Бироқ маслакларидан қатъи назар, барча мутахассислар сиёсатда давлат арбоблари, ҳарб ишида саркардалар, илмда олимлар, маданиятда шоир, ёзувчи, санъаткорлар, иқтисодда сармоячилар, динда пайғамбарлар, авлиёлар туриш-турмушини ўрганади, қилган ишларини ё олқишлайди, ё қоралайди. Шахснинг тарихдаги ўрни масаласига бағишланган махсус изланишларнинг ўзи ҳам ҳар хил замонлардаги турли мутафаккирларнинг бу борадаги қараш ва назариялари муҳокамасидан иборатлиги кўзда тутилса, тарихий шахс омилидан ҳеч қанақасига юз ўгириб бўлмаслиги ойдинлашади.
Узоққа бориб нима қиламиз, сиёсий ўтмишимиз ҳақида сўз кетганда, тилимизга биринчи бўлиб келадигани буюк шахсларимиз эмасми Алп Эр Тўнга (Афросиёб), Томир хотун (Тўмарис), Широқ, Кужула Кадфиз, Канишка, Истами, Исмоил, Тамғачхон, Маҳмуд Ғазнавий, Султон Санжар, Султон Муҳаммад, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух, Абу Саъид, Шайбонийхон, Абдуллахон, Ялангтўш Баҳодир, Иброҳимбек, Маҳмудхўжа Беҳбудий...
Илм-фан ва маданиятда-чи? Ҳа, биринчи бўлиб Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Чағминий, Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Машраб, Увайсий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва яна кўплаб улуғларимизни эслаймиз.
Диний эътиқодимизнинг бой ва ранг-баранг тарихига гал келганда эса Зардўшт, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳовиддин Нақшбанд, Эшон Бобохон каби ўнлаб буюк шахсларни тилга оламиз.
Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Тошкент, Қўқон ва яна қатор кентларимиздаги юзлаб тарихий иморатлар таърифини, энг аввало, уларни қурдирган, бош-қош бўлган шахслардан бошлашимиз ҳам табиий ва зарурийдир.
Демак, тарих – бирор миллат ва давлат тараққиёт йўлини белгилашда улуғ шахсларнинг ўрни бўлган, бор ва бўлади! У ёки бу замонда кескин бурилиш, буткул ўзгариш ясаган кишилар фаолияти ўлароқ баҳолаганда эса тарихий босқичлар, янгиликларни буюк шахслар яратиши, айнан улар эл-юртни юксак марралар сари бошлагани, иложсиз туюлган чигалларни ечиб ташлагани, ҳеч ким кутмаган кашфиётлар қилгани аёнлашади. Бунинг исботи учун эса ўз ўтмишимизга бир сидра боқиш етарли.
Амир Темур – кишилик бошига не балоларни солмаган мўғулларнинг 150 йиллик умумжаҳон ҳукмронлигига чек қўйган, силласи қуритиб бўлинган давлатни улкан ва маданий салтанатга айлантиролган ва Темурийлар олтин даври – Иккинчи Уйғониш замони сингари барча томонидан тан олинадиган тарихий босқич негизини яратган буюк шахс.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур – жаҳон, айниқса, Ҳиндистон тарихида ўчмас из ва тенгсиз мерос қолдирган Бобурийлар цивилизациясининг асосчиси.
Жалолиддин Мангуберди – Чингизхон ва унинг галаларига бас келолган, ўн йилдан ортиқ муддатда мўғул босқинчиларига қаршилик кўрсатиб, уларнинг Ғарб томон юришига тўсиқ бўлолган бирдан-бир саркарда ва буюк арбоб.
Муҳаммад Хоразмий – жаҳон халқлари тарихида илк рақамлаштириш даври тамал тошини қўйиб берган даҳо.
Ибн Сино – тиббиётни назарий ва амалий жиҳатдан бир тизимга солган, соғлиқни сақлашнинг замонавий тузилиши пойдеворини яратган улуғ шахс.
Улуғбек – расадхона ва “Зиж” яратган астрономия асосчиларидан бири.
Алишер Навоий – шеърият мулкининг султони.
Имом Бухорий – муҳаддислар пешвоси.
Фаолияти натижалари ўз юрти чегараларидан ўтиб, бутун дунё рўшнолиги ва юксалишига татиган атоқли аждодларимиз рўйхати узунлиги маълум. Уларнинг тарихий хизматларини белгилаб берувчи омилларни ҳам биламиз: узоқ муддат ҳал этилмаган-этилолмаган, етилгану ечилолмаган, оғир ва хатарли муаммоларни бартараф этиш, неча-неча авлодлар армонини ушалтириш, миллий, минтақавий, умумжаҳон ҳамда бирор йўналиш эврилишининг кейинги сифат юксалишини таъминлаб бериш.
Шу ўринда бир гапнинг хонаси келди, деб биламиз. У ҳам бўлса, биз узоқ йиллар ўтмишимиз, жумладан, улуғ тарихий шахсларимиз билан фахрланиб келдик, уларни ибрат ўлароқ кўз-кўз қилдик. Бунга ҳақимиз ҳам, асосимиз ҳам бор, албатта. Шу билан бирга, энди воқелигимиз қадрини англаш, замондошларимиз билан ғурурланиш учун далилларимиз етарли, десак ошириб юбормаган бўламиз.
Гап шундаки, 2016 йил кузида бошланиб, салкам етти йилда бизнинггина эмас, балки бутун минтақамиз ва ундан-да кенгроқ доиралар ҳаёти, юксакроқ даражалар юриш-туришида бурилиш ясаган босқич – янги Ўзбекистоннинг тарихий моҳиятию келгуси таъсир кучини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Очиғини айтадиган бўлсак, бу чиндан ҳам буюк ва ҳал қилувчи ўзгаришлар шаштини тушириб, довруғини кесиб, аҳамиятини ерга уриш йўлида ҳар тарафдан кузатилаётган тизимли уринишлар тинмаётгани эса ушбу кучнинг қиммати ва заруратини оширса оширяптики, зинҳор камайтираётгани йўқ. Яъни янги Ўзбекистонга ҳеч ким бефарқ эмас, бефарқ бўлолмайди ҳам. Нега?
Биров буни тан олиши-олмаслигидан қатъи назар, етти йил бурун ўзбек жамиятида бошланган ҳар томонлама уйғониш ва яна юксалиш жараёни эртами-кеч олдинига бутун минтақа ва сўнг эса янада кўламлироқ маконга кўчиши турган гап эди.
Ўтган салкам етти йил – ўта қисқа муддатда мақтаса ва мақтанса арзигулик, кўпчиликни қувонтирадиган ютуқларга эришиб улгурилди. Бироқ ушбу марралар осонликча қўлга киритилди, деганлар адашади. Неча асрлик ғафлатчилик, 126 йиллик мустамлакачилик, чорак асрлик – олдинига ўта оғир шарт-шароитларда оёққа туриш, сўнг маҳдудлик ва турғунлик давру давронларини бошдан кечириб, неча-неча авлодлари улар асоратида “қовурилган” оммани яна улкан мақсадлар томон сафарбар этиш ўта қийин кечганини эсдан чиқаришга ҳақимиз йўқ.
Шу маънода табиий савол туғилади: янги Ўзбекистоннинг кучи нимада, уни олға бошлаган ва бошлаётган омиллар-чи?
Биринчидан, ниҳоят, ўзбек жамиятида ҳам росмана эркинлик пайдо бўлди. Уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлганимиз ҳолда давлатимиз доимо яккаҳукмдорлик негизида тузилиб келганини тан олишимиз лозим. Тўғри, бошқа халқлар ҳам узоқ асрлар шу йўсинда яшаб келган. Аммо улардан бир қанчаси инсон ҳақлари ва эркинликлари устувор тузум асосларини яратишга бел боғлаб, сўнгги икки-уч юз йилда ўта қийин, ҳатто фожиали йўлни босиб ўтиб, пировардида ўз мақсадларига эришиб, яшаш, шахс ва мулк дахлсизлиги, борди-келди, уй-жой, сўз, эътиқод, фуқаролик, мажбурий меҳнатга тортилмаслик сингари кўпдан-кўп ҳақ-ҳуқуқлар кафолатланган шароит ва муҳит ярата олди. Улар билиб-билмай шу тариқа инсон ва шахс омилини юзага чиқаролгани, охирги асрларда сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан, таълимдек ҳал қилувчи йўналишларда қўлга киритилган тенгсиз ютуқлари айнан унинг шарофати билан боғлиқлиги кўзда тутилса, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий туриш-турмушимизнинг барча йўналишларида силламиз қуриб бўлингани шароитида “узоқ йиллар онгли равишда онгсиз қилиб келинган” оммани уйғотган, янги Ўзбекистонни қуриш заруратига ишонтирган куч аёнлашади: эркинлик!
Чиндан ҳам, 2016 йил кузида туғилган, аниқроғи, узоқ йиллар билинар-билинмас етилиб келган ўта оғир вазиятда ўзгаришларга аллақачон тайёрлигини англаб-англолмаётган, бир ярим асрлик зўравонлик муҳитида туғилиб, суяги қотиб, юрагини олдириб қўйган, бироқ ҳар қандай тирик жон каби одамга ўхшаб яшаш майли ўлмаган жамиятимиз биринчи бўлиб қўлга киритган қудрат ва бойлик айнан умуммиллий эркинлик бўлганди! Таъбир жоиз бўлса, эркинлик янги Ўзбекистоннинг бисмиллосидир! Қайси йўналиш ва масалада бўлмасин, ўтган ўта қисқа муддатда эришилган ҳар бир катта-кичик марра, ютуғимиз, келажак мўлжалларимиз ижобатининг бош кафолати ҳам эркинлигимиздир!
Иккинчидан, ҳақлари тенг, имконлари турлича яратилган кишилик туғилибдики, адолат истаб келган. Бу йўлда не-не ишлар бўлиб ўтмади: динлар, давлатлар пайдо бўлди, буюк кўчишлару минглаб урушлар юз берди, адолат ҳақида ёстиқдек-ёстиқдек китоблар яратилди. Турмуш қандай кечмасин, эзгуликнинг ёвузлик, ростликнинг ёлғон, адолатнинг ҳақсизлик устидан ғалаба қозониши (Авесто), ўшандагина “фозил одамлар шаҳри” қурилиши (Абу Наср Форобий) ва шу тариқа демократия (юнон фалсафаси) яралиши ғояси, умиди ҳеч қачон сўнган эмас.
Илғор миллат ва давлатлар замонавий тушунчадаги демократия йўлидан шахдам юра бошлаганидан буён асрлар ўтаётгани шароитида биз узоқ вақт давлат ҳокимиятининг манбаи халқ, дейишдан нарига ўтолмадик. Аксинча, ундан ажалдан қўрққандек чўчиб яшадик. Оғизда демократия деб кўпирдик, турли нарсаларни баҳона қилиб, “демократияга ўтиш”ни пайсалга солдик. Шу тариқа, яқиндагина мустамлакачилар занжиридан қутулган халқимизни “мустақил ва демократик давлат” хизматкори – итоаткорига айлантирдик-қўйдик. Оқибати маълум: адолат кучда, ҳақиқат пулда бўлиб қолди.
Бугун кўпчилигимизнинг эсимиздан чиқиб улгурган, моҳият эътибори билан, бир ярим аср ичида кўникмага айланиб бўлган кечаги муҳит ва ёзилган-ёзилмаган тартиб-қоидаларни, ҳеч қурса, бир сидра ёдга олсак, 2016 йил кузининг ўрталарида янграган “бундан буён одамлар эмас, давлат одамлар хизматида бўлади” хитобининг тарихий ва миллий аҳамияти ҳар нарсадан улуғлиги аёнлашади. Негаки, 3000 йиллик давлатчилик тарихига эга миллат бўлиб, биз ҳам, ниҳоят, том маънодаги демократия – ҳокимият халқчиллиги босқичига қадам қўйдик.
Ойлигини ижро ҳокимияти белгилаб берадиган суд ҳокимияти, ҳокимга чой ташиш, вазирга хушомад қилишга ўргатилган қонунчилик ҳокимияти, маҳалласи оқсоқолини эплаб сайлаб ололмайдиган омма шароитида бирданига бутун давлат ҳокимияти тизимини одамлар хизматига сафарбар этишнинг мағзини энди-энди чақяпмиз: бусиз минг йиллар ичра суягию бети қотиб кетган яккаҳукмдорликдан очиқ жамият – демократияга ўтишнинг ўзга иложи йўқ экан. Акс ҳолда, илдизи чуқур эскича қараш ва кўникмалар тез орада ҳар қандай ташаббусни чиппакка чиқариши турган гап экан.
Энг олий ҳакам саналмиш вақт бундай – “ё бугун, ё ҳеч қачон” ёндашуви қанчалар тўғри қўлланганини исботлади. Агар эндиликда бутун диққат-эътибор давлат ва жамият бошқарувининг бирламчи бўғини – маҳаллага берилаётгани, сиёсий ҳаётимизнинг келажак арбоблари ҳам айнан шу босқич ва муҳитда “қовурилиб” чиқишлари кўзда тутилса, йиллар ўтгани сайин, ниҳоят, бизда ҳам тараққиётнинг ўзак мурвати – ҳар бир инсон ва жамият ўз аравасини ўзи тортиши қонуниятининг самараси билиниб бораверади. Зеро, ўзи манбаси бўлган давлат ҳокимиятини назорат қила олиш учун халқ, аввало, ўзини назорат қила олиши лозим бўлади. Охир-оқибат эркинлик аслида масъулият эканини англаб етади.
Учинчидан, янги Ўзбекистон яна бир улуғ ва инқилобий воқеаси билан ҳам тарихга кирди: чалакам-чатти эмас, росмана бозор иқтисодиётига ўтиш бошланиб, кишиларимизга эгалик ҳуқуқи қайтарилди.
Мустамлака даври ўз йўлига, бироқ ўз давлатимизда яшаб туриб ҳам ақлий ва моддий мулкимиз эртаси иккилик бўлиб қолганини ким билмайди дейсиз. Энг фожиалиси, ота-боболардан мерос қолган, пешона тери билан қурилган уй, ишбилармонлик йўли билан кўтарилган иморат бузиб ташланиши, топилган мол-мулк бир баҳона билан тортиб олинишига жамиятимиз кўникиб, давлатимиз ўрганиб қолганида эди. 30-40 йил меҳнат қилган инсон ўз қонуний пенсиясининг ярминигина олишга ҳақли бўлгани табиийлик касб этиб кетгани-чи?
Мазкурларнинг бари бугун ўтмишга – ёмон тушга айланди! Энг асосийси, 30 апрель куни барчамиз бир бўлиб тасдиқлаб берганимиз – янги таҳрирдаги Конституциямизга ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги борасидаги қоида киритилганини ҳар биримиз, келгуси авлод – миллий рўшнолигимиз учун қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди! Агар 100 йил бурун большевиклар ота-боболаримиздан худди шу – махлуқни инсон, подани жамиятга айлантирган омил – мулк ҳуқуқини тортиб олиб, миллионлаб кишиларни қул ва манқуртларга айлантирганларининг барча оқибатлари кўзда тутилса, бир аср бурун йўқотилган ушбу табиий ва тарихий ҳуқуқимиз қайтариб берилишининг аҳамияти яққол ойдинлашади. Янада чуқурлашсак, эгалик туйғуси бор инсонда иқтисодий қадр пайдо бўлади. Бундай туйғу ва қимматга эга кишиларнинг юрт ва миллат қайғуси даражаси ҳам ўзгача бўлишидан келиб чиқилса, гап моддиятдан-да кўра юксакроқ қадриятлар ҳақида экани аёнлашади, албатта.
Тўртинчидан, неча-неча авлод умрини беҳуда совурган, эндиликда қуруққина “мажбурий меҳнат” дея аталаётган бир асрлик занжирбандлик фожиасидан қутулганимизнинг аҳамиятини барчамиз ҳам теран англаймиз деёлмаймиз, афсус.
Мустамлака замонида пахта далаларида қулдек ишлатилганимиз табиий эди. Негаки, биз шунинг учун босиб олинган эдик! Жадидларимиз, қўрбошиларимиз – миллий истиқлол ва давлатчилик учун отланган буюк ва ботир аждодларимиз битта қўймай қириб ташланганининг бош сабаби ҳам аслида шунда эди. Зеро, қизил босмачилар давлатчилик, маънавиятчилик, маърифатчилик байроқлари ҳилпираб турган элни қул қилиб бўлмаслиги, бойликларни талашда давом этишнинг иложи йўқлигини жуда яхши билган.
Энг фалокатли ва ачинарлиси, мустақиллик йилларида ҳам ушбу сиёсат давом эттирилди. Мажбурий меҳнатсиз миллий иқтисодиётимизнинг сезиларли бўлаги саналмиш деҳқончилик тизимини тасаввур этиб бўлмай қолди. Харажатлари ҳам ичида бўлган пахтачиликнинг йиллик даромади атиги 1 миллиард доллардан ошмагани “уловидан тушови қимматга тушгани”га оид мақол учун ишончли мисол бўлиши ўз йўлига, аммо юз йиллик “мажбурий меҳнат”нинг миллатимиз зеҳниятига келтирган зарар ва асоратлари кўламини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Эртами-кеч уларнинг ҳисоб-китоби қилиниб борилгани сари мазкур офатдан қутулолганимизнинг аҳамияти ёрқинлашиб бораверади. Бугун узил-кесил айтишимиз мумкин бўлгани шуки, бир йилнинг тўққиз ойи таълимга тўғри келиши ва унинг тўрт-беш ойи далада ўтгани кўзда тутилса, ўзбекнинг сўнгги юз йилдан тўқсон йилининг ярми – қирқ беш йилнинг кули кўкка совурилгани маълум бўлади...
Бешинчидан, мусулмончилик ўчоғи, ислом динининг қуввати бўлмиш Туркистон юраги – Ўзбекистонда етти йил бурун эътиқод масаласи қандай эди? Кўча-кўйда ифторлик қилиш мумкинмиди? Ижтимоий тармоқларда жума, ҳайит байрамлари билан қутлашнинг имкони бормиди? Давлат хизматчиси масжидда эмин-эркин намоз ўқий олармиди? Ҳаж ва умрага юбориш ишларига мусулмончиликка ғирт тескари нарсалар аралашиб кетгани-чи?! Йигирма мингга яқин мусулмон-элдошимизнинг “қора рўйхат”да тургани-чи?!
Ислом динининг илмий асосларини яратган, мусулмончиликни турли ғоявий таҳдид ва бузғунчиликлардан асраб келган улуғ олимларимиз меросини росмана ўрганиш, оммалаштириш учун етарлича имкон ҳамда шароит бормиди?
Бугун-чи? Бугун Ўзбекистон мусулмонобод бўлди! Ислом дунёсидаги ўз тарихий ўрнини тиклай бошлади. Ислом динининг илмий асосларини яратиб берган буюк аждодларимиз хизматлари тизимли равишда юзага чиқарилмоқда, хотиралари абадийлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилмоқда. Ҳадисчилик, ақида, калом сингари тамал масалаларга қандайдир шубҳали мажбурият эмас, балки ғоявий зарурат ўлароқ қарала бошланди, улар бўйича росмана илмий марказлар ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, эътиқод эркинлиги ўзининг азалий табиийлигини тиклади, узоқ йиллар афюн ўлароқ санаб келинган дин шахс ва жамият камолоти ҳамда бирдамлигини таъминлашда самарали кучга айлантирилди. Шу чоққача ўрнашиб қолган бир фикр билан кириб, бошқача – ўзбекларнинг бу борадаги тенгсиз хизматларини англаб, “гап бу ёқда экан-ку” фикри билан чиқиб кетиши мўлжалланаётган Ислом цивилизацияси маркази эса имони бутун миллатимизнинг яратувчилик ва янгиланувчилик имконларининг ўзига хос ва далил-исботли кўргазмаси бўлишига шак йўқ!
Олтинчидан, минг йиллар ичра бизни кишиликнинг энг олди миллати ва давлатларидан бири ўлароқ юксалтириб, “эргашувчи эмас, эргаштирувчи халқ” мақомимизни кафолатлаб келган куч-қудрат билим ва илм эканини исботлашга ҳожат йўқ. Холис тан олганда, улуғ Амир Темур барпо этиб, Ўртаер денгизидан Хитой девори, Москвадан Деҳлигача ястанган улкан салтанат йўқ бўлиб кетгани ҳолда Соҳибқирон бобомиз асос солган, математика, геометрия, астрономия, адабиёт, санъат, меъморлик ривожи чўққисини ўзида мужассамлаштирган, кишиликнинг келгуси тараққиётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатган Темурийлар олтин даври бебаҳо мерос бўлиб қолди. Энг муҳими, шу тариқа миллатимиз истеъдоди ва давлатимиз имконлари кўлами қанчалар чексизлиги намоён бўлди, Туроннинг рақаботбардошлиги тикланди...
Кейинги асрлардаги сиёсий уқувсизлигимиз туфайли мазкур марраларни қўлдан бериб борганимиз оқибатлари ҳам маълум: олдинига учга бўлиниб кетган гўзал Туркистонимиз босқинчилар домига тушди. Аввалига босиб олинган ўлкалар аҳли маърифатчилигидан манфаатдормасликка йўғрилган мустамлакачилик сиёсати, сўнг эса “мажбурий меҳнат”нинг киши билар-билмас зуғуми остида кечган бир ярим аср “маза”сини бугун биров эсласа эслайди, бўлмаса, йўқ (нимагадир ёмон кунлар тез унутилар экан)...
2016 йил охирларига келиб, иқтисодий вазият жуда оғир, ижтимоий аҳвол ўта ачинарли бўлишига қарамай, Ўзбекистонда чиндан ҳам янгиланишлар даври бошланганини яққол кўрсатган илк йирик қадамлар илм-фанга эътибор ва ҳар қандай авлод зеҳниятининг “тошга ўйиладиган” палласи – мактабгача таълимни тубдан ўзгартириш билан боғлиқ бўлгани яхши маълум.
Таълим тизимини турли ҳаром-ҳаришлик ва “мажбурий меҳнат”дан тозалаш, олим ва ўқитувчи обрўсини тиклаш, даромадини бир неча баробар ошириш, илғор чет тажрибага росмана йўл очиш, таълим андоза ва талаблари, ўқитиш йўсинлари, ўқув адабиётларини бутунлай такомиллаштириш, хусусий таълимни изчил ривожлантириш, мактаб ва боғчалар қуришни замонавий асос ва мақсадга мувофиқ йўлга қўйиш, таълимда рақобат муҳитини яратиш борасида салкам етти йилда бажарилган, кечагина иложсиз, ҳатто тушдек туюлган тарихий ишлар Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари боболаримиз тажрибасидан ўтиб, ўзини оқлаган олтин қоида – “нажот – билимда”лигини исботлади.
Еттинчидан, янги Ўзбекистонда миллий-маънавий меросимиз ўзининг ҳаққоний эгаси – ҳар биримиз ва миллатимизга қайтариб олиб берилганининг қимматини сўз билан тушунтириш ўта қийин. 126 йил таланган, ўғриланган, бузилган, оёқ ости қилинган, буюк аҳамияти ерга урилган ушбу бисотимиз мустақил бўлиб ҳам илма-тешиклигича қолавергани, ҳар ёнга тортқилангани, айрим ҳолларда эса атайин юзага чиқарилмагани кўпчиликка аёнмасдир, бироқ биз буни жуда яхши биламиз. Қандайдир ўн-ўн беш йил бурун ёзилган мақолаларимиздаги “миллат” сўзи “халқ”, “жамият”, “одамларимиз” сингари атамалар билан алмаштириб қўйилганига бугун биров ишонади, биров эса йўқ. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби қатор жадидларимизнинг бино ички деворига қадаб қўйилган суратларига қарата, “йўқот буларингни”, қаҳрли буйруғи янгарганини эса кўпчилик билмайди. Ўттиз йиллар бурун “ўзбек давлатчилиги тарихи” мавзусини илмий асослашга киришганимизда, “ўзбек, давлатчилик?” дея истеҳзо қилганлари ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Неча йиллар юрагимизни қон, онгимизни карахтлаб келган шу янглиғ мисоллар бошқаларда ҳам йиғилиб ётганига шубҳа қилмаймиз.
Шу маънода, 3000 йиллик давлатчилик тарихимиз, битта миллат, битта давлатлигимиз далил-исботи – Мустақиллик ёдгорлиги туғилиши, мустамлака замони ўз йўлига, бироқ истиқлолдан кейин ҳам илмий ишлар, ўқув адабиётларига киритилмаган Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари ўзбек миллати ва давлатининг кишилик рўшнолиги йўлидаги тенгсиз хизматлари ўлароқ эътироф этилиши, ўта чуқур маънога эга “Темурбеклар мактаблари” тузилиши, эл-юрт озодлиги учун гулдек умри, ширин жонидан кечган минглаб аждодларимиз – миллий-озодлик ҳаракати қаҳрамонларию жадидлар қадр-қиммати тикланиши, давлат тилимиз мақомининг росмана юксалиши, миллий чолғучилигимиз илдизлари саналмиш бахшичилик, мақомчилик илмий асослари яратилиши, миллий киночилик ва театрчилик жонланиши, миллий ҳунармандликка ҳар томонлама куч бағишланиши, маданий бойлигимизни оғизда эмас, амалда асраш тизими йўлга қўйилиши, адабиёт ва санъат аҳлига росмана ғамхўрлик – барча-барчаси кечагина хомхаёл туюлган, бироқ қандайдир етти йилда бажариб улгурилган, жамиятимиз маънавий ҳаётини бугуни ва эртасини белгилаб берувчи улуғ тарихий ишлардир.
Саккизинчидан, кишилик туғилибдики, ўзбек давлати унинг кенг майдонларида от суриб келгани, дунёни бошқарган етакчи кучлардан бўлганини ҳеч ким инкор этолмайди. Аждодларимиз Шарқ ва Ғарб бозорларини боғлаб, Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда, оламни обод қилиб келган савдо аҳли саналгани, Самарқанд, Бухоро, Хоразм юз йиллар ичра жаҳоннинг сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий, диний марказлари ўлароқ тан олингани ҳақиқатига ҳам ҳеч ким қарши чиқолмайди. Минг афсуски, чиндан ҳам оламшумул мазкур марраларимиз чўпчакка айланиб, узоқ асрлар тараққиётдан ортда қолганимиз сабабини “буюк жуғрофий кашфиётларга” ағдариш, ташқи дунёга чиқиш, жумладан, денгизларга лангар ташлашни фақат тушда кўрадиган бўлиб, ўз қобиғимизда ўралашиб қолганимиз ҳам бор гап. Жаҳон казо-казолари у ёқда турсин, ҳатто қўни-қўшниларимиз, туркий, мусулмон, умуман, Шарқ аҳли билан ҳам оддийгина муомалани йўлга қўйолмаганимизни юртдошларимиз яхши билишига шубҳа йўқ.
Шу маънода, янги Ўзбекистонда юритила бошланган мутлақо янгича ташқи сиёсат туфайли кекса Турон-Туркистон – эндиги Марказий Осиёни тинчлантириб ва бирлаштириб, унинг халқаро муносабатлардаги азалий мавқеи тиклангани, Америкадан Япониягача улкан кенгликдаги минтақа ва давлат, сиёсий, иқтисодий, илмий-маданий ташкилотлар диққати ва манфаати яна ўзимизга қаратилаётгани, Ҳинд океани ва Хитой деворлари томон йўл очилаётгани, Туркий дунёнинг тарихий анъаналарига жон бағишланаётгани, Ислом оламидаги азалий мавқеимиз эгалланаётгани-ю, миллатлар ташкилоти минбарида илк бор Имом Бухорий номи тилга олингани, энг муҳими, сўнгги асрларда йўқотилган марраларимиз, бой берилган ҳақларимиз мақсадга мувофиқ ва ўта моҳирлик билан қайтариб олинаётганининг тарихий қиммати ва келгуси аҳамиятини қанча урғуласак, шунча оз.
Тўққизинчидан, бошқа тирикликлардан ўз устунлиги омили – ақлини қанчалар пешламасин, инсон табиат учун унинг бир бўлаги, холос. Табиат – тирикликнинг бош тузуки эса янгиланиб туришдир. Янгиланиш ёшаришдир. Ёшариш ўзгаришлардандир ва ўзгаришлардир. Бундай имкони сусайган, чекланган, тортиб олинган жамият йўқликка маҳкумдир. Ёшлари билим олиш, ўз устида ишлашга интилмаган, ҳаёт лаззатларига эришиш, турмуш муаммоларини ечишнинг бирдан-бир йўли пул ва куч, деб билган миллат не кўйларга тушиши мумкинлигига кечаги кунларимиз гувоҳ.
Шу маънода, давлат ва жамиятимизнинг сўнгги йиллардаги туриш-турмушининг қайси йўналишини олманг – сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий фаолиятнинг турли бўғин-поғоналарида етакчилик қилаётган, кеча тасаввур қилиб бўлмас марраларни забт этаётган, энг муҳими, миллатимиз обрўсини юксак тутиб бораётганлар ёшлар эканини илғаш қийинчилик туғдирмайди. Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон ёшлар ва чексиз имкониятлар юртига айланди.
Янги Ўзбекистон, унинг халқимиз ва давлатчилигимиз тарихидаги юксак ўрни ва тенгсиз аҳамияти ҳақида ҳали кўп ўрганишлар, таҳлил бўлиши аниқ. Бу борадаги қараш, ёндашувлар бир хил бўлмаслигини ҳам олдиндан чамалаш қийин эмас. Бироқ бир масалада бирдан-бир хулоса қилинишига иккиланмаймиз: 3000 йиллик миллий давлатчилик тараққиётида демократия, бозор иқтисодиёти, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятига асосланган янги Ўзбекистон асосчиси Шавкат Мирзиёвдир!
Халқига эркинлик берган, фуқароларининг ўз давлати, мол-мулки, миллий-маънавий мероси, диний эътиқодига эгалик ҳуқуқини кафолатлаган, уларни мажбурий меҳнатдан халос этган, юртдошлари онгига ҳар қандай муаммо ва офатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли билим эканини сингдирган, қитъаларни юрти манфаатлари атрофида бирлаштирган, жамиятнинг янгиланиш ва ёшариш қобилиятини тиклаган, шу тариқа барпо этилаётган буюк Ўзбекистони, миллати, халқи учун жонидан ҳам кечишга тайёр шахс Шавкат Мирзиёевдир!
Азамат ЗИЁ,
тарих фанлари доктори, профессор