Хусусан, фуқаролар томонидан импорт карантин рухсатномаси ва экспортёр давлатнинг фитосанитария сертификатисиз турли хорижий давлатлардан олиб келинган умумий миқдорда 103 туп манзарали дарахтлар кўчатлари, шунингдек, юқори фитосанитар хавфга эга бўлган 238 килограмм уруғлик, мева ва бошқа маҳсулотлар Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан тўхтатиб қолинди.
Ҳар куни минглаб йўловчилар аэропорт, темир йўл ва автомобиль транспортида қайсидир давлатга бориш ёки келиш учун назорат-текширув постларидан ўтиб-қайтишади.
Кимдир совға сифатида, яна кимдир бошқа мақсадда карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш ёки олиб чиқишни режалаштиради. Бироқ, давлат чегарасидан турли маҳсулотларни олиб ўтаётган аксарият фуқаролар карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификати ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганлиги учун ҳам турли муаммолар юзага келади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонунига асосан хорижий мамлакатлардан юқори даражадаги фитосанитар хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни почта жўнатмаларида юборилиши тақиқланган.
Маълумот учун: юқори фитосанитар хавфга эга карантин ости маҳсулотларига экиш материаллари, хусусан, кўчат, уруғ, пиёзбошлар ҳамда туганаклар кабилар киради.
Амалдаги қонунчиликка асосан маҳсулотлар Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари ҳамда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди, деб хабар беради Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати.