Самарқандда 70 нафардан ортиқ мансабдор шахс маст ҳолда транспорт бошқаргани маълум қилинди

    6400 нафар шахс транспортни маст ҳолда бошқарган.

    Самарқанд вилоят судлари томонидан 2021 йил давомида 49 618 нафар шахсга нисбатан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг 37 859 таси тамомланган. Шундан 6506 нафар шахсга нисбатан 6400 таси маст ҳолда транспорт бошқарқариш билан боғлиқ ишлар ҳисобланади.

    41 нафар хотин-қиз маст ҳолда автомашина бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 12 нафар хотин-қиз мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

    Шу билан бирга, давлат идораларида ишловчи 74 нафар шахс маст ҳолда автомашина бошқарган, яна шунчаси мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан бош тортган.

    Мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликни содир этган давлат идораси ходимлари орасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки назорат қилувчи идораларнинг масъул мансабдор шахслари ҳам борлиги маълум қилинган.

    Вилоят суди тизимида 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ 3416 та иш (3474 нафар шахсга нисбатан) кўриб тамомланиб, 3054 нафарига жарима, 363 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

    Маст ҳолатда автомашина бошқариб, маъмурий жазо олганларнинг 40 нафарини аёллар, 3 нафарини вояга етмаганлар ҳамда 179 нафарини 60 ёшдан ошганлардан иборат.

    Ўтган январь-сентябрь ойлари давомида вилоят суди тизимида мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ 843 та иш (843 нафар шахсга нисбатан) кўрилган. Мазкур ишлар бўйича 750 нафар шахсга жарима, 86 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Маъмурий жазо олганларнинг 6 нафари аёллар, 64 нафарини 60 ёшдан ошганлар ташкил қилган.