Рўшнолик

    Фикр 4 январ 2022 5410

    Президентимиз инсон қадрини биринчи ўринга қўйиши бежиз эмас. Чунки шу биргина гап моҳиятида инсон учун керакли ҳамма нарса мужассам.

    Аслида, бу ғоя бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу Шавкат Мирзиёевнинг доимий принципи, ҳаётда кўриб-кечирганларига асосланган мақсади.

    У кишининг давлат раҳбари сифатидаги биринчи қарорлари эсингиздами? Ҳа, улар 2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда ҳамда шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш тўғрисида эди. Бу қарорларнинг биринчиси 2016 йил октябрда, иккинчиси ноябрда қабул қилинган. Демак, Шавкат Мирзиёев ўша йили сентябрда Президент вазифасини бажарувчи бўлиши биланоқ, бу бўйича топшириқ берган, ҳужжатларни тайёрлашга бир-икки ой вақт кетган.

    Хўш, давлат раҳбари нима учун бу масалага бунчалик эътибор қаратди? Чунки инсонни қадрлашнинг биринчи омили бу уй-жой, муносиб турмуш шароити.

    Шавкат Мирзиёев халқ ичидан чиққан, халқнинг дардини яхши билган инсон. Туғилган қишлоғида, борган жойларида одамлар қандай яшаётганини синчковлик билан кузатган раҳбар. Ўша пайтда уй олиш, боласини ватанли қилиш ёшу қари учун катта ташвиш эди. Буни Президентимиз одамларнинг кўзларидан уқарди.

    Мисол учун, 1991 йилда Ўзбекистон аҳолиси 20 миллион киши бўлган. 2016 йилда эса 32 миллион атрофида эди. Яъни, аҳоли сони 50 фоиздан зиёд кўпайган. Лекин уйлар-чи? Шунга яраша уйлар қурилдими? Шунча аҳоли, ёш оилалар қаерга кўчиб чиқди? Шунинг учун ҳам бу муаммо катталашиб борди. Кўплар бола-бақраси билан сиғинди бўлиб юрди. Олтмишга кириб ўз уйи бўлмаган, бир ҳовлида беш келин қайнона-қайнотаси билан яшаётган оилалар ҳам бор эди.

    Президентимизнинг ўзи ҳам ёшлигида кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган. Тошкентда 15 йил ижарада яшаган. Институтда муваффақиятли ишлаб, ҳатто Москвада номзодлик диссертациясини ёқлагандан кейин ҳам “прописка” беришмаган.

    Шунинг учун давлатимиз раҳбари одамларнинг орзуларини ушалтиришга жон-жаҳдини бағишлади. Кўплаб лойиҳалар, хусусан, арзон уй-жойлар дастури асосида охирги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уйлар қурилди. Бу кўрсаткич ундан олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп! Илгари юртимизда ҳеч қачон бундай катта кўламдаги қурилиш бўлмаган.

    Яна бир жиҳати, шароити оғир оилаларга уй-жойнинг бошланғич бадаллари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилаяпти. Яъни, маблағи йўқ одам ҳам янги уй ололади ва ҳаётдан умиди бўлса, аста-секин оёққа туриб кетади.

    Бундай ишлар давом этаяпти. Хусусий компаниялар қураётган турар жойлардан ташқари “Янги Ўзбекистон” массивлари деган катта ҳаракат бошланди. Жорий йилда Қорақалпоғистон ва вилоятларда 29 та шундай замонавий мавзе барпо этилади. Келгуси беш йилда бундай массивларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланар экан.

    Энди ўзингиз ўйланг, ҳар бир оилада ўртача 4–5 кишидан бўлса, 1 миллиондан зиёд аҳоли обод манзилларга кўчиб чиқади. Мактаб, боғча, поликлиника, спорт майдони, иш жойи ва энг яхши хизматлар ёнида бўлади. Бундай жойда одам мазза қилиб яшайди. Ёшларнинг онги баланд, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади, иншооллоҳ.

    Бу ҳам инсон қадрими? Албатта, инсон қадри!

    II

    Жиззахлик нуронийлар шундай гурунг беради: 1996 йилда Мирзиёев ҳоким бўлиб келганда Жиззахда завод у ёқда турсин, нон сотадиган дўкон ҳам йўқ эди. Вилоятга меҳмонлар келса, овқатланишига тузукроқ ошхона топилмасди. Бюджет, иш ўринларини гапирмасаям бўлади.

    Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам қиш ойида ҳоким этиб тайинланган. Яшаш жойига борса, томидан чакка ўтаётган бўлган. Шу аҳволдаги вилоятни оёққа турғизди. Аккумулятор заводини қурди, труба заводини тиклади, қишлоқ хўжалиги зарардан фойдага чиқди.

    Айниқса, ҳозир Жиззахга бориб кўринг! Ҳар қадамда дўкон, ресторан, меҳмонхона, саноат корхоналари, маиший хизмат уйлари. Охирги беш йилда вилоятда 3 мингдан зиёд лойиҳа ишга туширилган. Илгари ишбилармонлар Жиззахдан ҳеч нарса сўрамаган бўлса, энди бориб маҳсулотларига навбатда турибди. Базальт толаси ва арматураси, пластмасса қувурлар, мева-сабзавотлар чет элларга экспорт қилинаяпти.

    Энг муҳими, қанча одам ишли бўлди, уйига ойлик олиб бораяпти. Тадбиркорлик қилиб, экин экиб, даромад топаяпти. Қўлида имкони бўлгандан кейин инсон тинч, хотиржам яшайди, фарзандларини ўқитади, соғлиғига қарайди. Инсон қадри шу эмасми?!

    Маълумки, кадрлар сиёсатида ротация деган амалиёт бор. Лекин илгари бошқа вилоятга ишга тайинланган инсон қаерда яшайди, деб ҳеч ким ўйламасди. Масалан, андижонлик прокурорни олиб, Хоразмга юборарди. Унинг уйи, бола-чақаси нима бўларди, ойлигининг қанчаси ижарага кетарди?

    Президентимиз бу борада ҳам тартиб, адолатни жойига қўйди. Давлат органларининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари учун хизмат уйлари қурилди. Ҳозир бирон ҳоким бошқа ҳудудга тайинланадиган бўлса, ижарага турар жой излаб юрмайди, хотини, болалари билан чакка томган уйга бормайди. Аввал хизмат уйи билан таъминланиб, ҳамма шароитлар яратилиб, кейин ишга қўйилмоқда.

    III

    Инсон қадри яна тенглик, эмин-эркин яшаш ҳам демакдир. Лекин, сир эмас, узоқ йиллар мамлакатимизда фуқаролик ва ички миграция билан боғлиқ кўп чекловлар бор эди. Тошкент шаҳрида “прописка” олиш азоб эди. Юртимизда йигирма йиллаб яшаб, болалари улғайиб, лекин тўла ҳуқуқли фуқаро бўлмаганлар сон мингта эди.

    Муаммога тақиқ қўйиш осон. Соҳа вакилларига қўйса, яна 20 йил шу тахлит ўтираверарди. Давлатимиз раҳбари ҳар икки масалада ҳам аҳоли томон бўлди. Ақлли, адолатли тизим яратди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ишлатди.

    Бунга иши тушмаганларга билинмаслиги мумкин. Лекин охирги йилларда фуқаролик ёки “прописка” олганлар билан гаплашинг, уларнинг кўзига қаранг! Улар учун бу ҳаёт-мамотдек эди. Бугун елкасидан тоғ ағдарилган. Бемалол уйлар олаяпти, ишга кираяпти, тўйлар қилаяпти.

    Шу ўринда бир мисол: 1992–2007 йилларда, яъни 15 йил давомида республикамизда бор-йўғи 482 киши фуқаролик олган бўлса, биргина 2019 йилда 5 минг 650 нафар юртдошимиз шундай бахтга муяссар бўлди.

    Ўша йили қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, 1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Натижада 2020 йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

    Ўтган йили бу борадаги имконият янада кенгайтирилди. Яъни, 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги бериладиган бўлди. Бу ўзгариш билан яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқаролигини олиш имкониятига эга бўлади.

    Тасаввур қилаяпсизми, қанча инсон қадр топди! Илгари елкаси қисилиб, бекиниб юрган бўлса, энди ҳамма билан тенг, эмин-эркин яшаяпти. Билимли ёшлар, иқтисодий фаол аҳоли эркин ҳаракатланиб, ўзига муносиб иш топмоқда, бу билан мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшмоқда.

    ***

    Инсон қадри ғояси бугун пайдо бўлмаган дедик. Булар охирги беш йилдаги ишлардан бир-иккитаси, холос. Мажбурий меҳнат тугатилгани, маҳкумлар афв этилгани, “Меҳр” операциялари каби яна кўп хайрли ишлар ҳам борки, уларнинг замирида минглаб инсонлар тақдири ётибди.

    Ҳатто ўша, валюта айрибошлаш, пластик карточкадан нақд пул олиш каби оддий-оддий масалалар ҳам аслида кўламига кўра жуда катта. Чунки бу қулайлик мамлакатимиздаги ҳар бир оилага, ҳар бир инсонга дахлдор. Энди одамлар аввалгидай картадаги пулини ишлатолмай ёки нақд қилолмай юрмайди. Тадбиркорлар хоҳласа сўмда, хоҳласа хорижий валютада бизнес қилаяпти. Текшир-текшир, таъқиблар йўқ. Қайтанга, тадбиркорнинг ҳисоб-рақамида чет эл валютасида айланма маблағ бўлса, давлат хурсанд бўлаяпти.

    Булардан аёнки, инсон қадрини улуғлаш, халқпарвар давлат дегани қуруқ гап эмас, аниқ мақсад. Бунинг натижаларини аллақачон кўраяпмиз, ўз ҳаётимизда сезаяпмиз.

    Умуман, ҳамма жабҳада жамият ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади. Бу ўзгаришларни халқимиз ҳам, дунё ҳам ижобий баҳоламоқда.

    Ўзимиз кўриб, баҳра олиб турган бундай ислоҳотлар Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили, ундан кейинги йилларда ҳам халқимизга кўп рўшнолик олиб келишига ишонч беради.

    Анвар САМАДОВ,

    журналист

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates