Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 14 январ куни ўтказилган мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда:
- фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатини уч йилдан беш йилга ўзгартириш;
- фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини беш йил муддатга сайлаш тартибини белгилаш;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш;
- Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ўтказиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартириш назарда тутилмоқда.