Конференция Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар, Маданият ва туризм вазирликлари, Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳар ҳокимликлари ҳамда туркий давлатларнинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда юртимиз ва туркий давлатларнинг бобуршунос олимлари, Халқаро туркий маданият ташкилоти вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда илмий жамоатчилик иштирок этди.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг дунё тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймо, буюк шоир, қомусий олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш борасидаги ташаббуслари асосида олиб борилаётган ишларни кузатиб, фахрланаяпмиз, — деди ТУРКСОЙ бош котибининг ўринбосари Билал Чакижи. — Бобур ҳаёти ва ижодига доир ноёб қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилиш борасидаги ишлар таҳсинга лойиқ. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон буюк аждодлар меросига соҳиб чиқиб, турк дунёсига намуна бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди».
Шунингдек, конференция иштирокчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон халқлари маданияти хазинасидан муносиб ўрин олган илмий-адабий меросини янада кенг тадбиқ ва таҳлил этиш, Туркий дунё олимлари ҳамда Бобуршуносларининг қимматли маълумотлари эса аждодларимиз тарихини янада кенг тараннум этиш ва ёшларимизнинг билимлари юксалишига катта ҳисса қўшишини эътироф этдилар.
Анжуман доирасида саҳналаштирилган концерт дастурлари намойиш этилди. Туркий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларда Қўқон шаҳрининг тарихий обидаларига уюштирилган саёҳат, айниқса катта таассурот қолдирди.