISO 3632-1/2011 халқаро стандарти асосида 1-тоифа сифат даражаси сертификатини олди.

    Заъфарон плантациясида маҳсулот экиш, етиштириш, агротехник тадбирлар ўтказиш, териб олиш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш жараёнлари Нидерландиянинг “Control Union Certifications” ташкилоти томонидан ўрганилди. Натижада “BMB zaʼfaron”га “USDA ORGANIC” сертификати берилди.

    Ўзбек “қизил олтин”ини дунёнинг энг йирик бозори – Хитойга экспорт қилиш бўйича ҳам Ўзбекистон ва Хитой идоралараро комиссияси хулосасига кўра рухсатнома олинган.

    Европа ва АҚШ бозорларига эса Италияда ташкил этилган қўшма корхона томонидан “ORO ROSSO Milano” бренди остида экспорт қилинмоқда.

    Заъфарон плантациясида туганак пиёзбошиларни намунавий экиш тадбирида иштирокчилар заъфарон майдонларида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда синов тариқасида қўлланила бошланган “AgroNanoGel Basic” гидрогель тизими билан таништирилди.

    Таъкидланишича, гидрогель ўсимликлар учун сув захираси саналади. Унинг қўлланилиши вегетация даврида ўсимликлар учун оптимал сув шароитини ҳозирлаб, унинг сарфини 45 фоизгача тежайди.


    Фарҳод НЕЪМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 205-сонида (2024 йил 10 октябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates