Тошкентда «Биз ботаника боғи тозалиги тарафдоримиз!» акцияси ўтказилди

    Жорий йил 21 апрелда «Юксалиш» ҳаракати ва Ботаника боғи ходимлари эколог фаоллар, ННТлар вакиллари билан ҳамкорликда ҳамда Golden House, Huawei ва GROSS компаниялари кўмагида «Биз Ботаника боғининг тозалиги тарафдоримиз!» акцияси ташкил этилди.

    Ботаника боғига кўплаб инсонлар шаҳар шовқинидан дам олиш, яшилликдан баҳраманд бўлиш учун келади. Бироқ тозаликка риоя қилмаслик, ҳудудда чиқиндиларни қолдириб кетиш ҳолатлари учраяпти.

    Акциядан мақсад – чиқинди муаммосига эътибор қаратиш ва Ботаника боғининг аҳамиятини эслатиш. Бу чиқинди ташлайдиган жой эмас, балки илмий мажмуадир.

    Акцияни мактаб ўқувчилари, талабалар, волонтёрлар ҳам қўллаб-қувватлади. Энг фаол иштирокчиларга эко акция шиори ёзилган сумкалар ва эсдалик совғалари топширилди.

    — Ботаника боғини чиқиндидан тозалаш акциясининг ташкил этилгани нафақат яшил ҳудуд қиёфасини яхшилашга, балки экотизимни сақлашга ҳам ёрдам беради. Ботаника боғи тоза бўлса, бу — нафақат гўзаллик, балки пойтахт аҳолиси ва ташриф буюрувчилари учун саломатлик, тоза ҳаво демакдир. Қолаверса, акция иштирокчиларда экологик масъулиятни оширишга ҳам ёрдам беради. Шунингдек, ушбу тадбир доирасида Ботаника боғида ҳаракатланиш қоидалари акс эттирилган ахборот белгилари ҳам янгиланди, – деди «Юксалиш» ҳаракатининг Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Саида Мустафоева.

    — Биз Ботаника боғи ҳудудида жуда кўп пластмасса идишлар борлигини кўрдик, улар табиатга жуда зарарли. Бугун акцияда қатнашиб, боғ ҳудудини ушбу чиқиндилардан тозалашга ҳисса қўшдик. Боғ ходимларидан ҳам миннатдормиз, улар дарахтлар ҳақида маълумотлар бердилар, шунингдек, бу ерга ташриф буюрувчилар келтириши мумкин бўлган зиёнлар ҳақида гапирдилар. Тадбир нафақат экологик, балки маърифий аҳамиятга эга бўлди, — деди IT Community of Uzbekistan вакили Валентина Устинова.

    Атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш муҳим, шунингдек, шаҳримизнинг табиатини асраб-авайлашда биргаликда ҳаракат қилиш зарур.

    Маълумот учун: Ботаника боғида 4 500 дан ортиқ турдаги дарахтлар, гуллар ва бошқа ўсимликлар мавжуд. Бу ерда Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америка ва Европа, Кавказ ва Узоқ Шарқ флорасининг хилма-хиллигини акс эттирувчи бир нечта ландшафт зоналари бор. Бу – оилавий, жамоавий сайр қилиш учун ажойиб жой, лекин табиат учун масъулиятни ҳам унутмаслик керак.

    «Юксалиш» ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates