Унда Самарқанд давлат университети профессорлари Тошпўлат Ражабов ва Мухтор Носиров, Флоренция университети профессорлари Жованни Маттии ва Паола Домицио ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги фахрий консули Леонардо Комуччи иштирок этди.
Онлайн-мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида турли жабҳаларда ўзаро алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, жумладан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам қизиқишнинг ортиб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ва амалий ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжуд эканлиги қайд этилгани баробарида Ўзбекистонда узумчилик ва виночиликнинг тарихий анъаналари, бу соҳада сўнгги йиллар давомида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яқин ва ўрта истиқболдаги вазифалар тўғрисида батафсил фикр юритилди.
Бугунги кунда мамлакатда кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, ўзаро ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш, узумнинг маҳаллий навларини яхшилаш, вино ишлаб чиқаришнинг илғор тажрибаларини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада Самарқанд Давлат университетининг тажрибаси ва амалга оширилаётган дастурлар тўғрисида тақдимот ҳам ўтказилди. Узумчилик ва этнология соҳасида кадрлар тайёрлашда университет ҳузуридаги Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Флоренция университети қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат факультети профессори Жованни Маттии мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга жиддий қизиқиш билдириб, Самарқанд давлат университети билан узумчилик соҳасида амалий ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.