Тошкентда 2 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди

    Бугун, 26 июнь куни кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида жами 2 тонна 158,4 кгдан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.

    Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида "26 июнь – Халқаро гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш" куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ташкил қилинди.

    Тадбир аввалида мавзу юзасидан брифинг ташкил қилиниб, унда республикада ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар бўйича журналистларга батафсил маълумотлар берилмоқда.

    БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним гиёҳвандликка қарши кураш йўналишида Ўзбекистонинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

    Суднинг тегишли қарорига кўра кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида 2 тонна 158,4 кгдан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

    Гиёҳвандлик воситаларини ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилиш тадбирида

    махсус печ орқали қуйидаги наркотик моддалари ёқиб юборилди.

    — 37 кг 567,58 гр героин;

    — 184 кг 697,11 гр опий;

    — 413 кг 834,34 гр гашиш;

    — 28,58 гр кўкнор бошоғи;

    — 95 кг 924,44 гр кўкнор сомони;

    — 11 кг 262,76 гр кўкнор ўсимлиги кўсаклари,

    — 424 кг 708,92 гр марихуана ўсимлиги;

    — 961 кг 386,86 гр каннабис ўсимлиги;

    — 18,73 гр каннабис мойи;

    — 347,85 гр тетрагидроканнабинол;

    — 6,48 гр кокаин ҳамда турли хилдаги психтроп ва психофаол моддалар, синтетик гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди.

    Маълумот ўрнида, божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2023 йилда амалга оширилган тадбирлар натижасида аниқланган жами 785 та ҳолатда 9 тонна 179,4 кг гиёҳвандлик воситалари, 17 772 дона психотроп моддалар, 827,3 гр прекурсорлар ҳамда 197 594 дона ва 109 кг 170,353 гр кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилинган.