Табрикнинг кириш қисми истиқлолнинг шонли тарихи, унинг асосий натижаларига бағишланди. Бунда биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг беқиёс хизматлари ҳам эътироф этилди. Сўнгра давлатимиз томонидан доимий эътибор ва барқарор ривожлантириш кўзда тутилган соҳаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш, пандемия шароитида молиявий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини тиклаш ва иқтисодий фаолликни ошириш каби мақсадлар, уларга эришиш асносида жаҳон ҳамжамиятининг юксак эътирофи келтирииб ўтилди.
Биргина инвестиция соҳасидаги кўрсаткичларга эътибор беринг. Инвестицияларнинг умумий ҳажми қисқа муддатда 2,1 мартага, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга яқин ўсди. Ўтган уч йил мобайнида солиқ соҳасида янги тизим жорий этилди. Солиқлар сони сезиларли даражада камайтирилди, айланма маблағдан олинадиган солиқлар бекор қилинди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиб, ушбу солиқ занжирининг яхлит тизими яратилди. 2017 — 2020 йилларда банкларимиз капитали 5,7 баробар ёки 5 миллиард долларгача ошди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласидаги эришилган натижалар ҳам кишини бефарқ қолдирмайди: 2017 — 2020 йиллар давомида 140 мингдан зиёд арзон ва сифатли уй-жойлар бунёд этилди. Ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб 11 баробар ошган.
Шунингдек, маърузада Президентимиз томонидан давлат ва жамият равнақини белгилаб берувчи қуйидаги фикрлар педагог сифатида бизни руҳлантирди: “Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман.
Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди. Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради”.
Дарҳақиқат, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор бўлади. Шу сабабли ҳозирда мамлакатимизда узлуксиз таълимни такомиллаштириш, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таълим-тарбиянинг бошланғич бўғини бўлган мактабгача таълим тизимидаги ўзгаришлардан барчамиз яхши хабардормиз. Соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.
2017 йили юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият юритган бўлса, жорий йилда бу рақам – тасаввур қилинг – 19 минг 316 тага етди. Давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳамда оилавий боғчаларнинг жорий этилиши, бир қатор имтиёзлар берилиши туфайли 13 мингдан зиёд нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу мақсадли ислоҳотлар натижасида мактабгача таълимга қамров даражасини 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етказишга эришилди.
Янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина 2020 йилни оладиган бўлсак, юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.
Бу ислоҳотлар албатта ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Буни 2017 — 2020 йилларда ўқувчиларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун ўтган ўқув йилида мамлакатда 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.
Олий таълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар юз бераётганлигини қуйидаги кўрсаткичлар тасдиқлайди: юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Демак, таълим сифатини ошириш бизнинг мақсадимиз ва шарафли вазифамиз бўлиб қолади.
Давлатимиз раҳбари ўзининг табрик нутқида “Марказий Осиё руҳи” деган иборага тўхталиб ўтди. Халқаро майдонда минтақа номидан янги ташаббуслар илгари сурила бошланганлиги, улар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлиги бунинг сабабидир. Бунда, албатта, Ўзбекистоннинг ҳам муносиб ўрни бор.
Ўтган 30 йил ичида давлатимиз ва халқимизнинг ўзаро ишончи, ҳамжиҳатлиги ривожланишимизнинг асоси бўлиб хизмат қилди. Бу йилги мустақиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида нишонланди. Мазкур шиор жамиятнинг барча қатламини бирлаштириш вазифасини бажармоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бир қатор юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари, орден ва медаллари билан тақдирландилар. Институтимизнинг жамоаси орасидан ҳам илм-фан равнақи ва таълим соҳасидаги ислоҳотларга меҳнатлари эътироф этилиб, бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларимиз давлатимизнинг давлат мукофотлари, медаллари билан тақдирландилар. Хусусан, Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаси кафедраси профессори Байбобоев Набижон Ғуломович “Дўстлик” ордени билан, институт етакчи профессор-ўқитувчиларидан Ғуломқодир Дадамирзаев, Ғофуржон Ғуломов, Муродилла Олимов, Аҳмаджон Тўхтабоев, Баҳриддин Маҳмудов, Воҳиджон Турдалиев, Анваржон Исомиддинов, Азизбек Абдувалиев, Отабек Жалолов “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу эса қалбимизни чексиз фахр, ифтихор туйғусига тўлдирди.
Бугун институт жамоаси “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида янги ўқув йили ва мустақиллик дарсларини бошлаб юборди. Президентимизнинг байрам табригида илгари сурилган фикрлар, ўртага қўйилган ғоя ва вазифалар эса институт жамоасини янги марралар сари йўналтиради, деб ўйлаймиз.
Имкониятдан фойдаланиб институт жамоаси номидан барча ватандошларимизни мустақиллик байрами билан яна бир бор муборакбод этаман. Эзгу мақсадларни амалга оширишда куч-қувват тилайман!
Шарифбой ЭРГАШЕВ,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори