Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, ёшлар парламентлари ўртасида халқаро мулоқотни кучайтириш, экология, сунъий интеллект ва рақамли таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан аниқ таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2026 йилда Самарқанд шаҳрида Ёш парламент аъзоларнинг халқаро форумини юқори савияда ташкил этиш борасида ҳамкорлик қилиш ҳамда унда БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси муҳим ташаббуслар билан иштирок этиш таклиф этилди.
Учрашувда БМТ «Ёшлар – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти, унинг доирасида ёшларга оид масалаларни илгари суришдаги устуворликлар муҳокама этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги асосий йўналишлар, туб ислоҳотлар ва амалий натижалар кенг ёритилди. Хусусан, мамлакат аҳолиси таркибида ёшларнинг улуши 55 фоиздан ошганини инобатга олиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани таъкидланди.
Дўстона ва амалий руҳда кечган мулоқот якунида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.









