Таълим соҳасини ривожлантиришда нодавлат секторининг ўрни: муаммо ва ечимлар

    2022 йилнинг 12 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан “Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантиришда нодавлат секторининг ўрни ва улар фаоллигини оширишдаги мавжуд муаммолар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъуллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва нодавлат таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.

    Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – бугунги кунда соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан билдирилган таклифларни атрофлича муҳокама қилишдан иборат.

    Давра суҳбатини “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузаси билан очиб берди. У мамлакатда таълим тизими ривожида нодавлат таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамиятига тўхталиб ўтар экан, шундай деди:

    – Аксарият ривожланган давлатларнинг таълим тизими бевосита нодавлат таълим тизимининг ривожланиши билан боғлиқ. Бунга сабаб, рақобатнинг кучайиши ортидан илғор таълим технологиялари ва ресурсларнинг соҳага, айнан нодавлат таълим ташкилотлари орқали фаол тарзда кириб боришидадир.

    Маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб республика бўйича хусусий боғчалар 2243 тани, хусусий мактаблар 334 тани ва нодавлат олий таълим ташкилотлари эса 53 тани ташкил этмоқда. Ўз навбатида, нодавлат таълим ташкилотлари сонининг ошиши ортидан улар ўртасида кучли рақобат муҳити ҳам шаклланмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, соғлом рақобат, бу – таълим соҳасида таълим сифати, маданиятини шакллантирувчи, ўзини ўзи ривожлантиришга муҳит яратувчи кўринмас куч. Қолаверса, хусусий сектор давлатнинг таълим хизматлари билан таъминлаш юкининг бир қисмини ўзига олган ҳолда аҳолининг таълим олишига бўлган эҳтиёжларини қондирмоқда.

    Шунингдек, тадбир давомида соҳа мутахассислари ва экспертлар томонидан “Нодавлат таълим фаолиятини ташкил этиш учун қўйилган талаблар ва уларнинг хорижий тажриба билан уйғунлиги”, “Мактабгача таълимда болалар қамровини оширишда хусусий секторнинг ўрни ва нодавлат таълим муассасалари фаоллигини оширишдаги муаммолар” ҳамда “Нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мазкур жараённи такомиллаштиришдаги муаммолар” каби мавзулар муҳокама қилинди.

    Дилшод ТЕМИРОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Педагог кадрлар сифати назорати, таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бош бошқармаси бошлиғи в.б.:

    – Сўнгги беш йилда таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида нодавлат таълим фаолиятини ташкил этиш учун қўйилган талабларда ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлди. Жумладан, 2017 йилга қадар нодавлат таълим йўналишида фаолият кўрсатишни истаган тадбиркорлар 9-10 та ҳужжатни тақдим этиши керак эди, эндиликда эса, ушбу ҳужжатлар сони қисқартирилиб, 5 тани ташкил қилмоқда.

    Шунингдек, бугунги кунда янги тизим ишга туширилган бўлиб, тадбиркор лицензия олиш учун мурожаат қилган бўлса, ҳужжатларида ҳеч қандай камчиликлар аниқланмаса, тизим орқали 15 иш куни давомида тадбиркорга инсон омилисиз автоматик тарзда лицензия чиқариб берилади.

    Айни кунда республиканинг учта ҳудуди – Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилмаган. Келгуси йилга ишлаб чиқиладиган чора-тадбирларда мазкур ҳудудларда ҳам нодавлат олий таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилган.

    Абдураҳмон АБДУСАЛОМОВ, Мактабгача таълим вазирлигининг Давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

    – Ҳозирги кунда боғчалар сони кўпайиб, нодавлат секторининг улуши 2017 йилдаги 0,01% дан 33,7% гача ошди, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг 10 хил шакли ишлаб чиқилиб, амалда татбиқ этилишига эришилди.

    2022 йилда жами 1 300 та, шу жумладан қуввати 10 000 ўринга тенг 100 та давлат хусусий шерикчилиги асосида йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда 35 000 қувватга тенг 1 200 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш режалаштирилган.

    2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 1 031 та, хусусан қуввати 10 700 ўринга тенг 119 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги йирик лойиҳалар ҳамда 44 987 қувватга тенг 912 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.

    Шу билан бирга, тадбирда нодавлат таълим муассасалари вакиллари ҳамда ушбу йўналишда фаолият юритишни истаётган тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган ва ўйлантираётган масалалар юзасидан масъуллардан жавоблар олишди. Тадбирда, шунингдек, экспертлар томонидан билдирилган таклифлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

    Жумладан, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети декани Икром Риҳсибоев халқаро тажриба ва талаблар доирасида нодавлат таълим тармоғини ривожлантиришга қаратилган таклифларини билдириб ўтди.

    – Нодавлат олий таълим муассасалари тармоғини ривожлантиршда қатор ҳал этилиш зарур бўлган масалалар бор, – деди, И.Риҳсибоев. – Хусусан, Ўзбекистон билан аҳолиси сони деярли тенг бўлган Малайзияда бакалавр даражасини беришга ихтисослашган 500 га яқин нодавлат олий таълим муассасалари мавжуд.

    Бизда ҳам сўнгги вақтларда уларнинг сони ортиб бормоқда. Аммо, уларнинг аксарияти ўқув маркази даражасида. Чунки техник база, профессор-ўқитувчиларнинг сони унверситет мақомига жавоб берадиган даражада эмас. Шу боис, университет мақомининг тариф ва нормаларини ишлаб чиқиш лозим саналади.

    Шунингдек, янги очилаётган нодавлат олий таълим муассасаларининг аксарияти иқтисодиёт, менежмент, маркетинг каби йўналишларга ихтисослаштирилмоқда. Сабаби, бундай таълим муассасасини очишга сарф этиладиган ҳаражатлар жуда оз миқдорни ташкил қилади. Энг қизиғи, бу ҳам ўзини оқламаслиги мумкин. Бугун, биз замон нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда талабларни ишлаб чиқишимиз лозим. Айтайлик, нанотехнологиялар, қишлоқ хўжалиги ва АКТ соҳалари йўналишларида нодавлат олий таълим муассасаларини очиш мақсадга мувофиқ.

    Шу билан бирга, тадбирда нодавлат таълим тизимини ривожлантиришда халқаро тажрибани миллий менталитет ва таълим тизими билан уйғун ҳолда амалга ошириш, бу жараёнларга хориждаги асли ўзбекистонлик бўлган соҳа мутахассисларини жалб этиш каби қатор таклифлар ҳам билдирилди.

    Тадбир якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар ўрганиб чиқилиб, соҳада давлат сиёсатини юритувчи вазирлик ҳамда идораларга тақдим қилиниши эътироф этилди, деб хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates