Сўз олганлар ўзбек-қирғиз халқлари орасидаги дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётганлигини таъкидлашди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Боткен вилояти губернатори Абдукарим Алимбоевлар кун давомида Шоҳимардон ва Қадамжой туманидаги диққатга сазовор жойларни кўздан кечиришганини, ҳудудларнинг туристик салоҳияти ва имкониятлари юқори эканлигини ва бундан самарали фойдаланиш зарурлигини айтиб ўтишди. Бир қатор муҳим келишувларга эришилганлигини, ҳамкорлик нафақат сайёҳлик йўналишида, балки бошқа тармоқларда ҳам давом этишини маълум қилишди.
“Албатта, азал-азалдан ўзбек-қирғиз халқи ҳамиша бир тан-у бир жон бўлиб яшаб келган. Икки халқни бир-биридан ажратиб бўлмайди, бу ота-боболардан қолган мерос. Буни энди биз давом эттиришимиз ҳам фарз, ҳам қарз. Бугун чиндан ҳам дўстлик куни бўлди. Ҳамкасбларимиз айтганидек, бугундан бошлаб Ўзбекистондан келганларга бирорта қаршилик бўлмайди. Биз ҳам ўз навбатида қирғизистонликларни Фарғонага, Марғилонга, Қўқонга таклиф қиламиз. Ҳамиша дўстлигимиз абадий бўлсин", - деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Тадбир ўзбек ва қирғиз халқларининг севимли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди. Ватанни, дўстликни, меҳр-муҳаббатни улуғлаган куй-қўшиқлар йиғилганларга бир олам қувонч улашди.